Wildberries компанияси раҳбари Татяна Ким ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллари маълум қилишича, ҳужумлар 22 июлга ўтар кечаси амалга оширилган. Дронлар зарбасидан кейин ҳар икки логистика марказида кучли ёнғин чиққан.
Краснодардаги омборда уч нафар киши жароҳатлангани маълум қилинди. Ставропол ўлкаси губернаторига кўра, Невинномискдаги ҳужум оқибатида яна беш киши тан жароҳати олган.
Краснодар ўлкаси тезкор штаби маълумотига кўра, дрон парчалари Краснодар шаҳри ва Динская қишлоғидаги икки кўп қаватли ҳамда бир нечта хусусий уйга тушган. Бу ҳодисаларда жабрланганлар қайд этилмаган.
Краснодар ўлкасидаги Армавир шаҳри маъмурияти эса шаҳар сўнгги вақтдаги энг йирик дрон ҳужумларидан бирини бошдан кечирганини билдирди. Расмий маълумотларга кўра, шаҳардаги нефт базасига 16 тадан ортиқ дрон ҳужум қилган, натижада 800 квадрат метр майдонда ёнғин чиққан. Ҳозирча бу ҳодиса бўйича жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Бу Украина томонидан Wildberries логистика инфратузилмасига қилинган биринчи ҳужум эмас. 18 июл куни Тамбов вилоятининг Котовск шаҳри ва Москва вилоятининг Электростал шаҳридаги компания омборларига ҳам зарбалар берилган эди. Ўшанда саккиз киши ҳалок бўлиб, қарийб 50 киши жароҳатланган.
Украина президенти Володимир Зеленский мазкур ҳужумлар Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига берган зарбаларига жавоб эканини айтган. Унинг таъкидлашича, Wildberries логистика марказларида учувчисиз аппаратлар учун бутловчи қисмлар сақланган.











