AFP агентлиги 25 сентябр куни Зеленскийнинг журналистлар билан онлайн суҳбатига таяниб хабар беришича, бу масала Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Трамп билан ўтказилган учрашувда муҳокама қилинган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, томонлар аниқ келишувларга эришган. Трамп сўнгги учрашувда якуний қарор қабул қилганини ва Украина Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш лицензияларини олишини таъкидлаган. Украина раҳбари келишувнинг бошқа тафсилотларини очиқламаган.

Лицензия бўйича музокаралар

Июл ойида ҳам Вашингтон Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталарини ишлаб чиқариш лицензиясини беришга рози бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўшанда украиналик юқори мартабали амалдорлар томонлар келишувни амалга ошириш босқичига ўтишга тайёрлигини билдирган.

Бироқ кўп ўтмай лицензия бериш масаласи яна ноаниқ бўлиб қолган. Трамп ўзининг устувор вазифаси ракеталар эмас, балки Россия бошлаган урушни тугатиш эканини айтган.

Сентябр бошида АҚШ давлат котиби Марко Рубио лицензия бериш бўйича музокаралар қайта тикланганини тасдиқлаган. Зеленский эса лицензия олинган тақдирда ҳам Украина ҳудудида ракеталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун тахминан бир ярим йил талаб этилишини қайд этган.

Қайси ракеталар ишлаб чиқарилиши мумкин?

«Суспільне» медиакомпаниясининг Украина президенти офисидаги манбаларига кўра, Киев PAC-2 ва PAC-3 ракеталарини ишлаб чиқариш бўйича музокара олиб бормоқда.

PAC-3 нишонни бевосита уриб йўқ қилишга асосланган кинетик усулдан фойдаланади. У Россия Украинага қарши қўллаётган баллистик ракеталарни уриб тушириш имконига эга қуроллардан бири ҳисобланади.

PAC-2 эса жанговар каллак билан жиҳозланган бўлиб, баллистик нишонни унинг яқинида портлаш орқали зарарсизлантиради.

Украина мудофаасида Patriot тизимларининг ўрни

AFP қайд этишича, Patriot тизимлари Украина шаҳарлари ва инфратузилмасини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Бироқ мамлакатда ҳам ушбу мажмуалар, ҳам тутувчи ракеталар етишмайди. Агентлик АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши жаҳонда бу ракеталар тақчиллигини янада кучайтирганини ёзган.