АҚШда доимий талаб юқори касб эгаларидан бири – ҳамшира ва шифокорлар. Бироқ, Америкага инглиз тилини биладиган, соҳасининг етук билимдони ва профессионал тиббиёт ходимлари керак. Korn Ferry вакилларига кўра, ҳамширалар ва ёрдамчи клиник-техник мутахассисларга эҳтиёж ростдан ҳам йилдан-йилга ошмоқда. Компания бу борада Ўзбекистон билан мулоқотга тайёрлигини билдирган.

Консулхона мулоқотда Ўзбекистоннинг ташқи меҳнат миграцияси географияси, мақсадли кадрлар тайёрлаш ва уларни хорижда ҳимоя қилиш бўйича вакилларни атрофлича таништирган.

Музокаралар якунида Korn Ferry салоҳиятли иш берувчиларнинг кадрларга бўлган аниқ эҳтиёжи, талаб қилинадиган мутахассисликлар, номзодларнинг малака даражаси ва тайёргарлик мезонларини ўрганишига келишилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШдаги ҳамшираларни тайёрлаш тизимлари ўртасидаги тафовутларни, жумладан, тил, клиник тайёргарлик, малакани тан олиш, лицензиялаш ва иммиграция талабларини қиёсий таҳлил қилиш режалаштирилади.

Томонлар лойиҳани дастлаб кичик пилот гуруҳ билан бошламоқчи, натижалар ва АҚШ иш берувчиларининг талабидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ҳамшираларни жалб этиш кўлами кенгайиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 1969 йилда Лос-Анжелесда ташкил этилган Korn Ferry бугун 50 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритади. Компания ташкилотларни ривожлантириш, раҳбар ва мутахассисларни танлаш, халқаро ва оммавий кадрлар ёллаш ҳамда инсон капиталини бошқаришга ихтисослашган.