Жаҳон | 08:50 / 15.12.2025
24837
2 дақиқада ўқилади

АҚШда университетдаги отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди

Род-Айленд штати, Провиденс шаҳридаги Браун университети ҳудудида содир бўлган отишма оқибатида ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умрзоқов ҳалок бўлди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхонаси марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада экани ва АҚШ идоралари билан ҳамкорликда зарур масалаларни ҳал этиш бўйича иш олиб бораётганини маълум қилди.

Фото: Steven Senne/AP

АҚШнинг Род-Айленд штати, Провиденс шаҳрида жойлашган Браун университети ҳудудида содир бўлган отишма оқибатида ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умрзоқов ҳалок бўлди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхоналари марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Қайд этилишича, мазкур фожиа натижасида бегуноҳ инсонларнинг ҳаётдан кўз юмгани оғир йўқотиш экани таъкидланган. АҚШ ОАВ хабарига кўра, Браун университетидаги воқеа оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган ва бир неча нафар яраланган. 

Маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги ваколатхоналари вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бормоқда.

АҚШ ОАВ ва расмий идоралар маълумотига кўра, отишма 13 декабр куни тушдан кейин университетнинг Barus & Holley муҳандислик биносида, якуний имтиҳонлар жараёнида содир бўлган. Воқеадан сўнг кампусда shelter-in-place (биноларда қолиш) тартиби жорий этилди, атроф ҳудудга юзлаб ходимлар жалб этилган ҳолда кенг кўламли қидирув ишлари олиб борилди. 

14 декабр тонгида полиция ҳодиса бўйича “аҳамиятли маълумотга эга бўлиши мумкин” деб баҳоланаётган шахсни қўлга олганини маълум қилди. У person of interest сифатида сўроқ қилинмоқда, ҳозирча унга расман айблов эълон қилингани ҳақида хабар берилмаган. 

Браун университети раҳбарияти ҳодисани “фожиали кун” деб атаб, кампусда мотам кайфияти ҳукм сураётганини билдирган ва талабалар ҳамда ходимлар учун психологик ёрдам ресурслари ишга туширилганини маълум қилган. 

Отишма юзасидан тергов ишлари федерал ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида давом этмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид