15 август куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидаги авариявий қудуқни ёпиш бўйича амалий ишлар расман бошланди.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Хитой Миллий нефт корпорацияси таркибидаги CCDC бурғулаш компанияси вакиллари мазкур конда юзага келган техноген аварияни бартараф этиш ишларини жадаллаштириш масаласини муҳокама қилганди.

Абдуғани Сангиновга кўра, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидаги авария оқибатларини 2027 йилнинг биринчи ярмида тўлиқ бартараф этиш режалаштирилган.

2024 йилнинг 1 сентябр куни Бойсун тумани Кофрун шаҳарчаси таркибидаги «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конига қарашли 604-қудуқда бурғилаш ишлари вақтида водород сулфиди (олтингугурт) гази сизиб чиқа бошлаган, 2 сентябр куни Кофрун аҳолиси эвакуация қилинган эди.

Аммо конни ёпишнинг имкони бўлмади, 17 сентябр куни навбатдаги авария рўй бериб, 4 киши ҳалок бўлиб, 11 киши жароҳатланган.

2025 йил 27 март куни конда яна портлаш бўлди. Энергетика вазирлиги табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилганини маълум қилган.

24 апрел куни телеграм-каналларда газ чиқаётган 202-қудуқнинг туйнуги ўз-ўзидан ёпилиб қолгани ҳақида видео тарқалган. 5 май куни ушбу қудуқда такрорий портлаш юз берган.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил февралида Сурхондарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда конда юз берган авария тўхтатилишини маълум қилганди.