Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Тошкент шаҳрида қизамиқ касаллигига гумон қилинган 290 та ҳолат қайд этилгани, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 10 минг нафардан зиёд шахс рўйхатга олингани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
«Айни пайтда Тошкент шаҳрида ва бутун мамлакат бўйлаб қизамиқ касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор. Хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган рақамлар эса 2026 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида қайд этилган жамланма кўрсаткичдир. Шу боис, мазкур рақамларни қисқа вақт ичида аниқланган ёки айни кундаги ҳолат сифатида талқин қилиш тўғри эмас», – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, қизамиқ билан касалланиш кўрсаткичи 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга камайган.
«Шундай экан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан маълумотларни нотўғри талқин қилмасликни сўрайди», – дейилади хабарда.
Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Тошкент шаҳрида режали эмлаш доирасида 47 минг 494 нафар 1 ёшли ва 42 минг 767 нафар 6 ёшли бола КПК (қизамиқ, эпидпаротит, қизилча) вакцинаси билан эмланган.
















