46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўтказилмоқда. 15 сентябр куни унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, 16 сентябрдан эса асосий баҳслар — биринчи тур ўйинлари бошланди.

Олимпиаданинг расмий очилиш маросимидан аввал халқаро матбуот анжумани ўтказилди.

Унда FIDE президенти вазифасини бажарувчи Вишванатан Ананд, Ўзбекистон шахмат федерацияси биринчи вице-президенти Алишер Саъдуллаев, шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари журналистлар саволларига жавоб берди.

Ўзбекистон учун бу Олимпиада оддий мусобақа эмас. Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида жаҳон шахматининг энг йирик жамоавий турнири, Парашахмат олимпиадаси ва FIDE Конгрессини қабул қилмоқда.

Бу йилги Олимпиада иштирокчилар ва жамоалар сони бўйича рекорд кўрсаткични қайд этмоқда. Мусобақада жами 397 та жамоа, жумладан, эркаклар гуруҳида 207 та ва аёллар гуруҳида 190 та жамоа ғолиблик учун баҳс олиб боради. Беллашувларда 1970 нафар шахматчи, шу жумладан, 238 нафар гроссмейстер иштирок этмоқда.

Шу куни кечқурун 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантана Самарқанддаги «Silk Road» халқаро туризм марказида ўтказилди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олимпиада иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Очилиш маросимида халқаро шахмат ташкилотлари вакиллари, хорижий делегациялар, миллий терма жамоалар ва спорт жамоатчилиги иштирок этди.

16 сентябр куни Самарқандда биринчи тур ўйинлари бошланди.

Биринчи турда рамзий биринчи юришни беш карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд амалга оширди. У Нодирбек Абдусатторов ва Ямайка вакили Жошуа Кристи ўртасидаги партияни бошлаб берди.

“Ушбу Олимпиада Ўзбекистон мезбонлик қилаётган учинчи юқори даражадаги FIDE тадбири ҳисобланади. Айниқса, очилиш маросимидаги самимий муҳит ва ўзига хос ёндашув менда катта таассурот қолдирди. Унда Ўзбекистон маданияти, замонавий технологиялар ва мамлакат руҳи намойиш этилди. Қолаверса, биринчи юришнинг белгиланган вақтда амалга оширилгани ҳам ташкилотчиликдаги юқори даражани кўрсатди.

Мен учун энг муҳим жиҳатлардан бири - Паралимпиаданинг асосий шахмат Олимпиадаси билан бир вақтда ўтказилаётганидир. Бу, менимча, келажакдаги Олимпиадалар учун ҳам янги мезонни белгилайди. FIDE учун шахмат фақат профессионал мусобақа эмас, биз уни таълим ва ижтимоий интеграция воситаси сифатида ҳам ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз”, - деди FIDE бошқарув кенгаши раиси ўринбосари Dana Reizniece.

Биринчи турдан кейин шахматчилар ўз таассуротларини билдирдилар.

«Мен Индонезия аёллар ўртасидаги амалдаги чемпионман. Бугун биринчи тахтада ўйнадим ва ғалаба қозондим. Энг қувонарлиси, жамоамиз Шарқий Тиморга қарши тўртала тахтада ҳам ғалаба қозонди.

Бу менинг биринчи Олимпиадам. Шунинг учун бу ерда иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Ўзбекистонга ҳам биринчи марта келишим. Самарқанднинг меъморчилиги, таомлари ва маданияти менга жуда ёқди. Одамлари ҳам жуда яхши ва меҳмондўст экан.

Олдинда ҳали икки ҳафта бор. Самарқандни кўпроқ кашф қилишни ва дунёнинг турли мамлакатларидан келган шахматчилар билан танишишни интиқлик билан кутяпман”, - деди Diajeng Tereza Singgix.

“Бу сафар бизда аёллар жамоаси ҳам анча кучли таркиб билан қатнашяпти. Олимпиадага жиддий тайёргарлик кўрдик. Рақибларимиз ҳам жуда кучли, хусусан, АҚШ, Қозоғистон, Грузия жамоалари катта тажрибага эга, деб ҳисоблайман. Лекин жамоамиз ёш бўлишига қарамасдан, яхши натижалар кўрсата оламиз, деб ўйлайман”, дейди Гулруҳбегим Тоҳиржонова.

Биринчи тур Ўзбекистон жамоалари учун ғалаба билан якунланди. Аммо Олимпиадада ҳали олдинда ўнта тур бор. Самарқандда дунё шахматининг энг катта жамоавий баҳси давом этар экан, энди ҳар бир партия, ҳар бир очко ва ҳар бир юриш тобора муҳим аҳамият касб этади.

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси 27 сентябрга қадар давом этади.