Маблағ Operational Energy – Innovation дастури доирасида ажратилган. У лойиҳани тўлиқ ўлчамли самолётнинг парвоз синовларига яқинлаштириш ва ҳарбий логистикадаги имкониятларини намойиш этишга йўналтирилади.

KONA бир-биридан узоқда жойлашган ҳарбий объектлар ўртасида таъминот юкларини етказиш воситаси сифатида кўриб чиқилмоқда. Жумладан, самолётдан ёнилғи таъминоти чекланган шароитларда фойдаланиш имконияти баҳоланади.

Аппаратнинг асосий хусусияти — фюзеляж ва қанотнинг ягона аэродинамик тузилишга бирлаштирилганидир. Анъанавий самолётларда эса қувурсимон фюзеляжга алоҳида қанотлар бириктирилади.

Natilus’нинг таъкидлашича, интеграциялашган конструкция ёнилғи сарфини камайтиришга ёрдам беради. Бироқ 30 фоизлик тежамкорлик ҳозирча компания билдирган кўрсаткич бўлиб, тўлиқ ўлчамли аппаратнинг келгуси синовлари унинг амалий имкониятларини баҳолаш учун муҳим бўлади.

KONA’нинг парвоз масофаси тахминан 1480 километр, юк кўтариш қобилияти эса 3,8 тонна бўлиши кўзда тутилган. Шу сабабли у, аввало, минтақавий юк ташиш вазифаларига мўлжалланган.

Самолёт енгил кўп мақсадли Cessna C-208 ва йирикроқ C-130 тактик транспорт самолётлари ўртасидаги тоифани эгаллаши кутилмоқда.

Лойиҳада қисқа учиш-қўниш йўлакларидан фойдаланиш имконияти ҳам назарда тутилган. Бу KONA’ни кўпроқ аэродром ва майдончаларда ишлатишга шароит яратиши мумкин.

Шунингдек, мавжуд юк инфратузилмасига мослик самолётни амалдаги логистика тармоқларига қўшишни осонлаштириши керак. Бундай имкониятлар АҚШ ҳарбийларига олис объектларни таъминлашда йирик транспорт самолётларига бўлган қарамликни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.

Ажратилган маблағ самолётни харид қилишга эмас, уни янада ривожлантириш ва имкониятларини синовдан ўтказишга қаратилган.