Президентнинг жорий йил 20 январдаги тегишли қарори асосида Ўзбекистонда илк бор Инфаркт ва инсултга қарши курашиш Миллий дастури қабул қилинди.
Унга кўра, шу йилнинг 1 ноябридан Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида “Angels Initiative” халқаро ташаббус ташкилотининг “ФАСТ — суперқаҳрамонлар” халқаро таълим дастури босқичма-босқич жорий этилади.
Лойиҳа биринчи синфдан тўртинчи синфгача бўлган ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, илк босқичда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 7 та ҳамда Самарқанд шаҳар, Каттақўрғон ва Иштихон туманларидаги 6 та умумтаълим мактабида машғулотлар ташкил этилади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқилган ушбу дастур Германия, Италия, Испания, Португалия, Бразилия, Канада, Греция, Исландия, Жанубий Африка Республикаси, Латвия, Словакия, Венгрия, Болгария ва Сингапур каби дунёнинг 40 га яқин давлатида 2 миллион нафардан ортиқ болани қамраб олган.
Ўзбекистонда “ФАСТ — суперқаҳрамонлар” халқаро дастурининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда саҳифаси ишга туширилди. У орқали дастурга оид маълумотлар, таълимий материаллар ва лойиҳа доирасидаги янгиликлар билан танишиш мумкин.
Лойиҳанинг асосий мақсади — ўқувчиларга ўйин ва қизиқарли машғулотлар орқали инсултнинг дастлабки белгиларини таниш, ўз саломатлиги ва яқинлари соғлиғига масъулият билан муносабатда бўлиш ҳамда шошилинч вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Машғулотлар давомида болалар инсоннинг юзида асимметрия пайдо бўлиши, бир қўлини кўтара олмаслиги ёки гапиришда қийинчилик кузатилиши инсульт белгиси бўлиши мумкинлигини ўрганади.
Бундай ҳолатларда вақтни бой бермаслик, катталарни шошилинч хабардор қилиш ва «103» рақамига мурожаат этиш бўйича амалий тушунчалар берилади. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда тез тиббий ёрдам хизматининг аҳамияти сингдирилади.
Мураккаб тиббий тушунчалар болаларга уларнинг ёши ва идрокига мос равишда, ўйин элементлари, қаҳрамонлар ва видеоматериаллар ёрдамида етказилади.












