Кабарда-Болқориянинг Безенги дарасида қор кўчкиси оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди. Қор кўчкиси 6 сентябр куни кечқурун Мижирги тоғида рўй бериб, тоғ ёнбағрида бўлган 33 нафар алпинист кўчки остида қолган. Шундан ўн киши мустақил равишда пастга тушишга муваффақ бўлган. Яна олти киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган. 9 сентябр куни тонгидаги ҳолатга кўра, ФВВ қутқарувчилари ҳалок бўлган 13 нафар алпинистнинг жасадини топган, яна тўрт кишини қидириш ишлари давом этмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «хавфли нотекис рельеф» ва такрорий кўчки рўй бериши эҳтимоли қутқарувчилар ишини қийинлаштираётганини маълум қилган.

«Коммерсант» манбаларига кўра, кўчки оқибатида Росгвардия ва бошқа кучишлатар тузилмаларнинг Безенгига тоғ тайёргарлиги бўйича йиғинга келган 12 нафар жангчиси ҳалок бўлган. Shot ва Baza телеграм-каналлари қурбонлар орасида Росгвардиянинг «Витяз» махсус топшириқли элита бўлинмаси жангчилари ҳам бўлганини хабар қилди. Идорадагилар қурбонларнинг бир қисми Росгвардияда хизмат қилганини тасдиқлаган, аммо «Витяз» жангчилари ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.

Кўчки чоғида петербурглик 70 ёшли алпинист Алберт Изотов ҳам ҳалок бўлган. Россия алпинизм федерацияси (ФАР) у дарага инструктор сифатида боргани ва кучишлатар тузилмалар вакилларини тайёрлаш билан шуғулланганини маълум қилган. Қор кўчкиси содир бўлган пайтда Изотов бошчилигидаги гуруҳ машғулот ўтказаётган эди. «Илгари ҳеч қачон бунча катта қор тушмаганди. Бунча қор музликдан ошиб ўтиб, машғулот ўтказаётган гуруҳ устига тушди», – дейди федерациянинг спорт алпинизми қўмитаси раиси Александр Яковенко.

Безенги дарасидаги фожиа 2002 йилда кичик Сергей Бодровнинг суратга олиш гуруҳи ҳалок бўлганидан бери Россия тоғларида содир бўлган энг йирик шу каби ҳолат бўлди. Ўшанда Шимолий Осетиянинг Кармадон дарасида «Связная» филмининг суратга олиш гуруҳи лагерини қор босиб қолганди. Бунинг оқибатида камида 125 киши, жумладан, актёрнинг ўзи ҳам ҳалок бўлганди. ТАСС агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 25 йил ичида Россия тоғларида бир гуруҳ инсонлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ тўртта ҳолат рўй берган.

Тергов қўмитаси лоқайдлик бўйича жиноий иш қўзғатди, иш билан ҳарбий терговчилар шуғулланмоқда. Алпинизм федерациясидагилар йиғинларда тажрибали алпинистлар иштирок этгани ва машғулотлар жойи хавфсиз ҳисобланганини таъкидлаган. «Мен учун бу ерда қандай лоқайдлик борлиги аниқ тушунарсиз. Бундай тадбирларни ўтказиш доирасида зарур бўлган барча ишлар тўғри амалга оширилганди», – деди федерация вакили Александр Яковенко.