«Бойсун дўпписи» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
У Бойсун тумани ҳудудида қадимдан тикиб келинадиган миллий бош кийимлардан бири ҳисобланади. Дўппи думалоқ шаклда бўлиб, пилтадўзи услубидаги кашталар билан безатилади.
«Бойсун дўпписи» бошқа миллий бош кийимлардан ўзига хос пилтадўзи кашта услуби, геометрик нақшлари, ёрқин ранглар уйғунлиги ва анъанавий тикиш усуллари билан ажралиб туради.
Уни безашда чилхол, чаёнгул, қўчқоршохи, арча ва кўзача каби анъанавий нақшлардан фойдаланилади.
Дўппининг географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши маҳсулотнинг айнан Бойсун ҳудуди билан боғлиқ хусусиятларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, «Бойсун дўпписи» номининг ҳуқуқий муҳофазаси таъминланиб, унинг анъанавий хусусиятлари ва ишлаб чиқариш усулларини сақлаб қолиш учун қўшимча ҳуқуқий асос яратилади.
Бу Бойсун ҳунармандчилиги маҳсулотини Ўзбекистон ва халқаро бозорларда тарғиб қилиш имкониятларини ҳам кенгайтириши кутилмоқда.
Маълумот учун, географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян сифати, обрўси ёки бошқа хусусиятлари маълум бир географик ҳудуд билан боғлиқлигини кўрсатувчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.

















