«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов Хитой Миллий нефт корпорацияси таркибидаги «ССДС» бурғулаш компанияси вакиллари билан Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конида юзага келган техноген аварияни бартараф этиш ишларини жадаллаштириш масаласини муҳокама қилди.

“Томонлар аварияни бартараф этиш бўйича амалий ишларга тезкор киришиш учун барча тайёргарлик жараёнларини қисқа муддатларда якунлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Хусусан, махсус бурғулаш дастгоҳлари, юқори босим шароитида ишлашга мўлжалланган технологик ускуналар ҳамда зарур техник воситаларни объектга етказиб келиш, малакали мутахассислар ва муҳандислик гуруҳларини жалб этиш, лойиҳа ва муҳандислик ечимларини якунлаш ҳамда қутқарув-бурғилаш ишларини ўз вақтида бошлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди”, дейилади «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати хабарида.

Фото: Экология қўмитаси

Шунингдек, амалга оширилаётган ишларнинг ҳар бир босқичини мувофиқлаштириш, техник ечимларни тезкор қабул қилиш ва лойиҳани белгиланган муддатларда амалга ошириш учун икки компания мутахассислари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Апрел ва май ойларида Бойсундаги М25 конидан ер юзасига нефт чиқиши кузатилганди.