17:37 / 14.04.2022
20702
ЙПХ ходимларига яна бир “форточка”ми?

Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририда ҳайдовчи ёнида паспорт ёки ID-карта бўлганида ундан бошқа ҳужжатлар талаб этилмаслиги белгиланди. Аммо қоидаларда планшет орқали ҳужжатлар мавжудлигини текшириш имкони мавжуд бўлмаганда, ҳайдовчининг паспорти ёки ID-картаси инобатга олинмаслиги қайд этилган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

2022 йил 1 майдан кучга кирадиган Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандида ҳайдовчи қуйидаги ҳужжатларни ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда текшириш учун уларга тақдим этиши шартлиги назарда тутилган:

  • транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (ҳайдовчилик гувоҳномаси, вақтинча рухсатнома);
  • транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;
  • транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома);
  • суғурта полиси.

Ушбу банднинг давомида агарда ҳайдовчинг ёнида биометрик паспорти ёки ID-картаси мавжуд бўлган тақдирда, ундан юқоридаги ҳужжатлар сўраб олинмаслиги белгиланган.

Лекин 7-банд сўнгида ҳайдовчи ёнида биометрик паспорти ёки ID-картаси мавжуд бўлса-да, планшетда аниқлаш имкони бўлмаганда ҳамда фавқулодда ҳолатларда ҳайдовчининг қолган ҳужжатлари планшетдан текширилмаслиги назарда тутилган.

Банддаги қоидалар мавҳумроқ ёзилгани туфайли мазкур қоидани икки хил талқин қилиш мумкин:

Биринчи талқин – ЙПХ ходими ҳужжатларни планшетда аниқлаши имкони бўлмаганда ҳайдовчи ёнида биометрик паспорти ёки ID-картаси мавжудлиги ва планшетдан аниқлаш имкони бўлмагани ҳайдовчининг муаммоси эмаслиги инобатга олиниб, ҳайдовчига оқ йўл тиланади.

Иккинчи талқин – ЙПХ ходими ҳужжатларни планшетда аниқлаши имкони бўлмаганда ҳайдовчи ёнида биометрик паспорти ёки ID-картаси мавжуд бўлса-да, ундан барча ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинади.

Биринчи талқин оптимистик руҳда эканини қайд этиш жоиз. Аммо сўнгги кунларда ЙПХ ходимларининг ваколатларини асоссиз тарзда кенгайтирувчи ҳужжатлар қабул қилинаётганини инобатга олсак, ҳужжатни ишлаб чиқувчилар иккинчи талқинимизни назарда тутган бўлиши эҳтимоли катта.

Бироқ, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга асосланилса, иккинчи талқин йўққа чиқади.

Яъни, 2021 йил 30 ноябрдаги қонун билан МЖТКнинг 135-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилган бўлиб, унга мувофиқ 2022 йил 1 мартдан бошлаб ёнида биометрик паспорт ёки ID-картаси мавжуд бўлганда, ҳайдовчи бошқа ҳужжатларни кўрсатиши талаб этилмайди.

Йўл ҳаракати қоидалари эса Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига биноан, турли ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

Демак, мазкур тафовутда Вазирлар Маҳкамаси қарорига эмас, қонунга амал қилинади.

Мантиқан олиб қараганда ҳам қонунга риоя қилиниши тўғри бўлади. Зеро, ҳайдовчи йўлга чиқаётганда уни йўлда тўхтатиши мумкин бўлган ЙПХ ходимининг планшети қачон ишлаб, қачон ишламай қолишини ҳеч қанақасига олдиндан била олмайди. Планшет ишламай қолиши эса ҳайдовчининг эмас, уни текширмоқчи бўлган ЙПХ ходимининг, қолаверса тизимнинг муаммоси ҳисобланади.

Шу туфайли, қонунга ишониб, ёнида биометрик паспорт ёки ID-картасини олиб юриш билан кифояланган ҳайдовчини қандайдир техник муаммони рўкач қилиб жаримага тортиш – ўтакетган мантиқсизлик ва қонунга зид ҳаракатдир.

Аббос Салайдинов

Top