Ўзбекистон | 15:54 / 04.09.2024
22536
6 дақиқада ўқилади

Энергетик мустақиллик асоси. Ўзбекистон йирик газ экспортёридан соф импортёрига айланди

Ўзбекистон пандемия давридан бошлаб хорижга газ сотишни кескин камайтирган бўлса-да, ишлаб чиқаришнинг тўхтовсиз қисқариб бориши ва ички талабнинг ошиши туфайли газ импорт қилишга муҳтожлик юзага келди. Натижада Россияга энергетик боғлиқлик сезиларли кучаймоқда. Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг газ импорти қиймати миллиард долларга етган.

Фото: Epsilon

Ҳар қандай мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам табиий газ ресурслари стратегик аҳамиятга эга. Бу мамлакат иқтисодиёти, энергетик хавфсизлиги ва ташқи савдо балансига жуда катта таъсир кўрсатади. Сўнгги маълумотларга кўра, электр энергияси генерациянинг 70-75 фоизи газ ҳисобига амалга оширилади. Табиий газ қазиб олишнинг йилдан йилга қисқариб бораётгани эса мамлакатнинг энергетик мустақиллигига жиддий таҳдид солиши мумкин.

13 йилда 30 фоизлик қисқариш

Охирги йилларда Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш муттасил равишда қисқариб бормоқда. Хусусан, 2010–2023 йиллар оралиғида бу қисқариш қарийб 30 фоизни ёки 19,2 млрд куб метрни ташкил қилган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2010-2023 йиллар оралиғида табиий газ қазиб олиш динамикаси қуйидагича бўлган:

Статистика агентлиги маълумотлари

Газ экспорт қилувчи давлатдан соф импортёрликкача

Ўзбекистон узоқ йиллардан бери хорижга газ экспорт қилувчи давлат бўлиб келган. Лекин 2020 йилдан бошлаб, газ экспорти кескин қисқарган.

2017 йилда 1 млрд 390 млн долларлик, 2018 йилда 2 млрд 424 млн долларлик, 2019 йилда 2 млрд 257 млн долларлик, 2020 йилда (пандемия йили) 478 млн долларлик, 2021 йилда 717 млн долларлик , 2022 йилда 911 млн долларлик, 2023 йилда эса 530 млн долларлик газ экспорт қилинган.

2018-2023 йиллар оралиғида хорижга газ сотиш қиймат жиҳатдан қарийб 4,6 баробарга қисқарган.

Алоҳида тўхталиб ўтиш лозимки, шу пайтгача ўзбек газини хорижга сотиш нархи бирор марта очиқланмаган ва бу “тижорий сир” сифатида тавсифланади.

Ўзбекистон гази асосан Россия, Хитой, Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилиб келинарди. 2020 йилда Россияга экспорт тўхтатилди, Хитойга етказиб бериш ҳажми ҳам камая бошлади. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки 7 ойида 323 млн долларлик газ экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,6 фоизга кам. Тақчиллик сабаб газ экспорти қисқариб бораётган бўлса-да, тўхтагани йўқ. Бу расмий Тошкент ва Пекин ўртасида газ олди-сотдиси бўйича узоқ муддатли шартнома борлиги билан изоҳлаб келинади.

Ўтган йилдан бошлаб расмийлар маҳаллий қазиб олиш тақчиллигини Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қоплашни бошлади. Жумладан, 2023 йилнинг август ойида расмий Тошкент ва Ашхобод йилига 2 млрд кубметргача газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли битим имзолади. Октябр ойидан бошлаб эса рус газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш жараёнига старт берилди. Шу тариқа, узоқ йиллар давом этган норационал иқтисодий ва энергетик сиёсат охир-оқибат газга бой мамлакатни бошқа давлатларнинг газига муҳтож қилиб қўйди. Масалан, Ўзбекистон 2023 йилда 695 млн долларлик газ импорт қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 984 млн долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 баробарга кўпайди.

Газ бўйича бошқа келишувлар каби, импорт шартномалари шартлари ҳам очиқлангани йўқ. Россия ОАВга кўра, ўтган йили рус газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга импорти 1,22 млрд куб метрни ташкил этган. Ўзбекистон томони ҳар 1000 куб метр газни тахминан 160 доллардан сотиб олган. Таққослаш учун, Қирғизистон томони доимий равишда харид нархига оид маълумотларни очиқлаб келади. Қўшни республика статистика идораси рус газини қарийб 112 доллардан сотиб олаётганини қайд этган.

Умуман олганда, 2023 йилда Ўзбекистоннинг газ экспорти ва импорти ўртасидаги салбий фарқ 165 млн долларни, 2024 йилнинг 7 ойида эса 661 млн долларни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг газ захиралари қанча?

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1 трлн 866,9 млрд куб метрга баҳоланганди ва жорий қазиб чиқариш ҳажмларида ушбу захиралар камида 34 йилга етиши маълум қилинганди. Ўша йилнинг феврал ойида собиқ энергетика вазири Алишер Султонов “Америка овози”га берган интервюсида “Газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади” дея таъкидлаганди. 2023 йилнинг август ойида эса Ўзбекистонда 296 та нефт-газ кони мавжудлиги, уларда жами 1 трлн 854 млрд куб метр газ захиралари борлиги айтиб ўтилди.

ОПEК ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистондаги газ захираси 1 трлн 522 млрд куб метрга баҳоланган ва дунёдаги умумий газ ҳажмининг 0,74 фоизи билан 22-ўринга жойлаштирилган. Бошқа бир халқаро манбада эса бу кўрсаткич 1 трлн 840,5 млрд куб метр экани кўрсатилиб, Ўзбекистон энг кўп табиий газ захирасига эга давлатлар қаторида 17-ўринда қайд этилган.

Газ қазиб олиш ҳажмини ошириш мумкинми?

Бир неча ўн йилликларга етадиган захирамиз бор экан, хориждан газ сотиб олмай, шуни ишлатсак бўлмайдими, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ўтган йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам табиий газ қазиб олиш ҳажмини йилига 62 млрд кубга етказиш вазифаси қўйилганди. Бу – ишлаб чиқариш ҳажми 7 йил ичида 33 фоизга ошиши кераклигини англатади.

Аммо вазият яхшиланаётгани йўқ. Аксинча, ойдан ойга газ қазиб олиш ҳажми камайишда давом этяпти. Хусусан, жорий йилнинг январ-июл ойларида мазкур кўрсаткич 26,15 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,31 млрд куб ёки 4,8 фоизга камайди. “Ўзбекнефтгаз” вакили давомли қисқаришни конлардаги захираларнинг жадал суръатда камайиб бораётгани билан боғлаганди. Энергетика вазири эса буни мавжуд технологик йўқотишлар билан ҳам изоҳлаганди.

Расмийларга кўра, кўпгина конларда қазиб олиш технологик ва иқтисодий жиҳатдан қийинлашган, ишлаб чиқариш харажатлари қимматлашган, ишлаб чиқаришни ошириш учун сармоя керак. Айни пайтда, газ қазиб олишни кўпайтириш бўйича охирги йилларда қабул қилинган дастурлар, ташқи қарзлар ва бюджетдан йўналтирилган катта миқдордаги маблағларнинг самараси кўринаётгани йўқ.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид