Жиззахдаги қишлоқдан Yaleʼгача: қандай қилиб ҳужжат топширдим ва қабул қилиндим?
|14:43 / 07.10.202666012 мин
Мен Хосилмурод Абдухолиқов, Жиззахда туғилиб ўсганман. 14 ёшимгача уйимизда интернет бўлмаган, Йель ҳақида 10-синфда биринчи марта эшитганман. 2022 йилда мактабни тугатиб, АҚШдаги бир нечта университетга топширдим ва рад этилдим. Бир йил танаффусдан сўнг фақат Йелга топширдим ва 2023 йил декабрида қабул қилиндим. Ҳозир Йелда Computer Science йўналишида ўқийман.
Бугун Йелда таҳсил олар эканман, айтмоқчиманки - Йелга киришим мўъжиза ёки тасодиф эмас. Учта омил - академик натижалар, мактабдан ташқари фаолият ва эсселар устида жиддий ишлаган ҳар қандай номзод университетга кириш имкониятига эга. Ҳозир эса Йелгача бўлган йўлни менинг тажрибам билан босиб ўтамиз.
Kun.uz
Йелга топшириш учун нималар керак?
Йелга бакалавриат учун ариза топширишда номзод, аввало, аризани “Common Application”, “Coalition Application on SCOIR” ёки QuestBridge платформаларидан бири орқали юборади. Бир admission cycle’да фақат биттасидан фойдаланиш мумкин.
. Юқори баҳолар бўлиши муҳим - лекин деярли ҳамма кандидатлар аълочи. Шу сабабли ўқувчиларнинг баҳолари орасидаги савия фарқини аниқлаш учун университет номзодларнинг мактабида ўқиган курслари мураккаблигига қарайди. Ўқувчи ўз мактабидаги энг мураккаб курслардан қанчалик фойдалангани ва шу фанларда қандай натижа қайд этганини инобатга олади.
Мен ҳам мактабдаги ўқишимга жиддий эътибор қаратганман. Лекин Ўзбекистондаги ўқувчи сифатида менинг ҳолатимда яна бир муаммо бор эди: чекланган имкониятлар. Жиззахдаги қишлоқда, интернетсиз ўсганим учун халқаро университетлар, курслар ва олимпиадалар ҳақида тенгдошларимдан кечроқ билиб олдим.
Йель номзодларни ўз шароитида баҳолашини айтади. Масалан, мактабингизда AP ёки IB бўлмаса, уларни ўқимаганингиз учун жазоланмайсиз. Муҳими, мавжуд имкониятлардан қандай фойдаланганингиз. Шунинг учун "Мактабимда бундай нарса йўқ" деган жойда тўхтаб қолмасликни маслаҳат бераман. Мен ўзим ҳам имкониятларни мактабдан ташқарида излай бошладим.
SAT ёки ACT: 1420 билан рад этилиб, 1500 билан қайтдим
2022 йилда мактабни тугатганимда АҚШдаги бир нечта университетга ҳужжат топширдим. SAT’дан 1420 балл олган эдим. NYU, Amherst ва Williams’дан рад жавобларини олдим. Кейинги йил SAT’ни янгилаб, 1500 балл олдим. Умумий ҳисобда, тестни 4 марта топширганман.
1500 атрофидаги натижа Йель каби жуда кучли университетларга топшираётган ўқувчилар учун фойдали устунлик беради. Аммо, шуни ёдда тутиш керакки, SAT’нинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун мен SAT’ни аризанинг фақат бир қисми деб кўриб, менга бошқа кандидатлардан устунлик берадиган жиҳатларимга фокус қаратишга ҳаракат қилганман.
Менинг ҳолатимда айнан extracurriculars (дарсдан ташқари) фаолиятларим ва эсселарим аризамни бошқалардан ажратиб турган, деб ўйлайман..
IELTS ёки TOEFL: мен IELTS’ни бир марта топширганман
Халқаро талабалар учун инглиз тилини билиш ҳам муҳим. Агар ўқувчи камида икки йил инглиз тилида дарс берадиган мактабда ўқимаган бўлса, Йель SAT ёки ACT’дан ташқари инглиз тили тестини ҳам талаб қилади. IELTS, TOEFL, Cambridge, Duolingo English Test ва бошқа вариантлар қабул қилинади.
Мен IELTS’ни 16 ёшимда топшириб, 7.5 балл олганман. Кейин қайта топширмадим. Йель ҳозир энг рақобатбардош номзодларда IELTS’дан 7 ёки ундан юқори натижаларни кўрсатади.
Лекин инглиз тилини фақат тест учун ўрганиш нотўғри ва етарли эмас. Йелда ўқиш учун мураккаб матнларни тушуниш, ёзиш ва фикрни аниқ ифодалай олиш керак. Мен учун кейинчалик эссе ёзиш жараёнида ҳам айнан шу кўникмалар жуда муҳим бўлди.
Common Application ёки Coalition Application орқали топширасиз
Йелнинг ўз ариза топшириш формаси йўқ. Бунинг ўрнига ариза учта сайтдан бири орқали топширилади: Common Application, Coalition Application on SCOIR ёки QuestBridge. Common App ва Coalition App кўплаб университетлар фойдаланадиган умумий ариза сайтлари бўлиб, Йель уларни мутлақо бир хил кўради, шунинг учун ўзингизга қулайини танлашингиз мумкин. QuestBridge эса кам даромадли оилалардан чиққан юқори натижали ўқувчиларга ёрдам берадиган нодавлат нотижорат дастур бўлиб, унинг ўз жараёни ва Йель томонидан бериладиган қисқароқ саволлар тўплами бор. Бир йилда учтадан фақат биттасидан фойдаланиш мумкин.
Single-Choice Early Action — 1 ноябрь QuestBridge National College Match — 1 ноябрь Regular Decision — 2 январ.
Мен Early Action’ни Йель мен учун биринчи танлов бўлгани учун танлаганман. Лекин Early Action автоматик равишда қабул имкониятини оширади, деб ўйламаслик керак — Йель ўзининг саралаш дастурлари орасида бундай устунлик бермаслигини айтади.
Эсселар - CV сиғдира олмаган ҳикоям
Менингча, аризамдаги энг кучли қисм эсселар эди. Чунки айнан шу қисм CV тўлиқ кўрсатиб бера олмайдиган омил - инсон шахсиятини очиб беради.
Мен Йелга Computer Science ва Philosophy йўналишларига қизиқишимни кўрсатганман. Эсселаримдан бирида “consciousness” (онглилик) ва “philosophical zombies” (фалсафий зомбилар) каби фалсафий тушунчалар ҳақида ёздим. Бу мавзуни жуда чуқур ўргандим ва тахминан икки ҳафта давомида материаллар билан интенсив ишладим.
Эсселаримнинг бошқа қисмларида эса қишлоқдаги ҳаётим, Тошкентга кўчишим, COVID давридаги тажрибаларим ва ўзим учун имконият яратишга мажбур бўлганим ҳақида ёздим.
Бу ерда мен учун энг муҳим нарса “мен жуда меҳнаткашман” деб ёзиш эмас эди. Масалан, “14 ёшимгача уйимизда интернет бўлмаган” деган фактнинг ўзи ҳикоянинг фақат бир қисми. Муҳими, интернет ва имкониятлар чекланган шароитда кейинчалик ўзим учун имкониятларни излай бошлаганим: халқаро курсларда қатнашдим, лойиҳалар қилдим, турли йўналишларни мустақил ўргандим.
Йель ҳам эсселарда айнан шахсий нуқтаи назар ва ўз овозингизни кўрсатишни тавсия қилади. Университетнинг 2026–27 қабул жараёнида эсселардан бири 400 сўзгача бўлиб, номзоддан қарама-қарши фикрдаги инсон билан муҳим мавзуни муҳокама қилган тажрибаси, ўзи тегишли бўлган ҳамжамият ёки келажакдаги университетдаги муҳитига олиб кирадиган шахсий тажрибаси ҳақида ёзишни сўрайди.
Шунинг учун “Нега айнан Йель?” деган саволга Йелни мақташ орқали жавоб беришдан кўра, ўзингиз кимлигингизни кўрсатиш муҳимроқ.
Мактабдан ташқари фаолиятлар: мен еттитасига эътибор қаратдим
Менимча, extracurricular фаолиятда асосий савол “Нечта фаолиятим бор?” эмас. Уларнинг боғлиқлиги, кўлами, қиймати ва тажрибангизда нима ўрганганингиз.
Менда еттита асосий фаолият бор эди:
Study Buddy лойиҳаси. Саккизта давлатдан тахминан 100 иштирокчини бирлаштирдим. Мақсад мактабларда кам ўтиладиган фанларни бирга ўрганиш эди.
Фалсафа клуби. 2021–2022 йилларда тахминан 10 киши билан мураккаб фалсафий матнларни ўқидик.
Harvard билан боғлиқ AI ва machine learning курси. Грант асосида қатнашдим.
Фотография. Икки йил шуғулландим ва уни оддий hobby эмас, бизнес сифатида ривожлантирдим.
Деҳқончилик. Бу оиламизнинг асосий даромад манбаларидан бири эди.
PDP’да software engineer. 15 ёшимда таълим платформасини ишлаб чиқишда қатнашдим.
Савдо ва омбор бошқарув тизими. 16 ёшимда Тошкентдаги заргарлик дўконлари тармоғи учун инвентар, савдо, даромад ва буюртмаларни бошқарадиган тизим яратдим. Уни икки филиалда ишга туширдик ва мижозлар билан ўзим ишладим.
Шунинг учун мен ўқувчиларга 20 та фаолиятни шунчаки рўйхатга киритишдан кўра, бир нечта йўналишда реал иш қилишни тавсия қилган бўлардим.
Менинг фаолиятларим ҳаммаси бир хил эмас эди. Лекин уларнинг умумий жиҳати — мен уларда шунчаки қатнашувчи эмас, реал натижали бирор нарса қилувчи одам бўлганман.
Тавсияномалар: сизни яхши биладиган ўқитувчи муҳим
Йелга бакалавриатга биринчи марта топшираётган номзодлардан икки нафар ўқитувчининг тавсияномаси ҳамда мактаб маслаҳатчиси (counsellor) тавсияномасини талаб қилинади. Университет ўқувчини яхши биладиган ва унинг қобилиятлари ҳамда ривожланишини аниқ мисоллар билан ёритиб бера оладиган ўқитувчиларни танлашни тавсия қилади.
Бу менинг ҳикоямда ҳам муҳим эди, чунки “recommendation letter” фақат “бу ўқувчи яхши баҳо олади” деган жумлалардан иборат бўлмаслиги керак. Йелнинг ўзи ҳам энг фойдали тавсияномалар ўқувчининг қандай фикрлаши, қандай ўрганиши, мактаб жамоасига қандай ҳисса қўшиши ва интеллектуал қизиқишини конкрет мисоллар билан кўрсата оладиган хатлар эканини айтади.
Шунинг учун тавсиянома олишни охирги ҳафтага қолдирмаслик керак. Сизни яхши биладиган, дарсдаги ишингиз ва характерингиз ҳақида конкрет гапира оладиган ўқитувчини танлаш муҳим.
Йель қиммат, лекин молиявий ёрдам бор
Йель қиммат, лекин халқаро талабалар учун молиявий ёрдам мавжуд. Йелда ўқишнинг йиллик tuition тўлови 2026/27 учун $72,000 бўлса, талабалар ётоқхона, овқатланиш, китоблар, шахсий харажатлар ва бошқа тўловлар учун яна тахминан $25,500 сарфлашлари мумкин. Натижада, сафар харажатларисиз умумий йиллик харажат қарийб $97,500 ни ташкил этади.
Харажат тури
2026–27
Ўқиш тўлови (Tuition)
$72,500
Талабалар фаолияти учун тўлов
$185
Ётоқхона
$12,080
Овқатланиш
$9,520
Китоблар ва ўқув материаллари
$1,000
Шахсий харажатлар
$2,700
Тахминий умумий харажат
$97,985
Йель халқаро талабаларни ҳам оиланинг молиявий имкониятидан қатъи назар саралаш жараёнида кўриб чиқади ва қабул қилинган талабалар учун кўрсатилган молиявий эҳтиёжнинг 100 фоизини “need-based” - молиявий эҳтиёждан келиб чиқадиган ёрдам орқали қоплашини билдиради. Бу ёрдам грант шаклида берилади, кредит эмас.
Мен ҳам $400,000 ютиб олиб - тўлиқ грант асосида Йелга қабул қилиндим. Шунинг учун “Йель жуда қиммат, демак топшира олмайман” деган хулосага келишдан олдин университетнинг молиявий ёрдам сиёсатини албатта ўрганиш керак.
Имкониятни кутманг — уни ўзингиз яратинг
Мактабни тугатганимда Йелга кира олмаганман. SAT’им 1420 эди. NYU, Amherst ва Williams’дан рад жавобларини олдим. University of South Florida’га грант билан кириб, у ерда ўқишга тайёрландим.
Кейин бир дўстим Йелга кирганини кўрдим. Шу воқеа мен учун муҳим бўлди. Чунки Йель бирданига “фақат Америкадаги жуда кучли мактабларда ўқиганлар кирадиган университет” эмас, балки мен ҳам уриниб кўришим мумкин бўлган жойга айланди.
Мен бир йил танаффус олдим. SAT’ни қайта топширдим. Эсселарим устида ишладим. Ўзим қилган лойиҳалар ва фаолиятларимни қайта кўриб чиқдим. Ва яна топширдим.
Эсселарим устида ментор Валера Аракелян билан ҳам ишладим. У аввал Йелга қабул қилинган икки ўзбекистонлик ўқувчига ҳам менторлик қилган эди. Шунинг учун мен “Йелга ўзим ёлғиз кирдим” демаган бўлардим. Мен керакли пайтда ёрдам ва йўналиш изладим.
Менингча, менинг аризамдаги энг муҳим тушунча — high agency, яъни мавжуд имкониятларни кутиб ўтирмасдан, ўзингиз учун имконият яратиш эди. Дунёни имкониятлари олдиндан белгилаб қўйилган жой деб қабул қилманг. Кўпчилик имконсиз деб биладиган нарсалар кўпинча шунчаки ҳеч ким жиддий уриниб кўрмаган нарсалардир.
Йель ҳақида 10-синфгача билмаганман. Лекин билганимдан кейин ҳаракатни бошлаганман ва охир-оқибат, 2023 йил декабрида ўша университетдан қабул хатини олганман.