Жамият | 10:34
19797
3 дақиқада ўқилади

Бекободда машинада одам уриб ўлдириб, жасадни каналга оқизиб юборган “опер”га хотини ёрдамлашгани маълум бўлди

43 ёшли фуқарони уриб кетган Бекобод шаҳар ИИБ катта тезкор вакили маст ҳолатда бўлган. У аввалига жасадни Nexia машинасига юклаб, ҳодиса жойидан узоқроқ дала четига олиб борган ва турмуш ўртоғини чақирган. Манзилга унинг турмуш ўртоғи Matiz машинасида келган. Сўнгра эр-хотин жасадни Matiz’га юклаб, ҳодиса жойидан 35 км узоқликдаги Фарҳод каналига ташлаб юборган.

Бекободда машинасида одам уриб ўлдириб, жасадни каналга ташлаб юборган ИИБ ходимига бу ишда турмуш ўртоғи ёрдамлашган. Kun.uz суднинг тезкор ходимга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш тўғрисидаги ажрими билан танишди. 

Суд ажримида келтирилишича, 2025 йил 11 декабр куни соат 23:47 да Тошкент вилояти ИИББ навбатчилик қисмига Бекобод тумани Қорақуйли маҳалласи ҳудудидан ўтган “Қорасув-Бўка-Бекобод” автомобил йўлида Nexia машинаси пиёдани уриб юборгани ҳақида хабар келиб тушган. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида ЙТҲ Бекобод шаҳар ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили, 36 ёшли Д.Н. томонидан содир қилингани аниқланган. Тезкор вакил машинани маст ҳолатда бошқариб, 1982 йилда туғилган Б.У.ни уриб юборган. 

ЙТҲдан сўнг Д.Н. ҳаёти хавф остида қолган Б.У.га ёрдам кўрсатмасдан, ўзининг жиноий ҳаракатларини яширмоқчи бўлган. У жабрланувчини Nexia машинасига юклаб, ҳодиса жойидан узоқ дала четига олиб кетган. Сўнгра манзилга турмуш ўртоғи З.Н.ни чақирган. 

З.Н. манзилга Matiz машинасида етиб келган. Эр-хотин Б.У.ни Nexia’дан Matiz’га олиб ўтиб, орқа ўриндиққа жойлаштирган. Шундан кейин Бекобод шаҳар йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетишган.

Б.У. ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этган. Эр-хотин эса унинг жасадини ҳодиса жойидан 35 км узоқликка олиб бориб, Бекобод тумани Шова маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган Фарҳод каналига ташлаб юборган.

Д.Н. 2025 йил 12 декабр куни ушланган. Суднинг шу кунги ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Бекободда ИИБ ходими машинада одам уриб ўлдириб, жасадни Сирдарёга оқизиб юборгани хабар қилинганди. Ҳозирда марҳумнинг мурдасини топишга қаратилган тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид