Фан-техника | 02:21 / 31.10.2018
12881
5 дақиқада ўқилади

Эскириб ёнаётган автобуслар кондиционерлигига алмаштирилмоқда: “Тошшаҳартрансхизмат” келгуси режалари қандай?

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Тошкентга 20 дона SAZ LE 60 русумли автобусларни келтирди. Пойтахт кўчаларида энди кондиционерли автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Республикадаги олий ўқув юртларининг деярли ярми, йирик корхона-ташкилотлар бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашганлигининг ҳисобига аҳолининг аксарият қисми жамоат транспорти хизматидан кенг фойдаланади. Бу ҳар қандай мамлакат мега шаҳарларида кузатилганидек, кунлик қатнов учун қулай, хавфсиз, арзон усулдир.

2017 йилда шаҳарда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан сиқилган табиий газда ишлайдиган катта сиғимли 50 дона MAN русумли, ўрта сиғимли 140 дона ISUZU русумли автобус харид қилиниб, йўналишларга чиқарилди, аҳоли истаклари ва йўловчи оқими ўрганилиб, пойтахтда 6та янги автобус йўналиши очилганди. Аммо бу шаҳар бўйлаб амалга ошириладиган автобус қатнови учун етарли бўлдими? Автобусларда техник муаммолар юзага келишининг олдини ололдими?

Жорий йил 14 май куни Чилонзор туманидаги Заргарлик кўчасида, 10 октябрь куни Учтепа туманидаги Кўкча Дарвоза кўчасида, 12 октябрь куни Мирзо Улуғбек туманидаги Паркент ва Олтинтепа кўчалари чорраҳасида йўловчи автобусларининг ёниб кетиши аҳоли орасида жамоат транспортига нисбатан ишончсизлик уйғотди, ҳамда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳаракатдаги автобусларнинг асосий қисми маънан эскирганлиги, уларнинг ўртача ёши 9–10 йилни ташкил этаётгани ана шундай кўнгилсизликларни келтириб чиқараётган эди.

Автобусларнинг яроқлилик муддати қанча?

Автобуслар билан боғлиқ ёнғинлар келиб чиқишини олдини олиш, бунга сабаб бўлаётган омилларга яна бир карра аниқлик киритиш мақсадида 16 октябрь куни жамият раҳбарияти Германиянинг Mercedes-Benz компанияси мутахассисини Ўзбекистонга таклиф этди. Немис мутахассиси Макс Киршенхофер автобусларнинг техник хусусиятлари ҳақида фикр билдириб, “ёнғин чиқаётган автобуслар тасарруф муддатини ўтаб бўлганини, бошқа давлатлар, хусусан Германия бу каби автобуслардан кўпи билан 8 йил фойдаланилиши”ни қайд этган. Бундан кўриниб турибдики, ёнғин келиб чиқаётган 2008–2009 йилларда ишлаб чиқарилган немис автобуслари ўрнига 2012–2013 йилларда ишлаб чиқарилган автобуслар билан ҳаракат таркибини янгилашни вазиятнинг ўзи талаб этмоқда.

Хўш, “Тошшаҳартрансхизмат” бу борада берган ваъдасининг устидан чиқдими?

“Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати маълумотига кўра, фаолиятни тубдан яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида жамият раҳбарияти томонидан махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Шунга асосан режага кўра, жорий йил охирига қадар келтирилиши режалаштирилган 80 дона SAZ LE 60 автобусининг дастлабки 20 донаси Самарқанддан Тошкентга келтирилди. “Тошшаҳартрансхизмат” расмий вакилининг хабар беришича бугун, 31 октябрь куни улар сафига яна 10 та автобуслар келиб қўшилиши кутилмоқда. Бу жараён мунтазам давом эттирилиши, шу тариқа автосаройларнинг ҳаракат таркиби янгиланиб борилиши маълум қилинмоқда.

Янги автобуслар қандай қулайликларга эга?

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, пойтахт жамоат транспорти тарихида илк бора кондиционерли автобуслардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Бундан ташқари SAZ LE 60 автобуси ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ўриндиқ ва пандус (чиқиб-тушиш йўлаги) билан жиҳозланган. Автобусга автомат ўтказгичли EURO-4 двигатели ўрнатилган. Мазкур транспорт жами 56 йўловчига мўлжалланган бўлиб, 25 та ўриндиққа эга.

Ҳозирча янги автобуслар қайси йўналишларга қўйилиши ва қачондан бошлаб аҳолига хизмат кўрсатишни бошлаши ҳақида аниқ маълумот берилмади.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига замонавий қулайликларни яратиш ва хизмат сифатини оширишга қаратилган. Шунга мувофиқ, Самарқанддаги ҳар икки автомобиль заводи билан тузилган шартномага асосан йил сўнгига қадар яна 60 дона SAZ LE ҳамда 40 дона MAN русумли автобуслар босқичма-босқич келтирилиши кўзда тутилган. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳридаги йўловчи автобус паркини янада янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Тошкент учун 350та MAN автобусига кредит билан буюртма берилган. 2017-2019 йилларда 350та автобусни етказиб бериш бўйича олди-сотди шартномаси тузилди, улардан 110таси 2018 йилга мўлжалланган.

 Сабоҳат Узоқова.

Мавзуга оид