17:31 / 31.07.2018
137557

Ўзбекнинг туйғуси боласига қўшилиб чўкмоқда, ёнмоқда, бўғилиб ўлмоқда...

Жоҳилият даврида араблар қизларини ерга тириклайин кўмишарди, улар қиз кўришни ор деб билишарди. Аммо у даврлар энди ўтди, бунга бир ярим минг йил бўлди. Бугун ҳар бир миллат учун фарзанд қадрли. Кимдир кўп болажонли бўлишни истайди, яна кимдир эса бир-икки нафар бола билан чекланади. Гап бу ҳақида эмас, гап ўзбекнинг болажонлик туйғуси қандай қилиб йўқ бўлиб бораётганлигида, йўқ қилинаётганликда.

Нари-бериси ўтган бир йил ичида шундай воқеаларга гувоҳ бўлдикки, бу илгарилари содир бўлгану биз эшитмаганмиз ёки ҳозир бўляптию ОАВнинг тезкорлиги сабаб бу воқеаларни эшитавериб, қалбларимиз қотиб бормоқда. Она боласини бўғиб ўлдирмоқда, аёллар болаларни тириклайин ёқмоқда, сувга ғарқ қилмоқда ва ҳоказо. Ёқани ушлаш эмас, балки йиртадиган ишлар шундоқ миллатдошларимиз, жонажон халқимиз, ўзбеклар, болажон ўзбек аёллари томонидан қилинмоқда. Фактларга эътибор қаратамиз...

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида айнан шу йилнинг 7-8 март куни “Қишлоқазон” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан янги туғилган ўғил бола чақалоқнинг бўйин соҳасига мато бўлаги боғланган ҳолдаги жасади топилади. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида айнан шу туманда яшовчи, касб-ҳунар коллежи ўқувчиси 28 февраль куни уйида ўғил бола чақалоқни туғиб, ҳеч кимга билдирмай, ўзининг кийими билан чақалоқни бўғиб ўлдириб, сўнг жасадни юқоридаги каналга ташлаб юборганлиги аниқланган.

2018 йилнинг 2 апрели. Айнан мана шу куни Қўқон шаҳрининг Туркистон кўчасида жойлашган бино олдидаги арча дарахтлари тагидан 3 ёшли ўғил боланинг жасади топилди. Ўтказилган тезкор қидирув-суриштирув ҳаракатлари давомида, болани ўлдирган қотил ўзининг онаси экани маълум бўлди. Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани, Маъмуробод қишлоғи, Намуна кўчасида истиқомат қилувчи Саидахон Тиллаволдиева Муроджон қизи ўзининг ўғли бўлган, 2015 йил 4 ноябрда туғилган Фирдавсбек Иброҳимжоновни бўғиб ўлдирган. Жиноятни яшириш мақсадида, боланинг жасадини арча тагига яшириб қўяди.

Тезкор тадбирлар давомида, 3 апрель куни Саида Тилаволдиева Тошкент шаҳрида қўлга олинган. Унга нисбатан 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Яна бир воқеага эътибор беринг: Самарқандда сунъий аборт йўли билан туғилган чақалоқлар савдоси билан шуғулланган Н.С. бошқарувидаги туғуруқхона аниқланган. Шифохона бошқаруви ходимлари тирик туғилган чақалоқларни сохта ҳужжат билан 500 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда фарзандсиз оилаларга пуллашган.

Сотилмай қолган гўдаклар қаровсиз қолдирилиб, нобуд қилинган. Кичкинтойларнинг жонсиз таналари эса тиббий чиқиндиларни ёқишга мўлжалланган муфель печида ёқиб юборилган.

Ёки 2018 йилнинг 25 июнь куни Андижонда аёл ўзини ва 2 нафар фарзандини «Шаҳрихонсой» каналига ташлагани ҳақидаги хабар ҳам барчани ларзага солди. Онанинг жони сақлаб қолинган, аммо фарзандлар нобуд бўлган. Бу каби воқеаларни саноқсиз келтириш мумкин. Хорижлик ҳаётидан эмас, айнан ўзбекнинг ҳаётидан.

Тунов куни бир танишим ёзғириб қолди: “Кунларнинг бундай исиб кетганини ҳаётимда биринчи марта кўришим”. Яна бири: “Одамнинг қалби ҳеч нарсадан очилмайди-я! Ҳеч нарса хурсанд қилмайди кишини”, деди. Ундан олдин биттаси ижтимоий тармоқларнинг бирида ёзди: “Қаердадир қор, қаердадир жазирама. Ҳайрон қоларли ишлар бўляпти”. Бу ҳайрон қоларли ишлар эмас, кутилган ишлар, кутилган жазолар. Бу нотабиий иссиқ ҳавони, ёз фаслида қаердадир қор ёғишини мана биз – инсоният ташкиллаштиряпмиз, сабабчи бўляпмиз. Келинг, масалани глобал миқёсда олиб чиқмай, ўзимизнинг, ўзбекнинг ҳаёт турмуши мисолида кўриб чиқайлик.

Боласини бўғиб ўлдирган она ўз гуноҳини қўйидагича изоҳлади: «Болани ташлагани Тошкентдан қайтиб келдим. Учкўприкка ташлагани келсам, опа йўқ экан. Кейин уни машинада Андижонга юбормоқчи эдим, аммо бола унамади. Кейин буни қайга олиб бораман, ишлашим керак, менга жой йўқ, буни қаерда қолдираман, деб ўйладим ва болани ўлдиришга мажбур бўлдим. Қўлимда бўғиб ўлдирдим, шунга мажбур бўлдим. Уйга қайтай десам, аям киритмасди. Дадам қабул қилиши мумкин эди, аммо аям киритмасди, барибир бола кўчада хор бўлиб ўларди. Ўлдирганимдан кейин, бағримга босиб ўтирдим, кечирим сўрадим...». Драматургияга бой, аммо бир инсон боласининг сўзлари. Ёки боласини белига боғлаб ўзини сойга отган она ёки аборт орқали туғдирилган болаларни печкага ёққан аёл ва бошқаларнинг бу ишларини амалга ошишига нима сабаб бўлди экан, ўйлаб кўрганмисиз?

Пулга, бойликка эга бўлиш ёки муаммо ва қўрқувдан қутилиш дерсиз... Балки шундайдир, аммо бу иккинчи масала. Ана шу бойликка эга бўлишни истаган нафснинг пайдо бўлишига, ҳаром ишлар сабаб муаммога уралашиб қолган қўрқувли ҳаётга ўз Раббисини, нима учун яратилганини ва, аслида, ким эканлигини билмасликдир. Сизга қанчалик эриш туюлмасин, қанчалик кулгига қолмай буларнинг барига илмсизлик, янада аниқроқ айтиладиган бўлса, Аллоҳни ҳақиқий маънода танимаслик сабаб бўляпти. Мен Ислом дини ҳақида гапириб, бошингизни оғритмоқчи эмасман. Аммо оилалардаги муҳит ва тарбиянинг аянчли аҳволга келиб қолаётгани кишини ҳавотирга солади. Гапларимни ўқиётган ва турмуш азоб-уқубатларига ёки эри, қайнота-қайнонасининг гап-сўзларига чидаб яшаётган аёллар, “Сен эркак киши бўлсанг, хотин-қизларнинг дардини қаёқдан ҳам билардинг”, деб маломат қилишар.

Гапларингиз тўғри, аммо мен Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асарини ўқиганман, Иккинчи жаҳон урушига кетган бобомнинг ортидан бўзлаб қолиб, бир буханка қора нонга тунларини ўтказган момомнинг ҳикояларини эшитганман, болаларини боқаман деб, бахтсиз тасодиф туфайли эридан ажралиб қолган, олти нафар болани якка ўзи тарбиялаган қўшнимни биламан. Бозорда иссиқни иссиқ демай, совуққа бардош бериб нон пишириб сотиб, рўзғорини тебратаётганларни кўрганман. Сизу биз ифлос қилган полни шишадек тиниқ қилиб артиб, тозалаб қўяётган муштипарларчи? Аммо болаларни пулга ёқаётган, бўғаётган, ўлдираётган ўзбек аёли ҳақида энди эшитяпман. Эшитаётган, ўқиётган, бу хабарларни ўзига олаётган қалбим йиғламоқда, дод солмоқда ва алал оқибат қаттиқлашмоқда.

Чуқур тин оламиз... Ҳиссиётни четга суриб, бироз мулоҳаза юритамиз. Ўзбекнинг қизи, аёли хориж фоҳишахоналарини тўлдирди, индамадик, ичимизга ютдик. Ўзбекнинг қизи, аёли божхонадан гиёҳванд моддалар олиб ўтишда қўлга тушди, жим бўлдик. Ўзбекнинг қизи, аёли турли жиноятларга қўл урди: ўғирлик қилди, фирибгарлик кўчасига кирди, пора олди, пора берди ва ҳатто террорчи бўлди. Ҳақиқатни билсакда ундан юзимизни бегона қилдик. Энди ўзбекнинг аёли мурғак гўдакларни ёқмоқда, жон азобида туққан боласини бўғмоқда, ўлдирмоқда. Яна индамаймизми?.. Унда Аллоҳдан яхшилик ва барака келмаса, ҳаётимиз нурга тўлмаса, ортиқ маломат қилмайлик. Бошида қилган ишимизда давомли бўлайлик – жим юрайлик...

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу фожиаларга оилалардаги тарбия муҳитининг бузилиб кетгани, Ислом маданиятидан узоқлашиш, ватанга дахлсизликнинг авж олгани сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш учун, ҳали ҳам кеч эмас, ҳар бир оила онгли тарзда ҳаёти муҳитини ўзгартирсин. Оилада илм олиш ва бериш анаъаналарини йўлга қўйсин, Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаси нимаю ҳалол қилгани нима, фарзандларига тушунтирсин. Ватан ҳақида жимжимадор гаплар эмас, балки аждодларимиз ўтмишидан, реал ҳаётдан мисоллар олиб фарзандларига англатсин ва ниҳоят ўзи ҳам шунга муносиб инсон бўлсин. Ана шунда биз, ўзбек халқи, ҳаётимизга яқинлашиб келаётган маънавий инқирозларнинг жуда кўпидан қутилиб қоламиз. 

Бу мавзуда ўз муносабатларингизни билдирасиз деган умиддамиз.

Сарвар Анвар ўғли,
журналист

Top