Фидойилар маҳалласидаги ушбу ҳудудда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объекти қурилиши учун ер ажратилган. Бироқ кейинчалик бу ерда кўп қаватли турар жой биноси барпо этилиши маълум бўлган ва «WEST-EAST GROUP» МЧЖ томонидан бошланган қурилиш маҳалла аҳолиси эътирозларига сабаб бўлган. Фуқаролар норозилиги ортидан масала судгача етиб борган ва 2024 йилда қурилишга асос бўлган ҳужжатлар бекор қилинган. Шундан сўнг қурилиш ишлари тўхтатилган, аммо ҳудуддаги катта котлован очиқлигича қолган. Ҳудудда катта котлован, унинг атрофида эса қулаётган деворлар ва қаровсиз майдон қолган. Аҳоли уларнинг арзини хеч ким эшитмаётганидан норози.

«Биз бошқалардан каммизми?»

Маҳалла аҳолисининг айтишича, улар турли идораларга бир неча бор мурожаат қилган. Аммо мурожаатларга берилган жавоблар муаммони ҳал этишга ёрдам бермаган.

«Биз икки йилдан бери шу муаммо билан курашяпмиз. Жавоб хатлари келади, лекин натижа йўқ. Аслида бу ерда яшил ҳудуд бўлиши керак эди. Фонтанлари, ўриндиқлари, дарахтлари билан шинамгина жой ташкил этса бўларди. Лекин уни иморатга айлантириб юбормоқчи бўлишди. Бизнинг ҳам яхши, чиройли жойда яшашга ҳаққимиз бор-ку. Болалар шўх бўлади, мана бу баннерни кесиб, ичкарига кириб кетишяпти. Деворлари ҳам омонат ҳолатда. Биз кўп нарса сўрамаяпмиз, шу чуқурни кўмиб беришса бўлди. Наҳотки бу қийин бўлса?» — дейди маҳалла аҳолисидан бири.

Яна бир фуқаро эса қурилиш учун айнан аҳоли зич яшайдиган ҳудуд танланганидан норози.

«Қандай қилиб бу ерда шунча бино қуришмоқчи? Юрадиган жой йўқ, ҳудуднинг ўзи тор. Ер камми? Бизнинг ҳам яхши жойда яшашга ҳаққимиз бор», — дейди у.

Фуқароларнинг таъкидлашича, аввалроқ ҳудудда кўп қаватли уй қурилмаслиги, бу ерда ўйингоҳ ташкил этилиши ҳақида ваъдалар берилган. Бироқ бу режалар амалга ошмаган.

Котлован болалар учун хавф туғдирмоқда

Аҳолини қурилишнинг ўзига билдирилаётган эътирозлардан ташқари, ҳозирги котлованнинг хавфсизлик ҳолати ҳам ташвишга солмоқда. Уларнинг айтишича, ҳудудни ўраб турган деворлар бир неча бор қулаган. Котлован яқинида мактаб жойлашгани, болаларнинг бу ердан мунтазам ўтиши эса хавотирни янада оширади. Айниқса ҳимоя тўсиқларидаги тешиклар орқали болаларнинг котлован ичига кириб кетиш эҳтимоли бор.

«Деворлар қулаётгани ҳақидаги расмларни ҳам илова қилиб, тегишли идораларга мурожаат қилганман. Кейин келиб, деворларни тиклаб кетишди. Лекин котлованнинг ўзи ҳали ҳам очиқ. Яқинида мактаб бор, болалар юради. Машиналар ҳам кўп ўтади. Девор йўлнинг чеккасигача келиб қолган, исталган вақтда ағдарилиши мумкин. Ҳозир ёғингарчилик ҳам бўляпти. Бу жуда хавфли», — дейди маҳалла раиси.