19:46 / 26.10.2019
1
110252

Қашқадарёда «тўртлик» ва ўндан ортиқ бошқа раҳбарлар ишдан олинди. Асосий маълумотлар

Бугун, 26 октябрь куни Қашқадарё вилоятида жиддий кадрлар ўзгариши амалга оширилди ва ўнлаб раҳбарлар ўзгарди. Ташкилий масала кўрилган вилоят фаоллари йиғилишида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этди.

Дастлаб, Қашқадарё вилояти ҳокими, прокурори, ИИБ ва ДСИ бошлиқлари ишдан олиниши кутилаётгани маълум бўлди. Ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги вилоят фаоллари йиғилишида Қарши шаҳри, Чироқчи ва Миришкор туманларининг амалдаги ҳокимлари масаласи ҳам кўриб чиқилиши мумкин экани хабар қилинганди.

Биринчи лавозим тайинлови прокуратурага алоқадор бўлди. Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари Эркабой Тожиев Қашқадарё вилояти прокурори этиб тайинланди. Унгача Ботир Юсупов 2018 йил 16 январдан бери Қашқадарё вилояти прокурори сифатида ишлаб келаётганди.

Эркабой Тожиев / Фото: Халқаро пресс-клуб

Шундан сўнг, Зойир Мирзаев Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани маълум бўлди. Аввалги ҳоким Зафар Рўзиев 2013 йил 27 сентябрдан буён Қашқадарё вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.

Зойир Мирзаев

Зойир Мирзаев 1968 йил 10 март куни Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. Маълумоти – олий. 1994 йилда Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2008-2010 йилларда - Самарқанд шаҳар ҳокими. 2010 йил 17 декабрдан 2016 йил 15 декабргача Самарқанд вилояти ҳокими. 2016 йилдан 2018 йилгача бош вазир ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, агросаноат мажмуаси раҳбари. 2018 йилдан - бош вазир ўринбосари - агросаноат, озиқ-овқат ва халқ истеъмол моллари мажмуаси раҳбари бўлиб ишлаган. 2018 йил 7 ноябрь куни Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган.

Сўнг Қарши шаҳри, Чироқчи ва Миришкор туманлари ҳокимлари ишдан олинди. Бундан ташқари, Китоб туман ҳокими ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган. 

Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев ҳамда ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов ҳам ишдан кетди

Хуррам Жўраев
Бахтиёр Ражабов

Ўз навбатида, Хуррам Жўраев Чироқчи тумани ҳокими этиб тайинланган. Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов Миришкор тумани ҳокими лавозимини эгаллаган.

Сессияда иштирок этган президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов вазифасидан озод этилган вилоят ҳокими ўринбосарларига президент томонидан сўнгги имконият берилганини айтган.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Давлат солиқ инспекциясига ҳам янги раҳбарлар тайинланди.

Шуҳрат Сотиболдиев Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У бу лавозимда 2016 йил 22 февраль кунидан бери ишлаб келган Дилшод Турсунбоевни алмаштирди.

Шуҳрат Сотиболдиев

Азамат Бозоров эса вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи бўлди. Бунга қадар Равшанжон Насимов Қашқадарё Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келганди.

Азамат Бозоров

Шу кунга қадар Касби туман ҳокими бўлиб ишлаб келган Нормўмин Холбоев Қарши шаҳар ҳокими лавозимини эгаллади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул ходими сифатида ишлаган Тўхтамурод Менглиев Касби тумани ҳокимига айланди.

“Микрокредитбанк” АТБ Қашқадарё вилоят филиали бошлиғи бўлиб ишлаган Алишер Зокиров Китоб тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Миришкор ва Деҳқонобод туманлари Ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ҳам вазифасидан озод этилган.

Ўткир Бўтаев/Фото: chamber.uz

Кун якунида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари сифатида ишлаб келган Ўткир Бўтаев вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллагани маълум бўлди.

Шунингдек, сессияда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, инвестиция ва қурилиш салоҳияти тўлиқ ишга солинмаётгани, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашаётгани танқид қилинган.

Вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Шагазатов ва вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Сирожиддин Азизовлар огоҳлантирилди ва бугундан вилоят ҳокими вазифасида иш бошлаган Зойир Мирзаевга уларни ишда қолиш-қолмаслик масаласини президент администрациясига белгиланган муддатда киритиш вазифаси топширилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top