DW хабарига кўра, Путин 1 октябр, пайшанба куни кечқурун «Валдай» халқаро мунозара клубининг ялпи мажлисида дунё учун «ҳалокатли оқибатлар» келтириб чиқариши мумкин бўлган сценарий ҳақида сўз очган.

Россия раҳбари қатор мамлакатлар ихтиёрида «барча тирик мавжудотни йўқ қилишга қодир» қурол борлигини эслатган. У бундай қурол ишлатилмаслигига ишонч борми, деган саволни ўзи ўртага ташлаб, ўзи салбий жавоб берган.

Ядровий қуролни саҳнадаги милтиққа қиёслади

Путин ядровий қуролни театр саҳнасида осилиб турган ва жанр қонуниятларига кўра, бир пайт келиб отилиши керак бўлган милтиққа ўхшатди.

«Яшаб қолиш учун кураш қонунлари нафақат тирик табиатда, балки ижтимоий ҳамжамиятларда ҳам амал қилади», — деди у. Путин шу орқали Россия кескин чораларга боришга мажбур бўлиши мумкинлигига ишора қилди.

Айни пайтда у «бу милтиқ» отилмаслиги учун ҳаракат қилиш кераклигини ҳам қўшимча қилди.

«Агар яшашни истасак — яшашни эса ҳамма истайди — келинг, аҳил яшайлик», — деди Россия президенти.

Унинг сўзларига кўра, воқеалар янада кескинлашса, «мактаб дарсликлари ҳам, улар бўйича таълим оладиганлар ҳам бўлмайди». Шу тариқа Путин дунё миқёсидаги ядровий фалокат эҳтимолини яна тилга олди.

Уруш учун Ғарб ва Украинани айблади

Россиянинг Украинада бешинчи йил давом этаётган уруши ҳақида гапирар экан, Путин Москва гўёки «урушни бошламагани»ни яна даъво қилди. У Россиянинг Украина ҳудудига бостириб киришини НАТО ва Киевнинг ҳаракатларига жавоб сифатида кўрсатишга уринди.

«Ҳақиқат шундаки, урушишни биз истамаганмиз ва биз бошламаганмиз, аксинча, бизга қарши уруш бошлашган», — деди у.

Путиннинг талқинига кўра, Ғарб йиллар давомида Украинада «тажовузкор миллатчилик ва русофобия»ни рағбатлантириб, мамлакатни Россияга қарши «қурол»га айлантиришга ҳаракат қилган. У, шунингдек, Киевдаги «радикаллар» давлат тўнтаришига ундаш орқали қўллаб-қувватланганини, НАТО эса Россиянинг «тарихий ҳудудлари» деб атаган жойларда ўз базаларини жойлаштирмоқчи бўлганини даъво қилди.

Россия президенти Европа ва дунёдаги ҳозирги вазиятни «ўта хавфли» деб баҳолаб, Ғарб давлатларини яна «тажовузкор ниятлар»да айблади.

Фронтдаги вазият ҳақида нималар деди?

Путин сўнгги бир ойда Россия қўшинлари аввалги ойга нисбатан 3,5 баравар кўпроқ ҳудудни эгаллаганини даъво қилди. Унинг айтишича, ҳозир Донецк вилояти ҳудудининг 89 фоизи Россия назоратида.

DW мақоласида Урушни ўрганиш институти — ISW маълумотлари ҳам келтирилган. Унга кўра, Россия Донбасс ҳудудининг 81 фоизини назорат қилмоқда. Бу рақамлар турли ҳудудларга — Донецк вилояти ва бутун Донбассга — тааллуқли.

Бир неча кун аввал Киев «Вивалди» деб номланган қарши ҳужум операциясининг уч мавсуми давомида Украина Қуролли кучлари 176 квадрат километр ҳудудни қайтариб олганини билдирган эди.

Бироқ Путин «Валдай»да Россия бу ҳудудларнинг барчасини эгаллашига ишонч билдириб, Украина уларни ушлаб туришга уринишидан маъно йўқлигини айтди.

Сунъий интеллект сабаб уруш қоидаларини янгилашни таклиф қилди

Путин шу чиқишида сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётганини ҳисобга олган ҳолда, жанговар ҳаракатларни олиб бориш бўйича янги конвенция ишлаб чиқишга чақирди.

У мисол тариқасида 1983 йилда совет офицери Станислав Петров билан боғлиқ воқеани келтирди. Путиннинг талқинича, Петров белгиланган тартибга амал қилганида ядровий зарбага олиб келиши мумкин бўлган қарорни қабул қилиши керак эди, аммо бундай қилмаган. Россия раҳбари сунъий интеллект шундай вазиятда бошқача йўл тутиши мумкинлигини айтди.

Европадаги ҳарбий корхоналарга зарба бериш эҳтимоли ҳақидаги саволга Путин Россия «албатта шундай қилади, дегани эмас»лигини, бироқ «таҳдидларни кузатиб бориши»ни билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Москва Ғарб мамлакатларининг Россия ҳудудига зарбалар беришда иштирок этишини бевосита таҳдид деб ҳисоблайди.

Анжуман нега Сочидан кўчирилди?

Бу йил «Валдай» клуби йиғилиши Сочидан Москва вилоятига кўчирилган. Financial Times газетаси тўрт манбасига таяниб ёзишича, бунга Украина Қуролли кучларининг кучайган ҳужумлари фонидаги хавфсизлик хавотирлари сабаб бўлган.

Москва атрофида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари кўпроқ жамланган. Газета суҳбатлашган манбаларнинг иккиси тадбир жойини ўзгартириш Путиннинг хавфсизлик хизмати талаби билан амалга оширилганини айтган.