Андижон вилоятида яна бир оилада тўрт эгизак дунёга келди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
20 август куни Андижон туманида яшовчи Дилдора Аҳмедова кўп ҳомилалик ташхиси билан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон вилоят филиалига қабул қилинган.
Сешанба куни эрталаб аёлда муддатидан аввал кесарча кесиш амалиёти бажарилган. Малакали акушер-гинеколог, неонатолог ва реаниматологлар иштирокида ўтказилган туғуруқ жараёни муваффақиятли якунланган.
Дунёга келган чақалоқларнинг уч нафари қиз ва бир нафари ўғил бола бўлиб, улар 1534−1840 грамм оғирликда туғилган.
Ҳозирда чақалоқлар ва уларнинг онаси шифокорлар назоратида бўлиб турибди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, шу йил июл ойи бошида ҳам Андижон шаҳрида беш эгизак (3 қиз, 2 ўғил) дунёга келганди.









