Ўзбекистон | 14:44 / 24.02.2019
43270
6 дақиқада ўқилади

ДТМ сиёсати қандай ўзгармоқда? 

Фото: 123RF

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази жорий ўқув йилида кўп ўзгаришлар билан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонини тақдим этганди. Аслида ўзгаришлар ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилдаёқ гапирганди

«Мен ўзим тестга қаршиман. Тест бўлса ҳам компьютерда топширади. Ўша куни баҳосини олиб кетади. Натижани кутиб юрадими? Бу йил тест имтиҳонлари қаттиқ бўлди. Бундан кейин ижодий имтиҳон олинадиган олий ўқув юртларида тест бўлмайди», — деганди давлат раҳбари.

Кутилганидек, 2018/19 ўқув йили ОТМ кириш имтиҳонларида тест синовларининг жавоби бир кунда эълон қилинди. Тест синовларининг ўзи эса нақ 15 кун давом этди. Бунга қандай эришилди, деган табиий ва асосли савол пайдо бўлади. Қуйидаги омиллар тест синовларини бошқача ташкил этишга таъсир қилган бўлиши мумкин:

* Алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, мусиқий таълим, санъатшунослик, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларида тест синовлари бўлмади;

* Давлат тест маркази ходимларининг сони кескин кўпайтирилди ва тест жавоблари варақчаларини текширадиган қўшимча ускуналар сотиб олинди;

* Хорижий тилни билиш даражасини аниқловчи стандартлаштирилган айрим тест натижалари кириш имтиҳонлари учун ҳақиқий деб тан олинди.

Давлат тест маркази олдига қўйилган асосий вазифа – тест синовларини ўтказиш жараёни имкон қадар шаффоф бўлишига эришиш бўлганди. Аслида ҳам шундай бўлдими? Йўқ. Айрим ҳолатларда кузатувчи сифатида расман эътироф этилган жамоатчилик вакиллари, айниқса журналистлар ҳам тест синовлари ўтказилаётган бинога яқинлаштирилмаган вазиятлар кузатилди. Қолаверса, қаердадир абитуриентларнинг бино ҳудудига киритилиши қатъий вақт билан чегараланса, бошқа жойда бемалол кираверишганини кўрганман. Бу ижтимоий адолатсизликдан кўра, ташкилий масаладаги нўноқликлар, стандарт регламентга барча амал қилмаганини билдиради. 

Шунингдек, Ахборот коммуникация ва технологияларини ривожлантириш вазирлиги ходимлари қанчалик замонавий техника ва ускуналар ёрдамида абитуриентларнинг идентификациясини ўрнатишга ҳаракат қилмасин, айрим ҳолларда бу мувафаққиятсизлик билан тугаган. Гап шундаки, тест синовини ташкил этган ходимлар абитуриентларни хоналарга киритишда сусткашлик қилгани, ҳаракатларни кеч бошлагани туфайли ускуналар ҳар одам юзини таний олмади. 2018/19 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари шундай ўтказилди. 

ДТМ буёғига қандай янгиликлар тайёрлаган? 

Биринчидан, ҳужжатларни қабул қилиш масаласида сарсон бўлишлар олди олинмоқда. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов аввалроқ айтганди, унинг айтганлари эса амалда синовдан ўтди. Яъни Давлат хизматлари маркази томонидан қабул қилинган ҳужжатлар Тошкент давлат юридик университетида ўқиш истагини билдирган абитуриентларни кўп овора қилмади. 

Жорий йилда ОТМ жойлашган ҳудуддан қатъи назар, абитуриент ҳужжатларини ўзи яшаётган жойга яқин жойлашган ДХМ етказиб берса бўлди. Шу заҳоти очиқ қолаётган масалалар юзасидан фикр юритсак. Давлат хизматлари маркази йирик ҳажмдаги ишни амалга оширишга тайёрми? Бир вақтнинг ўзида бошқа давлат хизматларини кўрсатиш бўйича хизмат сифати тушиб кетмайдими?

Яна бир бошқа масала эса абитуриент ҳужжатларини топшириши учун тўлайдиган 10-20 минг сўм, аммо шу пайтгача транспортга фалон пул сарфлаб пойтахтга келиб кетиб юрган одамлар учун яхши имконият-ку? 

Иккинчидан, абитуриент бир вақтнинг ўзида 3та (балки бу сон яна кўпайиб қолар) ОТМга ҳужжат топшириши мумкин. Бундай имкониятдан фойдаланиш учун унинг танлови бир-бирига мос келиши, фанлардан тушадиган саволларнинг кетма-кетлиги ҳам бир хил бўлиши сўралмоқда. Балки бу талаб ҳам кейинчалик бекор қилинар. Энг асосийси эса абитуриент ўзи яшаб турган жойдан узоқлашмай тест синовларида иштирок этиши мумкин. Мана шу амалиёт қандай амалга оширилиши кўпчиликка номаълум. Лекин агар бу коррупцияга йўл очса, ҳозирданоқ бундай таклифдан воз кечган маъқул.

Шунингдек, ДТМ тест синовларини топширган абитуриентга сертификат беришни режалаштирмоқда. Унда, масалан, абитуриентнинг кириш имтиҳонида тўпланган баллари акс этади. Келаси йилларда ҳам бу балл ҳақиқий бўлади, сертификат билан уч йил ўқишга топширса бўлади. 

Учинчидан, халқаро кузатувчилар ва янги мосламалар пайдо бўлиши кутилмоқда. Очиғи бу янгилик эмас, ҳар йили кузатувчилар сони, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жараёнларга жалб этилиши одатий ҳолга айланган. 

Тўртинчидан, абитуриентлар энди кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун пул тўлашади. Бу йил таълим муассасаларини битириши назарда тутилган, биринчи марта ўқишга киришни истаган ёшлар учун бепул, аммо қолганлар тўлайди. Тўпланган пуллар нималарга сарфланиши борасида турли асослар келтирилди. Лекин Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани, унинг ҳисоботи бизга номаълумлиги ҳақида ҳеч ким гапирмаяпти. 

Шунга қарамай, мен кириш имтиҳонлари пулли бўлишини оқлайман, бу ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Негаки, ўз-ўзидан ўқишга киришни истаб қолган ёшлар сунъий юкламани туширади, бекорчи одам эса фойдали иш билан машғул бўлади. Масаланинг бошқа томони борки, ҳар қандай хорижий ОТМда абитуриентнинг ижтимоий аҳволи инобатга олинади ва унга чегирма тақдим этилиши мумкин, яъни ҳали ўқишга ҳам қабул қилинмай туриб, ҳужжат топшириш учун ҳам пул тополмаган ёшга имконият бериш яхши амалиётлардан бири. 

Мен эса яна ўша фикримда қоламан: магарки, жамиятда шаффоф ва самарали тест синовларини ташкил этишни истарканмиз, биз ундан воз кечишимиз керак. Ахир жаҳоннинг етакчи университетлари ҳам талабаларини ўзи қабул қилиб, битирувчиларни жамиятга қўйиб юборади. Бозор муносабатлари таълимда ҳам долзарб ҳисобланади.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид