АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқида Қўшма Штатлар 3 ноябр куни бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан сўнг Эрон билан тинчлик шартномасини имзолаши мумкинлигини билдирди.
Трамп ўз нутқида Украинадаги уруш, Куба тақдири ва Гренландия бўйича янги келишувга ҳам тўхталиб ўтди, шунингдек, сунъий интеллект номини ўзгартиришни таклиф қилди.
«Ўйлайманки, биз [Эрон билан] келишувни сайловдан сўнг дарҳол тузамиз, чунки улар буни тузмаслигидан маъно йўқ. Улар оралиқ сайловларда ишларим қандай кечишини кутишмоқда», – деди Трамп.
Теҳрон Трампнинг баёнотига изоҳ бермади, бироқ Америка раҳбарининг ўзи нутқидан сўнг АҚШ ва Эрон расмийлари Ню Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида учрашганини айтди (Financial Times маълумотларига кўра, бу томонларнинг июн ойи охиридан бери илк учрашуви бўлди).
Учрашувда Вашингтондан Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер, Теҳрондан эса ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи қатнашган. Музокаралар аввалгидек воситачилар орқали олиб борилган.
«Бугун БМТ Бош Ассамблеяси доирасида кун давомида томонлар ўртасида қатнаган вакиллар воситачилигида Эрон делегацияси билан узоқ муддатли музокаралар ўтказдик. Музокараларнинг бу раунди муваффақиятли якунланди ва умид қиламизки, улар конструктив ва истиқболли бўлади. Воситачилар ўз ишларини давом эттиради», – деб ёзди Уиткофф кейинчалик Х ижтимоий тармоғида.
Доналд Трамп БМТ минбаридан сўзлаган нутқида муҳим қарор қабул қилиши кераклигини айтди: Эронни йўқ қилиш ёки у билан келишув тузиш.
«Муҳим қарорни қабул қилишим керак. Эрон билан мамлакатни қайта қуриш ва уни ҳар қачонгидан ҳам буюкроқ қилиш имконини берадиган келишув тузиладими ёки улар бошқа одамларни ўлдира олмаслиги ва мамлакатларни вайрон қила олмаслиги учун мен Ислом Республикасини йўқ қилишим керакми?» – деган АҚШ президенти.
«Уларга омон қолишга ҳеч қандай имкон қолдирмай, келажакдаги буюкликка ва келажак авлодларга бўлган умиддан маҳрум қилган ҳолда ҳақиқий дўзахни кўрсатиш керакми? Аммо ўйлайманки, биз сайловдан сўнг дарҳол келишувга эришамиз», – дея давом этган Трамп.
Трамп дунёнинг бошқа мамлакатларини Эронга босим ўтказишни қўллаб-қувватлашга чақирди, шунингдек, АҚШ Эронга қарши уруш бошлаб, унинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олганини яна бир бор таъкидлади.
Эрон ўз ядровий дастурини ривожлантирар экан, бир вақтнинг ўзида бу дастур тинч мақсадларга мўлжаллангани ва ядро қуролини яратиш ниятида эмаслигини таъкидлаб келган.



















