Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳри кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси ташаббуси билан ўтказилди. Кўргазмада тўқимачилик, енгил саноат, электротехника, озиқ-овқат, кимё ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ўз имкониятларини меҳмонларга таништирди.
Маълумки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун маҳсулот тайёрлашнинг ўзи етарли эмас. Уни янги бозорларга олиб чиқиш, хорижий харидорлар билан алоқа ўрнатиш, сертификат ва лицензияларни расмийлаштириш ҳам тадбиркорлардан қўшимча вақт ҳамда маблағ талаб қилади. Ярмарка доирасида ташкил этилган учрашувларда айнан шу масалалар кўриб чиқилди. Савдо-саноат палатаси, Маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси агентлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари тадбиркорларга экспортни қўллаб-қувватлаш механизмлари, мавжуд имтиёзлар ва давлат кўмаги ҳақида маълумот берди.

Garant Pack компанияси раҳбари Содиқ Садриддиновнинг айтишича, илгари хорижий кўргазма ва савдо тадбирларида қатнашиш учун корхоналар авиачипта, меҳмонхона, кўргазма майдони ижараси каби харажатларни ўз ҳисобидан қоплаши, ташкилий масалаларни эса мустақил ҳал қилишига тўғри келарди. Айрим ҳолларда бу жараён олти ой ёки бир йилгача чўзилган. Унинг таъкидлашича, эндиликда тадбиркорларга хорижий бозорларга чиқишда кўмаклашиш, жумладан, сафар ва кўргазма харажатларини қоплаш, маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам бериш имкониятлари таклиф этилмоқда.

Масъулларнинг билдиришича, учрашувларда тадбиркорларнинг мурожаатлари қайд этилиб, уларни ҳал қилиш бўйича чоралар белгиланган.
”Ишлаб чиқарувчилар билан бир қатор масалаларни муҳокама қилдик. Улар, асосан, маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилишда кўмак сўрашмоқда. Хусусан, сертификатлаштириш, экспорт жараёнида давлат органлари билан ишлаш ва бюрократик тўсиқлар каби масалалар кўпроқ кўтарилди. Тадбиркорларнинг мурожаатларини ёзиб олиб, шаҳар даражасида ҳал қилинадиган масалаларни ўзимиз кўриб чиқамиз. Республика даражасидаги таклифларни эса Вазирлар Маҳкамаси ва Президент администрациясига киритамиз”, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Давлетияр Худойбергенов.







