DW хабарига кўра, сафар режасини ТАСС манбаси, Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре ва Финландия президенти Александер Стубб тасдиқлаган. Axios ва The New York Times ҳам ташриф ҳақида хабар берган.
Стёре ва Стубб учрашув Санкт-Петербургда бўлишини айтган. ТАСС суҳбатдоши эса Уиткоффнинг Россияга боришини тасдиқлаб, қайси шаҳарга келишига аниқлик киритмаган.
Ослодаги музокараларда Зеленский, Уиткофф, Стёре ва Стубб иштирок этган. Axios маълумотига кўра, Германия, Буюк Британия, Франция, Полша ва НАТО вакиллари ҳам қатнашган. АҚШнинг иккинчи музокарачиси, Трампнинг куёви Жаред Кушнер грипп билан касаллангани сабабли, ОАВ хабарларига кўра, мулоқотга масофадан уланган.
Учрашувда Украина учун хавфсизлик кафолатлари, ҳудудий масалалар, санкциялар ва урушдан кейин Европада хавфсизликни таъминлаш тизими муҳокама қилинган.
Финляндия президенти музокаралар якунида ҳам келишувнинг умумий шартлари, ҳам қисқа муддатли мақсадлар бўйича «реал силжиш»га эришилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, муҳокама қилинган ғоялар 21 октябрда Санкт-Петербургда тақдим этилади.
Reuters билан исми ошкор қилинмаслиги шарти асосида гаплашган америкалик расмий Украина Ослода янги ғоя ва таклифларни илгари сурганини билдирган. У Путин билан музокаралардан мақсад Украина ва Европа билан эришилган силжишни давом эттириш ҳамда таклифларни Россия томони билан муҳокама қилиш эканини айтган.
Зеленский матбуот анжуманида Путин, Трамп ва Хитой раҳбари Си Жинпин ўртасида Украина уруши бўйича эҳтимолий учрашув ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирган. Бундай учрашувни ноябрда ўтказиш таклифи ҳақида аввалроқ The Wall Street Journal ёзган эди.
«Агар гап Украина ва бизнинг келажагимиз ҳақида кетса, бу фақат биз ҳам музокаралар столи атрофида бўлганимиздагина қабул қилиниши мумкин», — деган Украина президенти.
У аввалроқ Corriere della Sera газетасига берган интервюсида ҳам «кейинги кутилмаган ҳолатларнинг олдини олиш» учун эҳтимолий учрашув тафсилотларини билишни исташини айтган.
















