2027 йил 1 январгача пенсия таъминотига оид хизматлар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказилади. Бу ҳақда «Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, пенсия таъминотига оид айрим хизматлар фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз проактив шаклда кўрсатилади. Хусусан, 2026 йил 1 ноябрдан ишлар ҳажмининг қисқариши ёки корхонанинг тугатилиши сабабли ишсиз деб топилган шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил аввал ёшга доир пенсия тайинланади. Кейинги йил 1 январдан бошлаб эса боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш ҳам проактив шаклда амалга оширилади.

Шунингдек, 2027 йилдан «Менинг пенсиям» онлайн хизмати орқали пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларни олдиндан хабардор қилиш имконияти яратилади. Фуқаролар уларга имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш, пенсияларни қайта ҳисоблаш ва пенсияни бошқа турига ўзгартириш учун Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали онлайн мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

2027 йил 1 январдан бошлаб Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ҳамда маълумотларни қабул қилиш амалиёти бекор қилинади.

2026 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилиши мумкин. Агар тайинланадиган янги пенсия миқдори фуқаро олаётган пенсиядан кам бўлса, аввалги пенсия тури ўзгаришсиз қолдирилади.

Шунингдек, иш стажи ва иш ҳақи тўғрисида архив ёки ташкилотлар томонидан тақдим этилган қўшимча электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилиш мумкин бўлади.

2027 йил 1 январдан бошлаб пенсия тўловини нақд пул шаклига ўтказиш ва тўхтатиб турилган пенсия тўловларини тиклаш бўйича мурожаат қилиш мумкин бўлади. Фуқаролар суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари, ижро ҳужжатлари ҳамда бошқа қарорлар асосида пенсия миқдоридан чегирма қилингани тўғрисида, ҳисобланган пенсия ва ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлангани ҳақида маълумот олиши мумкин.
Яшаш манзили ўзгаргани муносабати билан пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдини ҳисобга қўйиш ҳам электрон шаклда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2028 йилдан пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириш таклиф этиляпти. 2039 йилга бориб у эркаклар учун 63, аёллар учун 58 ёшга етказилади. Шунингдек, пенсия тайинлаш учун энг кам иш стажи 2034 йилда 15 йилгача оширилиши кўзда тутилган.