DW хабарига кўра, фон дер Ляйен 11 октябр куни Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилган ва X ижтимоий тармоғида қўшимча молиялаштириш ҳақида маълум қилган. У маблағнинг аниқ миқдори ва қайси манбалардан ажратилишини очиқламаган.
Украинадаги вазият шу ҳафта бўлиб ўтадиган Европа кенгаши йиғилишининг асосий мавзуларидан бири бўлади. Унда келгуси йил учун молиявий эҳтиёжлар ва янги халқаро кўмакни жалб қилиш йўллари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Еврокомиссия раҳбари, шунингдек, Украинанинг ЕИга қўшилиши бўйича музокараларда яна иккита мавзулар кластери очилишига қўйилган тўсиқлар бартараф этилишини билдирган.
Фон дер Ляйен Зеленскийнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақирувини тўлиқ қўллаб-қувватлаганини ҳам айтган. Унинг таъкидлашича, бундай келишув жаҳон озиқ-овқат таъминоти ҳамда Украина ва Россия энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилишга ёрдам бериши мумкин.
Еврокомиссия раҳбари уруш янада оғир босқичга кирганини қайд этган. У Россияни фронтда узоққа чўзилган уруш олиб бориш билан бирга, фронт чизиғидан анча узоқдаги тинч аҳолига зарба беришда айблаган.
Аввалроқ, 2 октябр куни Еврокомиссия Украинага Ukraine Facility механизми доирасида 2,9 миллиард евролик навбатдаги траншни ажратишни маъқуллаган эди. Бу — дрон ва ракеталар учун эълон қилинган янги маблағдан алоҳида, узоқ муддатли молиявий кўмак механизмига тегишли қарор.
Ukraine Facility 2024–2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, шу даврда Украинага 50 миллиард еврогача барқарор молиявий ёрдам тақдим этишни назарда тутади.
Ушбу механизм бўйича тўловлар Украинанинг тикланиш ва ислоҳотлар режасини бажариши, демократик институтлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаши билан боғлиқ. Маблағлар белгиланган шартлар бажарилгани текширилгандан сўнг ҳар чоракда ажратилади.














