2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолига маҳаллий кўмир етказиб беришнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбеккўмир» АЖ хабар берди.

Янги механизмга кўра, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилага харид қилинган ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўмдан, бир календарь йилда жами 600 минг сўмгача компенсация берилади. Шунингдек, аҳолига маҳаллий кўмир етказиб бериш жараёнига хусусий тадбиркорлар ҳам жалб қилинади.

Аҳоли эҳтиёжлари учун 2026 йилда 1,53 млн тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Ҳозир кўмирни ҳудудлар кесимида тақсимлаш ва биржа савдоларига чиқариш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари аҳолиси учун биржа савдоларига чиқарилган кўмирнинг дастлабки партиялари хусусий тадбиркорлар томонидан харид қилинган. Айни пайтда шартномаларни расмийлаштириш ва кўмирни ҳудудларга етказиб бериш ишлари давом этмоқда.

Кўмир тегишли омборларга етказилгач, унинг сотуви тадбиркорлар томонидан mycoal.uz электрон платформаси орқали ташкил этилади. Сотув бошланадиган сана, омбор манзили, мавжуд кўмир миқдори ва бошқа маълумотлар платформада ҳудудлар кесимида эълон қилинади.