Paramount 6 октябр куни битим якунланганини эълон қилди. Бу АҚШ медиаиндустрияси тарихидаги энг йирик бирлашувлардан бири ҳисобланади.

Битимни якунлаш йўлидаги сўнгги тўсиқ бир неча кун аввал бартараф этилган: Калифорниядаги судя компаниянинг 12 штат билан келишувини маъқуллаган.

Ушбу штатлар икки йирик киностудиянинг бирлашиши рақобатни чеклаши мумкинлигидан хавотирланиб, битимга қарши чиққан эди. Келишув доирасида Paramount АҚШ ҳудудида кино ишлаб чиқаришга қўшимча сармоя киритиш мажбуриятини олган.

Энди янги медиагуруҳ олдида компаниялар фаолиятини бирлаштириш ва ўнлаб миллиард долларлик қарзларни тўлаш вазифаси турибди. Ҳолливудда битим ортидан иш ўринлари оммавий қисқариши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.

Бирлашувнинг сиёсий оқибатлари, айниқса CNN таҳририй мустақиллигига таъсири ҳам баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Paramount 2025 йилдан буён технологик миллиардер Ларри Эллисон оиласи назоратида. Oracle корпорацияси асосчиси бўлган Эллисон АҚШ президенти Доналд Трампни бир неча бор очиқ қўллаб-қувватлаган ва унинг сайлов кампаниясига маблағ ажратган.

Paramount аввалдан CBS телеканалига эгалик қилар эди. Warner Bros. Discovery хариди орқали компания CNN устидан ҳам назоратни қўлга киритди. Трамп эса CNN'ни ўзи ва маъмурияти ҳақида ёлғон хабарлар тарқатишда бир неча бор айблаган.

Шу сабабли битим атрофидаги муҳокамалар фақат кино бозоридаги рақобат билан чекланмаяпти. Йирик ахборот телеканалларининг бир мулкдор назоратида жамланиши ва уларнинг таҳририй мустақиллигини сақлаш масаласи ҳам эътибор марказида турибди.