ЎзА хабар беришича, «Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш» мавзусидаги халқаро тадбир Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари, генерал-полковник Б. Қурбонов раислигида ўтказилмоқда.
Учрашув аввалида президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро мулоқот иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.
«ШҲТ плюс» форматида хавфсизлик масалалари бўйича экспертлар мулоқотини ташкил этиш ташаббуси Шавкат Мирзиёев томонидан илк бор 2024 йилда Остона шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида илгари сурилган.
2025 йилда Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида эса мазкур форматдаги биринчи экспертлар мулоқотини Самарқандда ўтказиш таклиф этилган.
Халқаро учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва мулоқот бўйича ҳамкорларнинг махсус хизматлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, халқаро ташкилотлар мутасаддилари ва таклиф этилган меҳмонлар иштирок этмоқда.
Мулоқотнинг асосий мавзуси рақамли трансформация ва янги технологиялар ривожи шароитида терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашишдан иборат.











