15:42 / 12.04.2023
22153

Қашқадарёда 2 ҳоким ёрдамчиси ДХХ томонидан қўлга олинди

Яккабоғ ва Шаҳрисабздаги маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаган шахслар имтиёзли кредит сифатида олинган пулни ўзлаштириш ва пора олишда айбланмоқда.

Яккабоғ туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс ўзи норасмий раҳбарлик қилувчи 2 та МЧЖга банкдан 1,7 млрд сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилишига эришади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ҳоким ёрдамчиси қурилиш материаллари сотиб олиш учун ажратилган пулни бошқалар билан жиноий тил бириктирган ҳолда талон-торож қилгани аниқланган.

“Ҳозирда мазкур ҳоким ёрдамчиси ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади ДХХ Телеграм-каналида тарқатилган хабарда.

Бошқа бир ҳолатда эса Шаҳрисабз туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс шу ерда яшовчи фуқаро фойдаланиб келаётган, аукцион савдоларига чиқиб кетган 5 гектар ер майдонининг 50 сотихини қолдириб бериш эвазига 500 доллар олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28-модда орқали 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Қашқадарёда 162 миллион сўмни талон-торож қилиб, 114 миллионлик солиқларни тўлашдан бўйин товлаган, давлат дастурлари асосида фуқароларга ажратилган кредит маблағларини ўзлаштирган, Юнусободда 35 минг доллар, Тошкент туманида 30 минг доллар, Жиззах Жиззахда 2000 доллар, Чустда 1500 доллар ва 5,6 млн сўм, Жарқурғонда 5,5 млн сўм, Ғузорда 300 доллар пора олган ҳоким ёрдамчилари қўлга тушганди. 

Top