Ўзбекистон | 17:07 / 07.06.2020
24107
12 дақиқада ўқилади

«Қимматга тушувчи тежамкорлик» – эксперт Сардобада хавфдан огоҳлантирувчи сенсорлар ўрнатилмагани ҳақида

Канадада яшовчи ўзбек муҳандиси Шарофиддин Қарабоев 404 млн доллар эвазига бунёд этилган Сардоба сув омбори тўғонида хавфдан огоҳлантирувчи сенсорлар ўрнатилмагани ҳақида тўхталиб, буни «қимматга тушувчи тежамкорлик» деб атади. У Kun.uz’га берган интервьюсида бундай тизим ўзбекистонлик расмийлар айтганидек қиммат эмаслиги, ахборот технологиялари бозоридан исталган нархдаги огоҳлантириш тизимини топиш мумкинлигини айтиб ўтди.

– Сардобадаги фалокатнинг илк соатларида сув омборидан чиққан сув Арнасойга йўналтирилгани, дамбадан сув чиқиши камайгани маълум қилинганди. Бироқ бу маълумот ҳақиқатдан узоқ бўлиб чиқди. Тўғондан сув кун давомида чиқиб турди, натижада Қозоғистондаги минглаб уйлар ҳам сув остида қолди. Бу даражадаги хатога йўл қўйиш, эҳтимолий хавф даражасини баҳолай олмасликнинг сабаблари нима бўлиши мумкин? Наҳотки, Ўзбекистонда ирригация тизими, гидротехник иншоотлар билан ишлаш шу қадар орқада қолган?

– Сардоба фожиаси ва Тошкент метрополитенида кузатилган ҳолатларнинг ҳаммаси биз кўриб турган натижалар, холос. Аслида, биз натижалар билан эмас, уни юзага чиқарган сабаблар билан ишлашимиз керак. Бу шунчаки оддий авария эмас, Ўзбекистондаги қурилиш соҳасига оид бутун жараённи кўрсатиб берадиган ҳолат деб ўйлайман.

Давлат бу масалага жиддий эътибор қаратиши ва ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиши, амалиётга жорий қилиши лозим.

Биринчи навбатда, бундай объектлар тендер асосида қурилиш учун топширилиши лозим. Масалан, Канадада қиймати 25 минг АҚШ долларидан юқори бўлган ҳар қандай лойиҳа: оддий маҳсулотни сотиб олишдан тортиб, қурилишгача бўлган ҳар қандай иш шаффоф тарзда тендерлар асосида ҳал қилинади.

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов ҳар битта сув омбор қурилаётган жойнинг рельефидан келиб чиқиб, унинг конструкцияси танланиши, рельеф ясси бўлган жойларда, асосан, тупроқ-тош аралаш тўғонлар, икки тоғ орасидаги дараларда эса бетон ёки темир конструкцияли тўғонлар қурилишини айтиб ўтди.

Маълум бўлишича, Сардобадаги асосий тўғон зичланган махсус тупроқдан қурилган, унинг юза қисми қисмига тўлиқ ҳарсангтошлар тўкилган бўлган. Яъни, у тошли ва тупроқли сув омборлар сирасига киради. Мана шундай гидроиншоотни қуришга 404 млн доллар сарфланиши мумкинми? Тендер ўтказилмагандан кейин бу каби саволлар юзага чиқаверади, мутахассис сифатида бу борадаги фикрларингиз ҳар бир ўзбекистонлик учун қизиқ.

– Вазир ўринбосари берган маълумот тўғри. Дунёда турли хил материаллардан қуриладиган сув омборлари мавжуд. Хусусан, тупроқ-тош аралаш қуриладиган тўғонлар текис ва нисбатан ясси ҳудудлар учун мос саналади. Лекин тупроқнинг юза қисми, яъни сувни тўхтатиб қоладиган қисми мустаҳкамланади. Маълум бўлишича, бу ҳарсангтошлар билан қопланган.

Муҳандислик шундай касбки, у ҳеч қачон фақат битта вариант билан ишламайди. Чунки у танлаган ўша битта вариант хато бўлиб чиқиши ва бунинг билан жамиятга зарар етиши, давлатга қимматга тушиши мумкин. Шунинг учун ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда бир неча вариантлар устида ишлаш лозим.

Ўзбекистон ҳудудида қурилишлар сифатини хорижий давлатларники билан тенглаштириб бўлмайди. Буни содир бўлиб турган аварияли ҳолатлар ҳам кўрсатиб турибди. Наҳотки, лойиҳачилар бу вазиятда хавф борлигини ҳисобга олишмаган?

Масалан, ўқув дастурларида тўғоннинг юзаси фақат ҳарсангтошлар билан қоплансин, деб ёзилмаган. Бу жараёнда арматура ёки тайёр бетон плиталардан ё сув босимига чидамли елим материаллардан ҳам фойдаланиш мумкин.

404 миллион доллар кичик пул эмас.

Яна бир жиҳатга тўхталиб ўтишимиз мумкин. Қурилишда «Safety factor», яъни хавфсизлик омили ҳисобга олиниши керак. Яъни сиз қурган иншоот кутилганидан ҳам кўпроқ натижа кўрсатиши, чидаб бериши керак. Масалан, 5 тонна юк кўтаришга мўлжалланган юк машинаси 7-8 балки 10 тонна юк кўтара олишга мўлжалланган бўлиши керак. Лекин уни топширишда «Бу машина фақат 5 тонна юк кўтаради», деб айтилади. Бу билан хавфсизлик таъминланган бўлади.

Менимча, лойиҳачилар «Сардоба» сув омбори учун бетон арматураларни танлаши ҳам мумкин эди. Биламан, бу балки ортиқча харажат бўлиши мумкин. Лекин ҳисоб-китоб қилиб кўрилса, ортиқча ишлатилиши мумкин бўлган бир неча миллион доллар иншоотнинг фойдаланиш муддатини узайтиради, натижада, унинг таннархи пасаяди ва хавфсизлик даражаси ошади. Яъни, агар ҳарсангтош ўрнига бетон-арматуралар ўрнатилганда бугунгидай зарарланиш ҳолатлари кузатилмаган бўларди.

Шарофиддин Қарабоев

Юқорида хавф даражасини аниқлаш ҳақида ҳам айтиб ўтдингиз. Фожиа ҳақида биринчи бўлиб бедана овловчилар хабар беришгани ҳақида маълумотлар бор. Сардобаликлардан бирининг айтишича, сув тўғондан кечаси соат 2ларда сизиб чиқа бошлаган, аҳолини эса соат 6ларда эвакуация қилиш бошланган.

Буларнинг барчаси муаммолар тизимли эканини кўрсатмоқда. Яъни сув омборлари авариядан огоҳлантирувчи сенсорлар билан жиҳозланмаган. Стратегик иншоотлар атрофида яшовчи аҳолини фалокат пайтида вақтида огоҳлантириш, уларнинг нафақат ҳаёти, балки мол-мулкини асраб қолиш чоралари кўрилмаган. Ҳар ҳолда рўй берган ҳолатлар шундай хулосалар чиқаришга ундамоқда. Сиз ушбу фожиа замирида яна қандай муаммоларни кўряпсиз?

– Мен мутахассис сифатида бундай ўпирилиш, тўғон бузилиши бир кунда содир бўладиган воқеа эмас, деб ўйлайман. Тупроқнинг ҳам ўзига хос хоссалари ва хусусиятлари мавжуд.

Тупроқ турларига қараб унинг сувга тўйиниш даражаси ҳам фарқланади. Унинг сувга оптимал тўйиниш даражаси бор. Бунда тупроқ сувга чидамли бўлади ва ўз шаклини ўзгартирмайди. Агар тупроқ таркибидаги намлик ошаверса, у пластик даражага етади. Бунда тупроқ юмшоқ ва пластик ҳолатга келади: ундан хоҳлаган нарса ясаш мумкин бўлиб қолади. Агар тупроқнинг сувга тўйиниш даражаси бундан ҳам юқориласа, максимал ҳолатга етади ва унинг суюлиши кузатилиши мумкин. Бунда тупроқ ўз таркибидаги сувни ушлаб туролмай сув билан оқиб кетади.

Демак, тупроқнинг сувга тўйиниш даражаси оптималдан пластик ва максимал даражага етиб, сўнг суюлиш ҳолатига келиши учун маълум муддат керак бўлади.

Тупроқ бир кунда ивиб, бир кунда тўғон ўпирилишига тайёр бўлиб қолмаган тўғрими? Бунинг учун бир неча кун ўтган. Эҳтимолий фалокатни оддий кўз билан ҳам кўриш мумкинмиди?

– Албатта, тўғон фойдаланишга топширилгандан сўнг уни бошқарувчи ва назорат қилувчи ташкилотлар бўлади. Улар ҳар куни белгиланган вақтларда тўғонга ўрнатилган сенсорлар узатаётган белгиларни ёзиб бориши шарт.

Канадада бу жараёнлар технологиялар орқали бошқарув пульти билан ҳам амалга оширилади. Бироқ назоратчилар бевосита назоратни амалга ошириши ва тупроқнинг тўғондаги ҳолатини «Visual inspection» - кўз билан назорат қилиши шарт. Бундан ташқари, видеокузатув ускуналари бўлиши керак. Агар бу ишлар амалга оширилмаган бўлса, демак, бу жуда катта хато.

Сардобадаги сув омборида маҳаллий огоҳлантириш қурилмалари ва сенсор мосламалари каби техник қурилмалар жорий этилмаган. Аммо буларни амалга ошириш маълум ташкилотларга бириктирилган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Комилжон Арипов Сардобада хавф зонасидаги ҳудудларда фалокатдан хабар қилиш учун товушли воситалар ўрнатиш белгилангани, аммо хабар бериш тизими жуда қиммат туриши сабабли бу ишлар бажарилмай қолиб кетганини айтганди. Бу эса ундан катта харажат, йўқотиш ва оворагарчиликларга сабаб бўлди.

Масаланинг яна бир қизиқ томони, Нидерландияда жойлашган DELTARES мустақил тадқиқот маркази экспертлари Санжай Гири ва Геннадий Дончицнинг айтишича, аҳолини хавфдан огоҳлантириш жуда осон ва у қиммат эмас. Ушбу олимларнинг тадқиқотлари билан танишмисиз? Сизнингча, ўзбекистонлик расмий берган маълумот тўғрими ёки хорижлик тадқиқотчиларнинг хулосаси?

– Мен нидерландиялик мутахассислар фикрини қўллаб-қувватлайман. Ҳозир компьютер ва ахборот технологиялари жуда ривожланган. Бу бозор шундай ривожланганки, ундан қиммат, ўртача ва арзонини танлаш имкони мавжуд. 404 миллион доллар сарфланган лойиҳа учун огоҳлантириш мосламаларини сотиб олиш арзимаган нарса, аслида. Буни «Қимматга тушувчи тежамкорлик» дейишади. Яъни қурилишда 10 сўм тежайман деб, бутун бошли уйдан айрилиб қолиш ҳам мумкин.

Технологиялар бозори маҳсулотларга бой. Унинг сотувчилари тўғон учун керакли 10дан ортиқ муқобил вариантдаги технологияларни кўрсатиши мумкин эди. Қурилиш ишларига катта маблағ сарфлаётган Ўзбекистон ҳукумати бунга қарши бўларди деб ўйламайман. Чунки бу ерда гап масалани тўғри кўтариш ва раҳбариятга тўғри етказиш билан боғлиқ. Агар шундай қилинганда, аминманки, ҳукумат бунга шароит қилиб берган бўларди.

Яъни юзага келадиган хавф кўлами тўғри тушунтирилганда, лойиҳа-сметасида кўзда тутилганидан ошириб бўлса-да, қўшимча маблағ топилган бўларди. Тўғрими?

– Тўғри. Ҳар бир соҳа, ҳар бир иш учун алоҳида тендер ўтказилади. Шундай катта лойиҳа амалга оширилаётган пайтда унинг лойиҳасидан тортиб бошқа ишларгача - ҳаммаси учун битта тендер ўтказиш нотўғри. Масалан, Канадада лойиҳанинг ўзи учун алоҳида тендер ўтказилади ва унга қатнашаётган консальтинг фирмаларининг тарихи, улар бажарган буюртмалар, таклиф қилаётган нарх ўрганилади.

Худди шундай, хавфсизликни таъминловчи жиҳозлар сотиб олиш ва ўрнатиш вазифасини бажарувчи ташкилот танланиши керак бўлганда ҳам уни тендер асосида танлаш лозим эди.

Бизга яқин бўлган Туркия, Россияда ҳам яхши иш олиб бораётган компаниялар жуда кўп. Ўйлайманки, ҳукумат улардан бирини танлаши мумкин эди.

Ўзбекистондаги гидроиншоотлар билан яхши таниш DELTARES мустақил тадқиқот маркази экспертлари тўғон узоқ вақт давомида танаффуслар билан қурилгани - ўпирилиш сабабларидан бири бўлиши мумкин деган тахминни ҳам илгари суришмоқда. Улар бу фикрни мамлакатдаги гидроиншоотлар билан яхши таниш бўлган олимлар сифатида билдиришмоқда.

Уларнинг тадқиқотидан аён бўладики, тўғоннинг ўпирилган қисми охирги босқичларда қурилган. Қурилишдаги танаффуслар сабабли тўғон деворларининг деформацияси бир текисда ва ўзаро ҳамоҳанг тарзда кечмаган, бу эса охир-оқибатда ўпирилишга олиб келган бўлиши мумкин.

Мутахассис сифатида айтинг-чи, бу тахминда асос борми?

– Албатта, асос бор. Ҳар қандай иншоот қурилгандан сўнг тупроқда чўкиш бўлади. Уй қураётган ўзбек ҳам фундамент қуриб бўлгач, қолган ишларни тупроқ чўкиб, жойлашиши учун бир йилгача тўхтатиб туради.

Агар тўғон 7 йил давомида қурилган бўлса, унинг турли ўринларида деформация турли даражада кечишига сабабчи бўлган. Натижада эса бошқа деворлар яхлитлиги бузилган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу тахмин ўрганилиши зарур.

Турли очиқ манбалар орқали фожиа сабабларини ўрганиш билан шуғулланувчи комиссия таркибига Франция, Туркия ва Россиядан етук мутахассислар таклиф қилингани ҳақида маълумотлар берилди. Хориждан мутахассис таклиф қилиш шарт. Чунки улардаги тажриба Ўзбекистондагидан фарқ қилиши мумкин. Лекин бу Ўзбекистондаги мутахассисларнинг ўзи текширув ўтказа олмайди дегани эмас.

Канада университетларида дарс берувчи профессорлар бизга лойиҳаларни таҳлил қилишда ёрдам беришади. Ўзбекистонда ҳам шу тажрибани жорий қилиш, маҳаллий ва хорижий университетларида дарс берувчи профессорларни ҳам бу каби ишларга таклиф қилиш зарур, деб ўйлайман.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзуга оид