Баъзан дунёни бутунлай янгича кўриш учун унга бошқа нуқтадан қарашнинг ўзи кифоя. Мафтункор манзаралар ва эгри-бугри қирғоқ чизиқлари, серҳаракат шаҳарлар ва табиат яратган ажойиб нақшлар — ҳаводан суратга олиш ердан туриб қаралганда кўпинча эътибордан четда қоладиган гўзалликни илғаш имконини беради.

Сайёрага ана шундай ғайриоддий нуқтадан назар ташлашга бағишланган Siena Drone Photo Awards 2026 танлови бутун дунёдан истеъдодли сураткашларни бирлаштиради. Нуфузли Siena Awards танловлари туркумига кирувчи ушбу халқаро беллашувда дронлар, вертолётлар, самолётлар, ҳаво шарлари ва бошқа учиш аппаратлари ёрдамида олинган энг сара суратлар эътироф этилади.

«Шаҳар муҳити» йўналишида 2-ўрин: «Икки давр туташган маскан». Мулмангол, Пусан, Жанубий Корея / © Sanghoon Park

Танловда тақдим этилган ракурсларнинг хилма-хиллиги айниқса ҳайратга солади. Таниш жойлар абстракт санъат асарларига айланади, табиий ландшафтлар ажойиб нақшлар ҳосил қилади, одатий манзаралар эса кутилмаган қиёфада намоён бўлади. Бироқ бундай кадрларни яратиш учун дронни ҳавога кўтаришнинг ўзи етарли эмас. Бунда тўғри лаҳзани танлаш, композиция, сабр ва сураткашнинг ижодий нигоҳи жуда катта аҳамиятга эга. Қуйида Siena Drone Photo Awards 2026 танловида ғолиб бўлган энг яхши суратлар тақдим этилган.

Йил сурати: «Бенгал қўлтиғининг балчиқли саёзликларида кемаларни қисмларга ажратиш» / © George Steinmetz
«Ёввойи табиат» йўналишида 1-ўрин: «Кўз ўнгида яширинган». Тошлар орасида моҳирона ниқобланган қор қоплонининг икки боласи қоянинг туртиб чиққан қисмида осойишта дам олмоқда / © Awais Ali Sheikh
«Ёввойи табиат» йўналишида 2-ўрин: «Боғча қўриқчиси» / © Seyit Konyalı

Туз кўлидаги шўрхок майдонда табиий «болалар боғчаси»га жамланган минглаб яқинда тухумдан чиққан полапонлар орасида биргина вояга етган фламинго ажралиб туради. Фламинго полапонлари ана шундай ўзига хос боғчаларда бирга улғаяди: бир нечта вояга етган қуш уларга қарайди, ҳимоя қилади ва ҳаётининг ҳимояга энг муҳтож даврида атроф-муҳитга мослашишига ёрдам беради.