Ўзбекистон | 17:09 / 17.06.2020
49251
7 дақиқада ўқилади

«Давлат қарзи: таҳлил ва эркин фикр алмашинуви». «Мунозара клуби»дан махсус репортаж

13 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий блокининг «Мунозара клуби»да илк учрашув ташкил этилди. Kun.uz журналисти Алишер Рўзиохунов модераторлигида ўтган учрашувда давлат қарзи масаласи муҳокама этилди. 

«Мунозара клуби» мамлакат тараққиётига оид масалалар юзасидан иқтисодий мунозара ўтказиш, ислоҳотлар самарасини кенг жамоатчиликка етказиш ва турли соҳа вакиллари жонли мулоқотини ташкил этиш мақсадида тузилган. Унда иқтисодий блокнинг барча раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва рейтинг агентликлари, илмий соҳа вакиллари ҳамда нуфузли мутахассислар фаол иштирок этишди.

Учрашувда барчани руҳлантирган икки ҳолат яққол сезилиб турди: клуб аъзолари долзарб масала юзасидан эркин фикр алмашиб, конструктив баҳсга кириша олишди. Бу эса президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотнинг кучли сиёсий ирода билан давом этишига далолат қилади. Шунингдек, сўз эркинлиги иқтисодий масалаларни ҳам эркин мулоқотлар асосида таҳлил этиш имконини бергани алоҳида қайд этилди. 

Жамшид Қўчқоров

«Ташқи қарзни қўя турайлик, оддийгина бюджет харажатлари ҳам ёпиқ эди. Бюджет сиёсати ҳақидаги кўплаб диссертациялар ҳам ҳеч қандай бюджет рақамлари, статистикаларсиз ҳимоя қилинганига гувоҳман. Бундан бор-йўғи 3-4 йил аввалги гапларни гапиряпман. 50 ёки 60 йил аввалги гапни эмас», дея таъкидлади бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров. 

Лойиҳа бош ахборот ҳамкори бўлмиш Kun.uz нашри журналисти Алишер Рўзиохуновнинг учрашувда модератор сифатида иштирок этгани, ҳеч ким аввалдан тайёрланган қоғоздаги матнни ўқиб бермагани, қолаверса, турли мазмундаги танқидларни муроса билан тинглаш – сўз эркинлиги расмий доираларда яна бир поғона ошганини кўрсатмоқда. 

Аҳадбек Ҳайдаров молия вазири ўринбосари

Учрашувга қадар клуб аъзолари муҳокама учун жорий даврда долзарб иқтисодий масалалар қаторида давлат қарзини танлагани ҳам бежиз эмасди. Негаки, 5 июнь куни «S&P» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтинги бўйича кутилмасини «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирганди. Айнан «S&P» вакили Максимилан Макгроу ҳам мунозараларда иштирок этиб, агентликнинг мазкур қарорига шарҳ бериб ўтди. 

«Рейтингни BB- даражасида қолдирдик ҳамда прогнозни барқарордан салбийга ўзгартирдик. Амалдаги рейтингда ҳеч қандай ўзгариш йўқ, рейтинг ҳануз бир хил даражада, шунчаки, келгуси 12-24 ой ичида рейтингни туширишимиз эҳтимоли кўпроқ. Шундай қилиб, келгуси йилда биз буни диққат билан кўриб чиқамиз, аммо ҳозирча рейтинг аввалгидек», дейди у.

Макроунинг айтишича, жорий йил охирига бориб, агентлик мамлакатнинг ликвид ташқи активлари ялпи ташқи қарзни қопламаслигини кутмоқда. У ислоҳотлар ва эришилган барча ютуқларни эътироф этиб, салбий прогнозни тўғридан тўғри давлат қарзи ўсиб бориши билан боғлади. 

Яна бир нуфузли халқаро рейтинг агентлиги – «Fitch» эса Ўзбекистоннинг рейтинг позициясини BB- «барқарор» кутилма билан сақлаб қолган. Агентлик вакили Эрик Ариспе «S&P» фарқли рейтинг баҳосини изоҳлади.

«Ислоҳотлар икки сабабга кўра аҳамиятли деб ўйлаймиз: биринчидан, ислоҳотлар COVID-19 инқирозидан кейинги жадал суръатлар билан тикланиш учун Ўзбекистоннинг мустаҳкам асосларини қўллаб-қувватлаш учун муҳимдир. Ушбу инқирозга қарши курашиш қийин бўлишига қарамай, таркибий ислоҳотлар давом этмоқда, масалан, молия секторида ислоҳотлар ҳукумат томонидан давом эттирилмоқда, бу эса ўз навбатида бизни қувонтиряпти», дейди у.

Ариспенинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи катта эмас, аммо бу мутлақ маънода пастлигини ҳам англатмайди. Шунинг учун қарз бу йил ЯИМнинг 35 фоизигача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. 

Тимур Ишметов

«Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида Молия вазири Тимур Ишметов Ўзбекистонда жорий йилда ташқи қарз олиш динамикаси бирмунча фаоллашгани, ички захиралар бўлатуриб, биринчи навбатда ташқи қарзга мурожаат этишдан мақсад ва режалар қандай бўлгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Учрашув иштирокчилари ташқи қарз масаласига деярли ижобий қаради, аммо ундан самарали фойдаланиш масаласида хавотир ва эътирозини билдирган. Масалан, мустақил эксперт Абдулла Абдуқодиров бу ҳақда шундай дейди:

– Ташқи қарз олишдан аввал уни самарали ишлатадиган бирор дастур борми ёки йўқми? Менимча, агар шундай дастур бўлса ва унда у ёки бу йўналишга аниқ пул миқдори белгиланган бўлса, бу пулларни топиш механизми (ташқи қарз ёки эмиссия) иккинчи масала бўларди. 

Мамаризо Нурмуратов

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ички қарзлар бўйича саволларга жавоб бериб, МБ томонидан бевосита давлатга, ҳукуматга қарз бериш инфляцияга олиб келишини билдирди. 

«Марказий банк тўғрисида»ги қонунларимизда, шунингдек, ҳамма ривожланаётган мамлакатларда ҳам, ривожланган, бозор тамойилига асосланган давлатларда ҳам Марказий банкнинг бевосита ҳукуматга, давлат бюджетига бевосита кредит беришлари бу инфляцион омил сифатида баҳоланиб келган. Шу нуқтайи назардан биз ҳам бу нарсани тан оламиз.

Абдулла Абдуқодиров мустақил эксперт

Буни кундалик ҳаётимизда ҳам билиб боряпмиз. Ўтган йили, ундан олдинги йилларда имтиёзли кредитлар берилгани, ундаям Марказий банк ҳисобидан берилмаган бўлса-да, банк-молия соҳасига, кредит сиёсатига маълум даражада таъсирини ўтказди. Шу нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлсак, ички бозоримизда пул массаси кўпайиши ўз-ўзидан албатта инфляцияни олиб келишга жуда катта омил бўлгани муносабати билан биз бу инструментдан фойдаланишни лозим кўрмаганмиз», дея қайд этган МБ раиси. 

Гарчи мунозара бир соат ичида ўтиши режалаштирилган бўлса-да, қарийб уч соат давом этган учрашувда барча томонлар чинакамига мунозарага киришиб кетишди. Клубнинг илк учрашувини Kun.uz'нинг Youtube саҳифасида тўлиқ томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид