08:30 / 01.11.2021
5198
Бухоро аэропортида носозликка учраган Россия самолёти таъмирланди

Россия Федерациясининг «SMARTAVIA» авиаташувчисига тегишли замонамизнинг ўта янги типдаги Airbus 320NEO авиалайнерининг двигатели паррагидаги куракчалар «Uzbekistan Airways Technics» МЧЖ ходимлари томонидан муваффақиятли алмаштирилган.

Фото: t.me/Tashkent_SkyNews

Жараён Бухоро халқаро аэропортида 29 октябр куни ўтказилган. «Uzbekistan Airways Technics» МЧЖ мутахассислари илк марта бундай таъмирлаш билан шуғулланишди, деб ёзмоқда корхона расмий сайти.

Самолётнинг CFMI Leap-1A русумли биринчи двигателидаги паррак қурилмасининг 4-куракчаси номаълум жисм тегиши натижасида нуқсонга учраган, шу сабабли уни тезлик билан алмаштириш талаб этилган.

Фото: t.me/Tashkent_SkyNews

Масала жуда мураккаб ва масъулиятли бўлиб, параметрларни ўлчаш ва двигател тизимининг ишга яроқлилигини синовдан ўтказиш билан боғлиқ аниқ текширувларни ўз ичига қамраб олади. Куракчалар алмаштирилгач, двигателлар ўрнатилган тартибга қатъий риоя қилинган ҳолда ишга туширилади. Бу ишларнинг барчаси «Uzbekistan Airways Technics» МЧЖнинг юқори малакали мутахассислари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган.

Фото: t.me/Tashkent_SkyNews
Фото: t.me/Tashkent_SkyNews

МДҲ ҳудудида етакчи техник хизмат кўрсатиш марказларидан бири саналувчи «Uzbekistan Airways Technics» техник хизмат кўрсатиш бўйича маъқулланган ташкилот бўлиб, Европа (EASA Part-145) ҳамда Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Бермуд ороллари, Кувайт, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатларнинг авиация ҳукумати сертификатларига эга.

Эслатиб ўтамиз, «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпанияси паркида ҳам суперзамонавий иккита Airbus A320 NEO самолётлари мавжуд. Улардан биринчиси 2019 йил 11 март куни Тошкентга келиб қўнган.

Top