11:44 / 21.07.2021
41808
Тожикистон президентининг синглиси вафот этди. Унинг ўлимига коронавирус сабаб бўлган

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг синглиси Қурбонбиби Раҳмонова 20 июль куни пойтахт Душанбедаги ҳукумат шифохонасида оламдан ўтди.

Тожикистон президенти матбуот хизмати президент Имомали Раҳмоннинг синглиси Қурбонбиби Раҳмонова 64 ёшида вафот этгани тўғрисида хабар берди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўшни давлат раҳбарига унинг синглиси вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

Ўлим сабаби ҳақида расман маълум қилинмади. Аммо РИА Новости Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбасига асосланган ҳолда Раҳмоновада коронавирус инфекцияси аниқлангани, у сўнгги вақтларда Душанбедаги 5-сонли клиник шифохонада даволанаётган бўлгани ҳақида маълум қилган. EDaily манбаси шифокорлар унинг ҳаёти учун 10 кун курашгани ҳақида ёзган.

Раҳмонованинг дафн маросими чоршанба куни мамлакат жанубидаги Данғара туманида ўтказилиши айтилган.

Қурбонбиби Раҳмонова «Ўрмон ва ов хўжалиги» ДУКнинг собиқ директори, 2012 йил ўз уйи олдида ўлдириб кетилган Холмўмин Сафаровнинг рафиқаси эди.

5 июль куни Тожикистон президентининг қайнонаси Ўзбекбиби Асадуллоева 88 ёшида коронавирус оқибатларидан вафот этгани хабар қилинганди.

  • Тожикистон 2021 йилнинг январидан коронавирусга чалиниш ҳолатларини эълон қилишни тўхтатган, 26 январь куни президент Имомали Раҳмон мамлакат коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилганди. Июнь ойи бошида ОАВда Тожикистонда коронавирус қайтадан авж олгани ҳақида хабарлар тарқалди, кўп ўтмай ҳукумат янги касалланиш ҳолатларини тасдиқлади ва аҳолини мажбуран эмлашга киришди.
  • Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги маълумотларига кўра, 20 июль ҳолатига кўра мамлакатда 14 228 минг кишида Covid-19 тасдиқланган. Шу вақтгача 13 801 киши тузалган (97,0 фоиз), 114 киши ўлими тасдиқланган.
Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top