Жаҳон | 10:42 / 23.09.2023
9716
3 дақиқада ўқилади

ISW: «ФСБ» Росгвардиянинг «Вагнер» исёнидаги иштирокини текширмоқда

«ФСБ» Росгвардия юқори мартабали амалдорларининг «Вагнер» ХҲК исёнида иштирок этгани эҳтимолини текширмоқда, деб хабар беради ISW «ВЧК-ОГПУ» Telegram-каналига таяниб. Айтилишича, «вагнерчилар»га гўёки Росгвардия омборларида қурол яшириб қўйишга рухсат берилган.

Фото: Alexander Shcherbak/TASS/dpa/picture alliance

Россия Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») Россия гвардияси (Росгвардия) юқори мартабали амалдорларининг Евгений Пригожин ва «Вагнер» ХҲК исёнида иштирок этган бўлиши мумкинлигини текширмоқда - бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) 22 сентябр, жума куни хавфсизлик кучларига яқин бўлган рус тилидаги «ВЧК-ОГПУ» аноним Telegram-каналига таяниб хабар берди.

Ушбу каналдаги маълумотда таъкидлашича, «ФСБ» Росгвардия мансабдор шахсларига вагнерчиларга снарядлар ва жиҳозларнинг «муҳим қисмини» Россия гвардияси омборларида яширишга рухсат берганидан кейин тергов олиб бормоқда. Бу келишувга исён тугагандан сўнг, ХҲК ёлланма аскарлари қуролсизлантирилиши керак бўлган пайтда эришилган. 

«ВЧК ОГПУ» Росгвардия полигонларидан бири яқинида, Казачий Стан аҳоли пункти ҳудудида бундай «захира» яратилганини «аниқ билади». Махфий жойга тўрттагача йирик контейнерда ҳарбий техника олиб борилган, схемани эса Россия гвардияси томонидан генерал унвонига эга бўлган Роман исмли шахс бошқарган, дейилади ушбу Telegram-канал маълумотида.

«Вагнер» собиқ бўлинмалари Росгвардияга ўтказиладими?

«ISW’га кўра, «Вагнер» ХҲК исёнидан сўнг Кремл дарҳол Россиянинг ички хавфсизлик аппаратини Росгвардия атрофида бирлаштиришга ҳаракат қилган», - дея таъкидланади Урушни ўрганиш институти шарҳида. «Вагнерчилар»нинг исёнидан кейин Росгвардия танклар ва оғир қуролларни қабул қилиб олиши маълум бўлди.

Бундан ташқари, 21 сентябр куни Россия парламентида Росгвардияга ўз таркибида кўнгилли тузилмаларга эга бўлишига рухсат берувчи қонун лойиҳалари пакети ишлаб чиқилгани маълум бўлди. Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, «Ягона Россия» депутати Александр Хинштейннинг айтишича, бу ташаббуснинг «Вагнер» ХҲК собиқ бўлинмалари Росгвардияга ўтказилиши ҳақидаги миш-мишларга «ҳеч қандай алоқаси йўқ». 

Мавзуга оид