UzAuto Motors йил охиригача контрактация очилмаслиги ҳақидаги хабарларни изоҳлади
Компаниянинг Kun.uz'га маълум қилишича, ишлаб чиқариш қувватлари ошган тақдирда, йил якунигача яна шартномалар берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, октябр охиригача Captiva-5 сотуви бошланиши мумкин. Lacetti ишлаб чиқаришнинг тўхтатилиши эҳтимолига эса аниқлик киритилмади.
UzAuto Motors 2023 йил ва 2024 йилнинг дастлабки ойлари учун ишлаб чиқариш ҳажмидан келиб чиқиб барча шартномаларни сотиб бўлгани ҳақида хабар тарқалди. “Автострада” соҳадаги манбаларига таяниб ёзишича, Cobalt, Lacetti ва Damas учун 2024 йилгача контрактация очилмайди.
Компания матбуот хизмати бу хабарга муносабат билдирди, лекин расмий баёнотда юқоридаги хабар на рад этилган ва на тасдиқланган. Ишлаб чиқарувчи ўз фаолиятига доир ишончли маълумотлар фақат унинг расмий саҳифаларида эълон қилиб борилишини билдирган.
UzAuto Motors матбуот хизматининг Kun.uz'гa қўшимча қилишича, ишлаб чиқариш қувватлари ошган тақдирда, йил якунигача яна шартномалар берилиши кўзда тутилган.
Компания оммабоп моделлари сотувини 8 ойлик танаффусдан кейин шу йил август ойи бошида қайта тиклаган, ўшанда автосалонларда кузатилган ажиотаж фонида 50 мингдан ортиқ автомобил учун шартномалар бир сутка ичида тарқатиб бўлингани айтилганди. Кейинроқ, 18 сентябр куни қўшимча шартнома бериш бошлангани хабар қилинди, бироқ орадан 2 соат ўтар-ўтмас 28 мингта шартнома тугагани, жараён эса тўхтатилгани маълум бўлди.
Captiva-5 сотуви қачон бошланади?
Октябр ойининг охиридан Ўзбекистонда Captiva-5 сотувлари бошланиши мумкин. UzAuto Motors расмий вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, айни пайтда синов жараёни ҳам тугаган. Нархларни сотувлар бошланишидан олдин эълон қилиш режалаштирилган.
Ҳозирда UzAuto дилерлик марказларидан фақатгина Onix ва Tracker-2 каби Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган моделлар, шунингдек, Malibu-2, Equinox, Traverse, Tahoe-2 каби импорт автомобилларига шартнома олиш мумкин.
UzAuto Motors 2021 йилнинг кузида ҳам Captiva-5 модели сотувини бошлаб, шартномалар тузган, лекин маълум вақтдан кейин жараён тўхтатилганди. Бунга сабаб сифатида Captiva-5'нинг Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслиги айтилганди. Ўша пайтда бу автомобил 222 млн сўмдан 310 млн сўмгача нархда сотувга чиқарилиши хабар қилинганди.
“Chevrolet Monza бўйича режалар йўқ”
Аввалроқ, UzAuto Motors компанияси Chevrolet Monza ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкинлиги, ҳозирда ушбу моделдаги автомобилларни SKD усулида йиғиш имконияти кўриб чиқилаётгани хабар қилинганди.
Kun.uz компания матбуот хизматидан олган маълумотига кўра, айни пайтда Monza'нинг хориждан импортини йўлга қўйиш ёки ишлаб чиқариш жараёнини бошлаш режалари мавжуд эмас.
Маълумот учун, Monza – Chevrolet компаниясининг энг арзон автомобилларидан бири. Бу моделнинг янгиланган 3 та версияси 2022 йилнинг сентябр ойида Хитойда 13 200 доллардан 15 200 долларгача бўлган нархларда сотувга чиқарилган. Ҳозирда Моnza автомобиллари Ўзбекистонда турли компаниялар томонидан 19 500 доллардан бошлаб таклиф қилинмоқда.
Lacetti ишлаб чиқариш тўхтатиладими?
Жорий йил охиридан Lacetti автомобилини конвейердан олиб ташлаш режалаштирилгани айтилганди. Бу ҳақда UzAuto Motors'нинг сотувга чиқарилган акцияларида андеррайтер вазифасини бажарган Freedom Broker ҳисоботида келтирилганди. Шунингдек, ўтган йили “Ўзавтосаноат” Савдони ривожлантириш ва маркетинг бошқармаси бошлиғи ўринбосари Беҳзод Холиқов ҳам Kun.uz билан суҳбатда Lacetti'ни ҳам 1-2 йилда ишлаб чиқаришдан олиб ташлаш кутилаётганлиги ҳақида айтганди.
“2023 йилнинг охиридан Lacetti ишлаб чиқаришдан олиниши айтилганди. Бу режа ўзгармадими?” деган саволга “Ўзавтосаноат” ахборот хизмати ҳозирча ойдинлик киритмади.
Маълумот учун, UzAuto Motors охирги бир йилда Nexia-3 ва Spark ишлаб чиқаришни тўхтатган.
Мавзуга оид
18:45 / 27.12.2024
UzAuto Motors директори лавозимидан кетди
07:35 / 14.11.2024
Минор масжиди қаршисида Spark ва Captiva тўқнашди
18:27 / 31.10.2024
Янги Cobalt Midnight 7,3 миллион сўм қимматроқ бўлади
13:29 / 14.10.2024