Хатолар кетидан хато. Фарғона вилояти ҳокими қачон хулоса қилади?

Ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани ҳокими ўринбосари билан боғлиқ муҳокамалар совимай туриб, Фарғонада янги мавзуни «тайёр» қилишди.
«Интернетни портлатган» аудиода гапираётган одам республиканинг етакчи бир вилояти раҳбари эканига бемалол ишониш мумкин. Чунки бу овозда аввал ҳам кўп марта шундай алфоздаги шундай сўзларни эшитганмиз...
Тошлоқликларни ҳақорат қилган ҳам шу ҳоким, Тошкентдан борган амалдорларнинг ичак-чавоқларини бошларига салла қилиб қўйиш билан таҳдид қилган ҳам шу ҳоким, Риштонда минглаб одамларни ҳашарга мажбурлаган ҳам шу ҳоким.
Ҳоким аёлларнинг ташқи қиёфасини ўзгартириш билан машғул бўлиши, кийими ўзига ёқмаган беморни шифохонадан ҳайдаб солиши, вилоятга келган меҳмонларнинг соқолини қиртишлаши, китоб сотувчиларни қамаш билан таҳдид қилиши, ким депутат бўлишини белгилаши - бу қандайдир комедик жанрдаги фильм сценарийси эмас, айни кунда ҳаётимизда рўй бераётган ҳодисалар.
Бу ишлардан кейин бу раҳбар ходим қаерда ўқиган, қаерда тайёрланган, Конституция ва қонунлардан хабардорми, бошқарув нималиги ҳақида тушунчага эгами, ташқарида йигирма биринчи аср, технологиялар замони эканини биладими каби тўхтовсиз саволлар туғилаверади.
Ёки Фарғона ҳокими мутлақ ҳокимиятга эгаман деб ўйлайдими? Албатта унга ҳеч ким мутлақ ваколат бериб қўйгани йўқ. Унда у нега ваколатлари чегарасидан чиқмоқда? Нега Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилмоқда?
Аҳвол бу даражага етиб келишининг сабаби унинг атрофидагилар томонидан «ҳайбаракаллачилик» қилиб келингани, қандай ноҳақликлар бўлсада кўз юмиб келингани, индамай бўйин эгиб келинганида эмасми? Аҳвол бу даражага етиб келганининг сабаби шу вақтга қадар кўрсатган ҳунарлари учун жазоланмай қолгани эмасми?
Сўнгги уч йил давомида янги президент ва янги жамоа ислоҳотлар олиб бориш учун жон куйдираётган маҳалда нега жойлардаги раҳбарлар ўз иш услубини ўзгартира олишмаяпти, замонга ҳамнафас бўла олмаяпти? Президентнинг қайта ва қайта танқидларидан нега хулоса қилинмаяпти?
Ахир яқиндагина «снос» можароларидан кейин учта вилоят ҳокими қаторида Фарғона вилояти ҳокими ҳам кескин танқид қилинган ва йил сўнггига қадар хатоларни тузатиш учун имконият берилгандику? Бундан келиб чиқяптики, ўшанда сўралган узрлар хўжакўрсинга бўлганми?
Шунча шов-шувлардан кейин Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан баёнот бериб, вилоят ҳокимини оқлашга, у аслида бошқа ниятда бўлганини тушунтиришга уринди.
Аввало, одамларга қандай яшашни, нима кийишни ўргатишнинг ўзи ҳам шахсий ҳуқуқларни поймол қилиш-ку! Бу демократик жамият принципларини ҳам поймол қилиш эмасми?
Тўғри, миллийликни сақлашимиз керак, ёшларимизни миллийлик руҳида тарбиялашимиз керак, бу йўналишдаги тарғиботлар бугун пайдо бўлиб қолган эмас, лекин бу ишлар Фарғона вилояти ҳокимининг бундай йўсиндаги, ибтидоий кўринишдаги ташаббусларига қараб қолган ҳам эмас. Агар миллий маданият ва маънавиятимизга хос бўлмаган, ўзга халқлар урф-одатига амал қилиб рўмол ўрайдиган ва кийинадиганлар учраётган бўлса, уларга ўзбекона кийиниш қандай бўлиши кераклигини тўғри йўл билан тавсия (тушунтиришмас) қилиш мумкин эмасмиди, одамларнинг соч-соқолини юлиб, кийимини ечиб, ўз ҳурматини йўқотгунча бу ишни тегишли соҳа вакилларига қолдириш керак эмасмиди?
Умуман, амалдорлар нега қонунларга қарши бориб, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни бузишдан тап тортишмаяпти?
Шундай паллада Бош Қомусимиз - Конституцияга юзланамиз: Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас (19-модда).
Ҳоким тутаётган йўл билан нимага эришиш мумкин - халқнинг норозилиги ва афкор оламга кулги бўлишга...
Балки ҳозир ҳам, айни паллаларда қайсидир ҳудудда одамлар мажбурий меҳнатга жалб этилиши, қайсидир ҳудудда кимнингдир мулки бузилиши, кимдир қайсидир ҳокимдан сўкиш ва ҳақоратлар эшитиши, одамлар норози қилиниши давом этаётгандир?
Чунки бир ишнинг оқибати бўлмас экан, хатолар такрорланаверади. Амалдорлар хато учун жазоланмас экан, улар хатолардан хулоса чиқаришмайди, ўзгаришмайди.
Азиз Қаршиев
Тавсия этамиз
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
“Савиясиз миллат ўзини ўзи йўқ қилади” – Қозоқбой Йўлдошев
Жамият | 15:21 / 01.06.2025
Иш стажи етарли бўлмаса ҳам пенсия тайинланадими?
Ўзбекистон | 10:03 / 31.05.2025
Энг кўп туғилиш қайд этилган ҳудуд маълум қилинди
Ўзбекистон | 11:34 / 30.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
“Asialuxe Travel” Қурбон ҳайити шарафига акция эълон қилди – 50% гача чегирма
Жамият | 17:00 / 02.06.2025
-
Ҳайдовчилар жарима баллари ҳақида онлайн хабардор бўлиши мумкин
Ўзбекистон | 09:57
-
Bloomberg: "Газпром" Туркиядаги газ ҳаби бўйича режаларни кейинга қолдирди
Жаҳон | 09:54
-
Жамшид Қўчқоров – энерготарифлар ошиши, иқтисодий ўсиш ва ташқи қарзлар ҳақида
Иқтисодиёт | 09:02
Мавзуга оид

08:00 / 02.06.2025
Фарғонада банк масъуллари ва ҳоким ёрдамчиларининг қинғир ишлари аниқланди

07:40 / 31.05.2025
Фарғонада сифати кафолатланмаган 8 млрд сўмлик дориларнинг савдога чиқарилиши олди олинди

18:37 / 29.05.2025
Фарғонада танишини қасддан босиб ўлдирган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

17:02 / 15.05.2025