7 сентябр куни Фарғона вилояти Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси болаларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўлимининг катта ҳамшираси Одина Имомова қўл остида ишловчи 4 нафар ходимини ўз хонасига олиб кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олиб, уларга пичоқ билан ташланади. Юрак қисмидан пичоқланган фаррош воқеа жойида ҳалок бўлган. Бошқа ҳамширанинг 5 жойига пичоқ санчилган, яна икки ҳамширанинг тана аъзоларига турли даражада жароҳат етказилган. Kun.uz ҳодиса тафсилотларини ўрганди.
7 сентябр куни Фарғона вилояти Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси болаларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўлимининг катта ҳамшираси Одина Имомова қўл остида ишловчи 4 нафар ходимини ўз хонасига олиб кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олиб, уларга пичоқ билан ташланади. Бир киши воқеа жойида вафот этган, уч ходим турли даражада тан жароҳатлари олган, улардан бирининг аҳволи оғир.
Суриштирувдан маълум бўлишича, қотилликка қўл урган катта ҳамшира Одина Имомова икки турмушидан ҳам ажрашган. Кекса онаси ва бир ўғли бўлган. У воқеа содир бўлишидан аввал ҳам бошқа бир фуқарони пичоқлаб қўйиб жазо муддатини ўтаб чиқиб, Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмасига ишга қайта тикланган. У қотиллик юз беришидан аввал уй олиш учун ўз номига кредит расмийлаштириб, пичоқлаган ҳамшираларни кафиллик шартномасига имзо чекишга мажбур қилган.
Ойлиги тушишини банкоматда кутарди...
Турмуш ўртоғим Лолахон Исмоилова беш жойидан пичоқ “еб” реанимацияда ётибди. Икки марта жарроҳлик амалиётини ўтади. Қотилликка қўл урган катта ҳамшира Одина Имомованинг қилиқларидан ишхонадагилари безиб кетган эди. Турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилса, дам олиш куни бўлишига қарамай, қўрққанидан қаерда бўлишидан қатъий назар ёнига дарров етиб борарди.

Қаердан келяпсан десам, Одинахон билан у ёққа бордик, бу ёққа бордик, иш буюрса бирга бормасам бўлмайди, биласиз-ку муттаҳамлигини, кейин тинч қўймайди-да, бормасам бўлмасди-да, деб кўп гапирарди. У ишчиларига доим тазйиқ ўтказиб келган. Қизим ҳам ўша ерда ишлайди. Қизимга ҳам дўқ-пўписа қилиб юрган. Ўша куни қизимни ҳам ўз хонасига чиқартирган, бормагани учун омон қолди.
Катта ҳамширанинг бир ўғли ва кекса онаси бор. Ўша кекса онасига ҳам қарагани борарди аёлим. Қарашга мажбурларди-да... Хуллас, ҳамма қўрқарди ундан.

Ўша куни ҳар бирингга 200 доллардан пул бераман, деб ҳамшираларни хонасига олиб кириб, эшикни ичкаридан қулфлаган. Биринчи бўлиб турмуш ўртоғимнинг бош қисмига пичоқ урган. Кейин бўйнига солган. Қочишга уринганда орқасидан яна бир марта урган. Эшикни очаётган пайтда орқа томондан яна бир марта пичоқ урган. Қўли билан қаршилик қилаётган пайтда қўлига ҳам урган. Эшикни очиб қочиб чиқиб кетишга уринган бўлган-да турмуш ўртоғим.
Фаррош бўлиб ишловчи Ҳаётхон Нажмиддинованинг юрагига пичоқ урган. У воқеа жойида ҳалок бўлган. Хонадан қочиб чиқишга уринган ҳамшираларнинг орқасидан қувлаб бориб пичоқ санчган. Турмуш ўртоғим қонга беланган ҳолда юқори қаватга қараб чиқишга уринган...
Катта ҳамшира қилар ишни қилиб қўйиб, қонга беланган қўлини ювиб, ҳеч нарса бўлмагандек “маршрутка”га ўтириб, воқеа жойидан ғойиб бўлган....
Катта ҳамшира Одина бу воқеа бўлишидан аввал ҳам кимнидир пичоқлаб қўйиб қамалиб чиққан эди. Бундай руҳий носоғлом аёл қандай қилиб тиббиёт соҳасида ишлаб юрибди, ҳайронман...

Ўша қотил аёл кредитга уй олиш учун турмуш ўртоғим ва яна ўша ерда ишловчи уч-тўрт нафар ҳамширани кафил бўлишга мажбурлаган. Турмуш ўртоғим кафил бўлгани учун ойлиги тушадиган куни безовта бўлиб пластикдан пулимни ечиб олмасин деб кунни банкоматда ўтказарди. Тазйиқда, қўрқувда ишлаб юрганда турмуш ўртоғим.
Ўша аёл телефон қилса, турмуш ўртоғимнинг тўсатдан рангги ўзгариб қўрқиб кетарди. Ким у сенга? Нега қўрқасан, десам, нима бўлгандаям бошлиғимиз-да, дерди. Энг даҳшатлиси, юрагига пичоқ санчиб ўлдирган фаррош Ҳаётхонни дам олиш куни бўлишига қарамай уйидан хонасига чақиртириб олган. Қизим ҳам айнан ўша бўлимда ишлайди. Ўша куни қизимни ҳам чақиртирган экан. Қайнонаси рози бўлмагани учун бормаган. Қизим бир ўлимдан қутулиб қолди”, дейди реанимацияда қолаётган ҳамшира Лолахон Исмоилованинг турмуш ўртоғи Валижон Мамадалиев.
Валижон Мамадалиевнинг келини ўзи ҳам қотиллик юз берган бўлимда ҳамшира бўлиб ишлагани, Одина Имомова қўл остидаги ходимларини тўплаб октябр ойида пенсияга чиқиб кетиши, ишдан кетишдан аввал бўлимни “қуритиб” кейин кетиши ҳақида тез-тез айтиб келганини маълум қилди.

Ҳамшира руҳий касалликлар бўлимида рўйхатда турмаган
“Қотилликни амалга оширган ҳамшира шифохонамизда салкам 30 йилдан бери ишларди. Аввал у аёл билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кузатилмаган. Ходимларни бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтказамиз. Текширув натижасига кўра, ҳамма кадрлар соғлом деб хулосалар берилган. Катта ҳамшира руҳий касалликлар бўйича шуғулланадиган шифокоримизда ҳам рўйхатда турмаган.
Ўша куни воқеани эшитиб бўлимга кирганимда хоналар очиқ ҳолатда эди. Жабрланганларни олиб чиқиб кетишаётган экан. Қотилликни содир этган ҳамшира ташқарига қочиб чиқиб кетган экан. Дарҳол ушлаб келишди”, дейди Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Хуршид Тешабоев.

Қўштепа тумани кўп тармоқли поликлиникаси психиатри Бахтиёр Аббосовга кўра, катта ҳамшира Одина Имомовада руҳий хасталик ҳолати бўлмаган. У бирор марта соғлигидан шикоят қилиб мурожаат қилмаган.
Ҳамширалардан бири жонлантириш бўлимида, икки ҳамширанинг ҳолати қониқарли...
“7 сентябр куни соат 16:30 лар чамасида бўлимимизга ўткир буюмдан жароҳат олган уч нафар бемор келди. Икки беморнинг ҳолати қониқарли, ўрта оғир ҳолатда эди. Беморларга биринчи ёрдам кўрсатилган, бирламчи жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, жарроҳлик бўлимига ўтказилди.
Беморларимиздан бири тезкор давога муҳтожлиги сабабли операция хонасига олинди. Операциядан кейин беморни реанимация бўлимига ўтказдик. Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли, ўрта оғирликда, яъни ўтказилган операцияга, ташхис оғирлигига мос.
Ҳолати қониқарли икки ҳамшира масаласига келсак, пичоқ ҳамширалардан бирининг чап кўкрак безига теккан, лекин кўкрак қафасини тешиб ўтмаган. Иккинчиси, чап кўкрагининг орқа қисмига етказилган тан жароҳат, ўткир буюмдан етказилган тан жароҳат. У ҳам кўкрак қафасига тешиб ўтмаган тан жароҳат. Бирламчи жарроҳлик амалиётини ўтказдик, ҳозирда беморлар антибиотикларни, керакли муолажаларни оляпти. Реанимацияда ётган бемор чап кўкрак қафасининг орқа қисмидан ва чап белнинг пастки қисмидан жароҳат олган. Оператив даво ўтказилган. Операциядан кейинги ҳолатлари ўтказилган ташхис оғирлигига мос”, дейди Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси хирургия бўлими бошлиғи Икромжон Маматов.

Одина Имомова бундан бир неча йил аввал Zoʻr TVʼнинг “Ёр-ёр” лойиҳасида иштирок этиб, ўзига муносиб турмуш ўртоқ излаётгани, уй олиш учун субсидия ололмагани ва бунинг ортидан кредитга уй олиб, қарзни ойма-ой тўлиб келаётганини маълум қилган.

Ҳолат бўйича Қўштепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) иккинчи қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Одина Имомова эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.














