DW хабарига кўра, Момбаса шаҳри суди мазкур қарорни 19 октябр куни чиқарган. Иш Маккензи асос солган «Хушхабар халқаро черкови» диний гуруҳи аъзоларининг оммавий ўлими билан боғлиқ.

Маккензи 2003 йилда тузган ташкилоти издошларини «Исо билан учрашиш» учун очликдан ўлишга ундаган. Ҳинд океани соҳилидаги Малинди курорти яқинида, Шакахола ўрмонида жойлашган унга тегишли катта ер майдони секта марказига айланган.

Хабарда қайд этилишича, Маккензи издошлари учун ўта оғир очлик тартибини жорий қилган. У белгилаган навбатга кўра, аввал болалар, кейин ўсмирлар, аёллар ва охирида эркаклар ўлиши керак бўлган. Айрим ҳолларда болалар ота-оналарининг кўз ўнгида овқатдан маҳрум қилинган.

Воиз ҳуқуқ ҳимоячиларининг шикоятларидан сўнг 2023 йил апрелида ҳибсга олинган. Тергов давомида секта аъзоларининг бир қисмини қутқаришга муваффақ бўлинган, бироқ ўрмондан кўплаб оммавий қабрлар топилган.

Суд-тиббий текширувлар болаларнинг аксарияти очликдан вафот этганини кўрсатган. Шу билан бирга, бўғилиш ва бош мия жароҳатлари оқибатида ўлим ҳолатлари ҳам аниқланган.

Кения оммавий ахборот воситалари бу воқеани «Шакахола ўрмонидаги қатлиом» деб атаган. Секта қурбонларининг умумий сони 400 кишидан ошиши мумкин. Суднинг ҳозирги қарори эса 190 бола ва бир катта ёшли шахснинг ўлимига оид иш бўйича чиқарилган.