Ўзбекистон | 09:00 / 21.12.2025
13593
16 дақиқада ўқилади

Энергетикада катта истеъфо ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести

Нефт-газ соҳасида кадрлар алмашинуви: Сангинов ва Сиддиқовдан фарқли равишда, Султоновга зарбоф тўн кийдирилмади. Шов-шувли жиноятга шов-шувли ҳукм: зўравонни қўллаган судялар устидан текширув бошланди. Тиббиётда электрон рецепт талаби: янги тизимга секин-аста ўтилади. Энг билимли ёшлар тақдирланди: улар орасида 1 млрд сўм олганлар ҳам бор.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим хабарлари – Kun.uz дайжестида

Нефт-газ соҳаси: истеъфо ва тайинловлар

Ўзбекистонда йиллардан бери давом этаётган газ инқирози расман тан олинди ва соҳа раҳбарлари алмаштирилди. Хусусан, ўзбек энергетикасининг узоқ йиллик раҳбари Алишер Султонов лавозимини тарк этди. Бунинг ортидан республикадаги энг йирик газ қазиб чиқарувчи компания бўлмиш “Ўзбекнефтгаз”га ҳам янги раис тайинланди.

Президент матбуот хизматининг сешанба кунги хабарига кўра, Алишер Султонов давлат раҳбарининг энергетик хавфсизлик масалалари бўйича вакили лавозимидан озод этилган. Хабарда бунинг сабабига аниқлик киритилмаган. Тахмин қилиш мумкинки, Султонов – июн ойида Президент администрацияси раҳбариятида бўлган ўзгаришлардан кейин, курсиси қимирлаб қолган амалдорлардан бири эди: у июл ойида президент маслаҳатчиси лавозимидан президент вакили мансабига туширилганди.

Ўзбекистон энергетикаси асосан табиий газ устига қурилган. Алишер Султонов – айнан нефт-газ соҳасининг энг катта раҳбарларидан бири эди. У охирги 10 йилда “Ўзбекнефтгаз” раиси, бош вазир ўринбосари, энергетика вазири ва президент маслаҳатчиси каби лавозимларда ишлаб, энергетика сиёсатини белгилашда муҳим ўринни эгаллаб келаётганди. Унинг ортидан “Ўзбекнефтгаз”да ҳам раҳбар алмашгани, шу билан бирга Энергетика вазирлиги, “Ўзатом” агентлиги ёки электр тармоқлари каби бошқа ташкилотларда кадр ўзгариши бўлмаганига қараганда, истеъфо айнан газ масаласи билан боғлиқ бўлган.

Баҳодир Сиддиқов ва Алишер Султонов / Фото: "Газпром" матбуот хизмати

Воқеалар ривожи энергетика сиёсатини юритишда бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг роли ортганига ишора қилади. У пайшанба куни “Ўзбекнефтгаз”нинг янги раиси Абдуғани Сангиновни компания жамоасига расман таништираркан, нефт-газ соҳасида “кутилган натижаларга эришилмагани”ни танқид қилди. “Кутилган натижаларга эришилмади” деган баёнотни – “шунча йилдан бери нефт-газ соҳасига миллиардлаб маблағ бериб келяпмиз, лекин шунча харажатга яраша натижа олганимиз йўқ” дея талқин қилсак, хато бўлмаса керак.

Қўчқоров йиғилишда айнан нима дегани бизга қоронғи, лекин жамоатчиликка маълум вазият қуйидагича: расмий статистикага кўра, 2019-2024 йилларда қазиб чиқариш ҳажми 16 млрд кубометр ёки 27 фоизга қисқариб кетган. Натижада ўзбек иқтисодиёти Туркманистон ва Россиядан газ импортига муҳтож ҳолатга келиб қолди.

Бу қарамликнинг оқибатлари ўтган ҳафта ҳам яққол сезилган эди: Туркманистон газ тизимида техник носозлик юзага келиши – бутун Ўзбекистон бўйлаб метан-шохобчаларга чеклов киритилишига олиб келди. Жорий ҳафтада эса, қатор ҳудудларда биринчи қор ёғиши билан, шохобчаларнинг иш вақти янаям қисқариб, ҳар йилгидек одатий ва узун навбатлар мавсуми яна старт олди. Айни пайтда, электр узилишлари ҳам рўй бермоқда.

Икки йил олдин тасдиқланган Ўзбекистон–2030 стратегиясига кўра, газ қазиб олиш 5 йилдан кейин 62 млрд кубометрга етиши керак. Бу стратегик вазифа бажарилиши учун, қазиб олиш ҳажмини ҳозиргидан 1,5 баробарга ошириш талаб этилади. Лекин ҳозир 1,5 карра ошириш уёқда турсин, пасайиш тенденциясини бир амаллаб тўхтатиб олиш – кун тартибидаги асосий масала. Жамшид Қўчқоров ўтказган йиғилишда ҳам айни шу масала асосий мавзу бўлган. Вице-премьер “Ўзбекнефтгаз”нинг янги раҳбаридан қазиб чиқариш динамикасини барқарорлаштиришни талаб қилган. Бунга жавобан Абдуғани Сангинов янги стратегия ишлаб чиқиб, “тизимли натижалар”га эришишга сўз берган.

Жамшид Қўчқоров / Фото: "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати

Агар “Ўзбекнефтгаз”нинг бир неча йил олдин ваъда қилинган IPO'си амалга ошганида, компания акцияларининг нархи ўзгаришига қараб, Абдуғани Сангинов тайинловига бозорнинг реакциясини била олган бўлардик. Ҳозир эса, янги раиснинг фақат карьераси ҳақида қисқача ахборот бериш билангина чекланишга мажбурмиз. 66 ёшли функционер бутун фаолиятини сув иншоотларига бағишлаган: меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Сурхондарёда, “Тўпалангсувқурилиш” трестида бошлаб, 2008 йилда “Ўзсувэнерго” бош директори лавозимигача кўтарилган, 2017 йилда эса янги ташкил этилган “Ўзбекгидроэнерго” раиси этиб тайинланган. Бир сўз билан айтганда, ГЭСлар бўйича мутахассис.

Абдуғани Сангинов 2020-2024 йилларда Сенат аъзоси ҳам эди. У 2020 йили Сардоба сув омборидаги ўпирилишдан кейин ижтимоий тармоқларда танқидлар нишонига айланган, ўшанда унинг матбуот хизмати “Ўзбекгидроэнерго” ҳам, Сангиновнинг ўзи ҳам бу сув омбори қурилишига алоқаси йўқлигини маълум қилганди. Кейинчалик, 2021 йилда Сангиновнинг ўғлига тегишли компания Сурхондарёдаги қарийб 1,5 трлн сўмлик гидроэнергетика лойиҳасига пудратчи сифатида тендерсиз танлангани маълум бўлганди.

Абдуғани Сангинов / Фото: "Ўзбекгидроэнерго" матбуот хизмати

Чоршанба куни “Ўзбекгидроэнерго” жамоаси компаниянинг биринчи ва 8 йиллик раҳбарини янги лавозимга ҳурмат билан кузатиб, унга тўн кийдирди. Эртаси куни “Ўзбекнефтгаз” жамоаси ҳам эндиликда собиқ раис Баҳодир Сиддиқов билан худди шундай хайрлашди. Расмий хабарда Сиддиқов “бошқа ишга ўтаётгани” айтилган – бу борада ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Дарвоқе, газ қазиб чиқаришнинг қисқаришига барҳам бериш вазифаси фақат Сангиновнинг зиммасида эмас. Юқорида энергетик қарорларни қабул қилишда Жамшид Қўчқоровнинг вазни ошгани эҳтимолини тилга олгандик. Бу яна бир мисолда яққол кўзга ташланади: президент топшириғи билан, иқтисодиёт ва молия вазирининг нефт-газ масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Бу лавозимга бунгача ҳам вазир ўринбосари бўлиб ишлаб келган Хуршид Мустафоев тайинланди. У 2020 йилдан бери электр энергияси, табиий газ ва бошқа товарлар тарифларини белгилашда масъул бошқарма бошлиғи сифатида иштирок этиб келган, 2024 йилдан бошланган тарифларни эркинлаштириш жараёнидан кейин вазир ўринбосарлигига кўтарилган эди.

Акмал Шукуров иши: апелляция судининг “сахийлиги” ўтмади

Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади. Ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири бу нақлнинг бежиз ўйлаб топилмаганини кўрсатади. Ёдингизда бўлса, шу йил баҳорда Тошкентдаги тунги клуб олдида жанжал чиққан, унда Акмал Шукуров исмли шахс уч кишини калтаклаб, улардан бирининг комага тушиб қолишига сабаб бўлган, ўзи эса қочиб кетган эди. Шукуров кейинчалик Қозоғистондан ушлаб олиб келинган. Тергов давомида маълум бўлгандики, у аввалроқ бошқа бир кафеда ҳам бир кишини уриб жароҳатлаган, бундан ташқари 190 минг евродан ортиқ қийматдаги фирибгарликни содир этган. Октябр ойида суд Шукуровни Жиноят кодексининг 3 та моддасида айбдор деб топиб, уни 8 йилдан кўпроққа озодликдан маҳрум этганди.

Бу ҳафта Kun.uz суриштирувидан маълум бўлишича, 8 йиллик қамоқ жазоси 8 ҳафтага ҳам бормаган. 9 декабр куни Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси Акмал Шукуровнинг айбига қисман иқрорлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги ва бошқа омилларни инобатга олиб, 8 йил-у 1 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазосини 4 йил-у 1 ойлик озодликни чеклаш жазосига алмаштирган ва судланувчини қамоқдан чиқариб юборган.

Суд тизими – ижтимоий адолат ва барқарорликнинг фундаментал асоси. Камера ёзувлари орқали бутун Ўзбекистон гувоҳи бўлган бу каби жиноятларда айбдорга бунчалар шафқат кўрсатилиши – таниш-билишига, пулига ёки пулдор отасига ишонган минглаб зўравонларнинг онгостига жуда хавфли сигнални юборади. Хайриятки, ҳолат Kun.uz ва бошқа нашрларда ёритилиб, тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлиши ортидан, иш зудлик билан қайта кўриб чиқилди.

Тафтиш инстанциясининг пайшанба кунги ажрими билан, прокуратура киритган протест қаноатлантирилди ва Шукуровнинг 9 кунга чўзилган озодлигига чек қўйилди. У қамоққа қайтарилиб, бу сафар 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Зўравонга нисбатан меҳри жўшиб кетган апелляция судялари устидан эса текширув бошланди: Судялар олий кенгаши хабарида хизмат текшируви натижаси жамоатчиликка очиқланиши айтилган.

Тиббиёт: Фақат ҳисоботларга қараб хулоса чиқариш хато

Ўтган ҳафта Тошкент шаҳри ва яна 15 та туман-шаҳарда дабдурустдан дори воситалари сотуви бўйича электрон рецепт тизимига ўтиш бошланган, лекин амалиётни жорий этишдаги қўпол хатолар сабаб тушунмовчиликлар юзага келган эди. Чунки оддий этил спиртидан тортиб, парацетамол, нимесил, амброксол ёки супрастин каби кенг истеъмолдаги препаратларгача дорихоналарда электрон рецепт сўраш бошланганди. Душанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот билан чиқиб, янги тизимни жорий этишда юмшатишлар бўлишини эълон қилди.

Унга кўра, биринчи босқичда белгиланган ҳудудларда фақат антибиотиклар ва гормонал препаратлар учун электрон рецепт талаб этилади. Рўйхатни босқичма-босқич кенгайтириб бориш бўйича қарорлар янги тузилган экспертлар кенгаши билан келишилган ҳолда қабул қилинади. Тиббиёт ва фармацевтика муассасалари DMED тизимига бепул уланади, бунда тизимга электрон рецептни киритиш, яъни беморга рецепт асосида сотиладиган дорини буюриш фақатгина шифокорнинг ваколатида бўлади.

Ўтиш даврида ва фавқулодда шошилинч ҳолатларда рецептни қоғоз шаклида ёзиб бериш имконияти ҳам сақланиб қолади. Шунингдек, барча беморлар 1003 рақамига қўнғироқ қилиш орқали, оилавий шифокори билан масофадан боғланган ҳолда, ўзига керакли дори учун электрон рецепт олиши мумкинлиги маълум қилинди. Агар дорихонага кирган беморнинг қўлида QR-кодли рецепт йўқ, лекин у электрон тизимда мавжуд бўлса, харидор ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг оригинали ёки электрон шаклини кўрсатиш орқали, рецепт талаб қилинадиган дорини харид қилиши мумкин бўлади.

Аслини олганда, электрон рецепт – бу тартибли ва замонавий тиббиёт тизимининг асосий белгиларидан. Бу орқали беморларга ҳаддан ташқари кўп дори ёзиб беришдан тортиб, фармацевтика ва тиббиётдаги коррупциягача бўлган кўплаб тизимли муаммоларни назоратга олиш мумкин. Шу сабабли қатор фаоллар тизимнинг ўзи хайрли экани, лекин уни жорий этишдаги ёндашув нотўғри бўлганини айтмоқда.

Тиббиёт тизимидаги муаммоларга бу ҳафта Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам эътибор қаратди. У Самарқанд вилояти Ургут туманида бўлиб, чекка қишлоқлардан биридаги эски поликлиника ва туғруқхонанинг ҳолати билан танишди. Қурилганига 50 йилдан ошган, ҳозир 16 та қишлоқ аҳолиси учун туғуруқ қабул қиладиган энг яқин ва ягона тиббиёт масканининг аҳволи ҳавас қилгудек эмас. “Бугун кўрганларим шуни яна бир бор исботлади: соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмайди”, – деди Мирзиёева.

Виза масалалари ва АҚШдаги отишма қурбони бўлган ватандош

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан виза тартибини енгиллаштириш бўйича музокара бошлади. Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, расмий Тошкент Европага ўқиш ва ишлаш учун бораётган ўзбекистонликлар, шунингдек, юк машиналари ҳайдовчилари ва туристик гуруҳлар учун виза тартиб-таомилларини соддалаштиришни сўраяпти. Музокараларнинг биринчи раундида Евроиттифоқ экспертлари бу масалани Еврокомиссия йиғилишига киритиш учун бажарилиши зарур бўлган шартларни белгилаб берган. Айнан қанақа шартлар ҳақида гап кетаётгани маълум эмас.

Ўзбекистон президентининг шу йил май ойидаги фармонига асосан, худди шундай музокарани АҚШ билан ҳам ўтказиш вазифаси қўйилган. Бу музокара бошлангани ҳақида ҳозирча хабарлар бўлмади. Айни пайтда, сўнгги воқеалар бу масалани яна ҳам мураккаблаштириб юбориши мумкин. Жума куни АҚШ ҳукумати грин карта лотереяси вақтинча тўхтатилганини эълон қилди. Браун университетида отишма уюштиришда гумонланган шахс Қўшма Штатларга айнан грин карта лотереяси орқали кириб келгани бунга сабаб бўлган.

МуҳаммадАзиз Умрзоқов

Энг ачинарлиси, ўтган шанба куни Род-Айленд штатидаги Браун университетида рўй берган отишманинг икки қурбонидан бири – ҳамюртимиз эди. 18 яшар талаба МуҳаммадАзиз Умрзоқов – шу университетнинг 1-курсида ўқиётган бўлган. АҚШ нашрларининг ёзишича, МуҳаммадАзиз университетга кириш учун қаттиқ тайёргарлик кўрган, ўзи ишлаб топган пулга ноутбук сотиб олган, келгусида нейрожарроҳ бўлиш ниятида эди. Фожиадан кейин GoFundMe'да очилган хайрия акциясида 10 мингдан зиёд кишининг иштироки билан 500 минг доллардан ортиқ маблағ тўпланди – яқинларининг сўзларига кўра, тўпланган маблағнинг оила дуч келадиган харажатлардан ортган қисми МуҳаммадАзизнинг номидан хайрияга йўналтирилади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Далер Раҳимов ва Миржаҳон Муҳаммадов

2025 йилги халқаро фан олимпиадаларида совриндор бўлган мактаб ўқувчилари пул мукофотлари билан тақдирланди. Энг катта мукофот халқаро кимё олимпиадасида олтин медал олган Далер Раҳимов ва Миржаҳон Муҳаммадовга насиб этди – уларнинг ҳар бирига 1 млрд сўмдан топширилди. Энг нуфузли фан олимпиадаларида кумуш медал олганларга 618 млн сўмдан, бронза олганларга 412 млн сўмдан берилди. Умуман, тақдирлаш тадбирида жами 107 нафар олимпиадачи ва уларнинг 83 нафар устозини тақдирлашга 12,5 млрд сўм йўналтирилди. Улар Ўзбекистонга жами 210 та медални ҳадя қилишган.

Тошкент шаҳрига 75 та мактаб ва 75 та боғча етишмаяпти. Бундан ташқари, 23 та спорт объектига ҳам эҳтиёж бор. Бу ҳақда Юнусободда ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, пойтахтдаги туман ҳокимлари ўзлари маблағ жалб қилиб, ҳар йили 1 тадан мактаб, боғча ва спорт объектини қуриши керак. Қолган 15 тадан мактаб-боғча ва 11 та спорт объектини эса ҳукумат қуриб беради. Президент ташрифидан кейин, Юнусобод ва Сергели туманларида ҳоким ўзгарди. Юнусободга ҳоким бўлган Аброрхўжа Саидалиев бор-йўғи 31 ёшда экани эътиборли. У бунгача Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари эди.

Бекободда ИИБ ходимининг ваҳший жинояти тергов қилиняпти. Kun.uz манбасига кўра, Бекобод тумани жиноят-қидирув бўлимининг 36 ёшли тезкор ходими 11 декабр куни маст ҳолатда Nexia-3 машинасини бошқариб, 43 ёшли эркакни уриб юборган ва унинг ўлимига сабаб бўлган. Шундан кейин жиноятини яшириш учун мурдани туманнинг Шова маҳалласидан оқиб ўтувчи Фарҳод каналига ташлаб юборган. Бу ишда унга хотини ҳам ёрдамлашган. Тезкор ходим жиноятнинг эртасига қамоққа олинган; мурдани топиш ишлари эса 16 декабр ҳолатига ҳамон давом этяпти.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иштироки учун ФИФАдан энг камида қанча пул олиши ойдинлашди. Мундиалдаги бюджет тақсимотига кўра, иштирокчи жамоалар тайёргарлик учун 1,5 млн доллар, гуруҳ босқичидаги иштироки учун эса 9 млн доллар олади. Яъни минимум сумма – 10,5 млн доллар. Гуруҳдан чиқа олганларга яна камида 2 млн доллар қўшилади. Маълумот учун, бу пуллар миллий футбол ассоциацияларига тўланади ва уларни қандай тасарруф этишни миллий ассоциацияларнинг ўзлари ҳал қилади – ФИФА бу жараёнга аралашмайди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Дастур бошловчиси – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид