«Rayxon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси Одилхон Исмоилов ва яна 6 нафар судланувчига нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суд ҳукмига кўра, Одилхон Исмоилов ва бошқа судланувчилар Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди:

167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди
209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди
227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди
228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а», «б» бандлари.
Одилхон Исмоиловга 8 йил (Жиноят кодексининг 62-моддасига (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) асосан 7 йил 11 ой 28 кун) муддатга, қолган 6 нафар судланувчига жиноий хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

Жиноят иши доирасида етказилган моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Наманган вилоят судининг апелляция/кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Асосий фигурант ҳақида нималар маълум?

Одилхон Исмоилов 1977 йилда Наманган вилоятида туғилган, «Rayxon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси ҳисобланади.

У 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари бўлган. 2011 йилдан 2018 йил июлигача Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби ва «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби бўлиб ишлаган. 2018 июлда эса Мусулмонлар идораси Исмоилов «тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатгани ва беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли» ишдан олинганини маълум қилган.

Одилхон Исмоилов 2019 йилдан бошлаб «Вақф» хайрия жамоат фондида фаолият юритган.

2019 йил февралида Одилхон Исмоилов Шайхонтоҳур тумани, «Хўжа Аламбардор» масжидига имом-хатиб этиб тайинланган. 2019 йил сентябрида эса соғлигидаги муаммолар туфайли ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган.

У 2026 йил январида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, сохта тадбиркорлик ва бошқа айбловлар билан қамоққа олинганди.