Хитойнинг Mobvoi компанияси суҳбатларни ёзиб олиб, автоматик тарзда матнга айлантирадиган TicNote Watch ақлли соатларини ишлаб чиқарди. Қурилма нутқни соат экранида матнга айлантириб кўрсатиши, суҳбат тугагач, сунъий интеллект ёрдамида унинг қисқача мазмунини тайёрлаб бериши мумкин.

Овоз ёзиш учун махсус тугмани икки сония давомида босиб туриш кифоя. Қисқа фикрларни қайд этиш учун алоҳида режим ҳам мавжуд.

Қурилма корпусига шовқинни пасайтириш тизимига эга иккита микрофон ўрнатилган. Компания маълумотига кўра, улар 3–5 метр масофадан нутқни қабул қила олади.

TicNote Watch'нинг асосий хусусиятларидан бири — суҳбатни тўғридан-тўғри соат экранида матн кўринишида акс эттириши. Ишлаб чиқарувчи маълумотларига кўра, тизим 17 та тилдаги сўзлашувларни реал вақтда матнга айлантира олади.

Суҳбат вақтида фойдаланувчи бир марта босиш орқали муҳим жумлани белгилаб қўйиши мумкин. Ёзув тугагач, тизим белгиланган жумлаларни жамлайди, сунъий интеллект эса суҳбатнинг қисқача мазмунини яратади.

Соат узлуксиз 24 соатдан ортиқ вақт давомида овоз ёзиши мумкин. Ички хотирасида эса 200 соатдан ортиқ аудиоёзув сақланади. Ёзиб олинган маълумотлар TicNote иловаси ва компаниянинг булутли хизмати билан синхронланади. У ерда аудиоёзувларни қидириш, тартибга солиш ва улар асосида қайдлар базасини шакллантириш мумкин.

TicNote Watch шунингдек, юрак уриш тезлиги, қоннинг кислород билан тўйиниш даражаси, стресс даражаси, уйқу ҳолати, GPS орқали йўналишлар каби маълумотларни ҳам кўрсатади.

Соатдаги Shadow AI 2.0 ёрдамчиси эса сақланган аудиоёзувлар бўйича маълумот олиш ва бир нечта ёзув орасидан керакли маълумотни излаш имконини беради.