Ана шундай тадқиқотчилардан бири – Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 2-босқич докторанти Нигора Ҳакимова айни кунларда Оксфорд университетининг Исломшунослик марказида илмий изланиш билан банд.
Англияга сафаримиз давомида Оксфорд шаҳрида ҳам бўлиб, атоқли университетнинг Исломшунослик марказида тадқиқот ўтаётган илк ўзбек аёли билан суҳбатлашдик.
ВИДЕО
Нигора Ҳакимова университет шаҳарчасида олиб бораётган илмий тадқиқоти, тўйлар ва ажралишлар, ислом илмини аёлларга ўқитиш масалалари, фарзандлари ўқиётган Оксфорддаги мактаблар, ғарб маданияти ичида фарзанд тарбиялаш ва келгуси режалари ҳақида гапириб берди.
«Бу – Оксфордга иккинчи марта келишим. Биринчи марта 2016 йилда келгандим. Ундан олдин 2 йил давомида АҚШнинг Global Engagement институти тадқиқотчиси бўлиб, тадқиқотимнинг натижалари ҳақида Оксфорд университетининг диншунослик симпозиумида маъруза қилган эдим.
Ҳозирда Буюк Британиянинг Chevening дастури доирасида шу ерда тадқиқот олиб боряпман. Тадқиқотим мавзуси – Қаффол Шошийнинг «Маҳасину шариат» асаридаги ислом ҳуқуқи асослари.
Қаффол Шошийни халқимиз, хусусан Тошкент аҳолиси Ҳастимом (Ҳазрати имом) номи билан яхши танишади. Олимнинг илмий фаолияти кўп томондан ўрганилган. Охирги пайтларда унинг дипломатик қарашлари ҳақида ҳам илмий ишлар қилинди. Менинг тадқиқотим эса Қаффол Шошийнинг ислом ҳуқуқи асослари, ислом ҳуқуқи методологияси, яъни усул ул-фиқҳ ривожига қўшган ҳиссаси тўғрисида.

Мен ўрганаётган асар – «Маҳасину шариат» айнан фиқҳий китоб бўлиб, бошқа фиқҳий асарлардан фарқи – унда ислом ҳуқуқи кўрсатмаларининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилади. Масалан, намозда нима учун таҳорат фарз қилинди, дея савол қўйган Қаффол Шоший бунинг моҳиятига киришга ҳаракат қилади.
Шунингдек, муаллиф асарда ислом ҳуқуқи кўрсатмалари – инсон ақлига мувофиқ келадиган, ақл қабул қиладиган кўрсатмалар эканини исботлашга ҳаракат қилган.
Қаффол Шошийнинг бу асарига АҚШда олиб борган тадқиқотимиз жараёнида дуч келдик. Биз у ерда ислом ҳуқуқи кўрсатмаларини асосан ҳарфий (шаклан) тушуниш ва бунинг оқибатида келиб чиқадиган муаммолар устида ишлаган эдик. Бу асар эса – айнан фиқҳий кўрсатмаларни ҳарфий тушунишдан қочиш ва унинг мазмун-моҳиятига эътибор бериш йўналишида ёзилган илк асарлардан бири.
Демак, биз асарни ўрганиш орқали X асрда берилган баъзи хулосаларни ҳозирги кундаги муаммоларни ечишда ҳам қўллашимиз мумкин бўлади», – дейди тадқиқотчи.
– Намоздан олдин таҳорат олиш фарз этилгани ҳақида гапирдингиз. Қаффол Шоший бу асарида бунинг учун қандай асослар бор, деб тахмин қилади?
– Бир нарсани алоҳида айтиб ўтмоқчиман. XIV асрда яшаб ўтган уламо Имом Шотибий мақосид аш-шариа, яъни шариат мақсадлари фанига катта ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Унинг фикрича, биз ибодатга оид масалаларни ҳарфий, яъни борича қабул қиламиз, дунёвий масалаларнинг эса моҳиятига қарашга ҳаракат қиламиз. Лекин Қаффол Шоший ибодат масалаларини ҳам моҳиятига қараб хулоса беришга ҳаракат қилган кам сонли фиқҳ олимларидан саналади.
Қаффол Шоший кўп тилларни билгани учун қадимги юнон фалсафий асарларига ҳам мурожаат қилган. Уларда айтилишича, инсон ёлғиз бўлган ҳолатида тозаликка эътибор қилиши, ювиниб ўзига оро бериши эҳтимоли жуда кам. Қаффол Шоший шундан келиб чиққан ҳолда, инсон Аллоҳ томонидан ижтимоий қилиб яратилгани, яъни бошқа инсонлар билан ўзаро муносабатга киришишига эътибор қаратади. Шунинг учун ювиниб, ўзига қараб юриши унинг табиатида бор.
Демак, бошқа инсонлар билан биргаликда яшар эканмиз, озодаликка эътибор қилишга мойилмиз. Намоз асносида эса инсон ўз Роббиси билан учрашади, унга яқинроқ бўлган ҳолатда бўлади, шундай экан нега энди ювинмасин?
Яъни намоздан олдинги таҳорат – инсонга хос нарса, унинг табиатига зид талаб эмас. Аслида, шариатнинг ҳамма кўрсатмалари инсоннинг ақли, табиатидан келиб чиққан ҳолда берилган, деган нуқтайи назарни исботлашга ҳаракат қилган Қаффол Шоший. У шариат нормаларини инсоннинг ақли тушунадиган, тафаккури қабул қиладиган ҳолатда моҳиятини очиб, тушунтириб беришга уринган.
Яна бир нарсани айтмоқчиман. Ислом дини Марказий Осиёга кириб келгунига қадар бу ҳудуд халқларининг ўз дунёқараши, ўз маданияти бўлган. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё халқлари савол беришга қизиқишган. Уларнинг бундан аввал ўз маданияти бўлгани учун янги кириб келган нарсага савол билан кўп мурожаат қилишган. Бу нега ундай, масалан намоз нима учун 5 маҳал, нега 6 маҳал эмас?
Қаффол Шоший ҳам асарининг кириш қисмида ёзади: «Мен бу китобимни менга бериладиган саволларга жавоб тариқасида ёздим». Демак, бу асарнинг ҳам дунёга келишида ўша Марказий Осиё халқларининг ўрни ҳам жуда катта.
– Аёл ва илм-фан. Бу масалада фикрлар турлича. Масалан, аёл уйда рўзғор ишлари билан машғул бўлишининг ўзи етарли, деган қараш бор. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

– Бу масалада умумий якдил фикр йўқ. Буни ҳар бир аёл ўз шароити, қобилиятидан келиб чиқиб ҳал қилади. Агар оила, фарзандлар, эри, эрининг қариндош-уруғларига хизмат қилиб, ўзбекона чиройли оиланинг бекаси бўлишни танласа ҳам, жамият учун жуда катта фойдаси тегади, дея оламиз.
Лекин агар аёлнинг ўзида қобилият, истак бўлса, албатта бундай аёлларни қўллаб-қувватлаш керак, деб ўйлайман. Чунки хоҳлайсизми-йўқми, оилада фарзандлар тарбияси, рўзғорга қараш масалаларининг катта қисми аёлнинг зиммасига тушади. Шунинг учун ҳам ён-атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлашисиз аёл кишига қийинроқ бўлади.
Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, турмушга чиқмасимдан олдин ота-онам қандай қўллаб-қувватлаган бўлишса, турмушга чиққанимдан кейин хўжайиним, қайнона-қайнотам менинг бу соҳадаги фаолиятимни қўллаб-қувватлаб келишяпти. Уларнинг ёрдами билан илмий иш қилишга, ўзимнинг кичик бўлса-да ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилиб келяпман.
Қолаверса, ислом динида илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарз. У хоҳ аёл киши бўлсин, хоҳ уй бекаси ёки бошқа соҳа эгаси – илм олиши керак. Ҳеч бўлмаганда ўзига хос бўлган илм олиш керак – аёлларга, оила ва фарзандлар тарбиясига хос масалалар бор. Шунинг учун илм олишни соҳасидан қатъи назар чегараламаслигимиз керак. Уй бекаси бўлган тақдирда ҳам, ҳар бир аёлнинг китоб ўқишга шароити бўлиши керак, деб ҳисоблайман.
Жамиятда аёлни тарбия қила олсак, бунинг ортидан кўп муаммолар ўз-ўзидан ечимини топиб кетади.
Ҳозир тўйларни ихчамлаштиришга, исрофгарчилик қилмасликка катта эътибор бериляпти. Лекин бундай олиб қарасангиз, буларнинг ҳаммаси ортида барибир аёл киши туради. Аёлни тарбиялай олсак, бу ҳақда қарор қабул қилишга ҳам эҳтиёж қолмаган бўларди, деб ўйлайман.
Шунинг учун энг биринчи навбатда аёлларимизни тарбиялашимиз керак, уларни билимга, китобга бўлган муҳаббатини оширишимиз керак.
Интервьюни батафсил Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Нигора Ҳакимова – Тошкент ислом университетида ислом ҳуқуқи йўналишида бакалавриат ва магистратурада таҳсил олиб, сўнг университетнинг Ислом ҳуқуқи кафедрасида ўқитувчи, Исломшунослик илмий-тадқиқот марказида илмий ходим, Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус билим юртида ўқитувчи сифатида фаолият олиб борган.
Ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2-босқич докторанти саналувчи Нигора Ҳакимова оилали, икки фарзанднинг онаси.












