Жаҳон | 13:59 / 21.03.2021
28764
24 дақиқада ўқилади

Суриядаги урушнинг ўн йили: ихтилофлар, курашлар ва бурилиш нуқталари

Бундан 10 йил муқаддам Сурия президенти Башар Асадга қарши норозилик намойиши кенг миқёсли фуқаролар урушига айланиб кетганди. Уруш натижасида 380 мингдан ошиқ одам вафот этган, шаҳарлар вайрон бўлган, бошқа давлатлар ҳам бу можарога аралашган.

Фото: Getty Images

«Сенинг ҳам навбатинг келди, доктор»

2011 йил март ойида араб мамлакатларидаги воқеалар таъсири остида ўрта мактаб ўқувчилари томонидан Дера шаҳрида чизилган ушбу графит-ёзув асл касби кўз шифокори бўлгани боис «Доктор» лақабини олган Башар Асаднинг эмас, деярли 50 йилдан буён давом этиб келаётган кучли марказий тизимнинг қулашига олиб келди.

Ўқувчилар ҳибсга олиниб, уларнинг оилаларига куч ва зўравонлик ишлатилиши ортидан 2011 йил 15 март куни жума намозидан сўнг Дамашқ ва Дера шаҳрида намойишлар бўлиб ўтади.

Президент Асад намойишга қаттиқ жавоб қайтаради, оқибатда ўнлаб тинч аҳоли вакиллари вафот этади. Намойишларнинг бутун мамлакат бўйлаб тарқалиши натижасида 10 йилдан бери давом этиб келаётган фуқаролар уруши бошланиб кетади.

Бугун ушбу мамлакатда яшайдиган ҳудуди бомбардимон қилинмаган, яқинини йўқотмаган, ўз оиласидан айро тушмаган бирор сурияликни топиш имконсиз. 2011 йилда 22 миллион аҳолиси бўлган мазкур давлатда 10 йил ичида қарийб 600 минг киши ҳалок бўлди.

6,5 миллиондан ортиқ суриялик мамлакат ичида ўз уйидан кўчишга мажбур бўлган. Уларнинг аксарияти чодирларда ёки антисанитария шароитида яшаб келмоқда. 5,6 миллиондан ортиқ қочқин эса Сурияни тарк этган. Уларнинг 3,6 миллион нафари Туркияда яшамоқда.

Фуқаролар уруши бошланганда аксарияти қамоқда бўлган «Ал-Қоида» аъзолари бугун ИШИД, «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» ёки турли мухолиф гуруҳлар билан ҳудудларни назорат қилувчи ташкилотларнинг таркибида.

Уруш бошланганда уюшган қуролли кучга эга бўлмаган Демократик иттифоқ партияси (PDY – Democratic Union Party. 2003 йилда курдлар томонидан Сурия шимолида ташкил этилган сиёсий партия – таҳр.) – бугунги кунда АҚШ ва Россия томонидан қўллаб-қувватланувчи, Ғарб мамлакатлари пойтахтида ўз ваколатхонасига эга бўлган, мамлакатнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини бошқараётган кучдир.

Мамлакат амалда учга бўлинган. Шимоли-ғарбий минтақада – Идлиб-Африн-Караблус йўналишини назорат қилувчи мухолифлар ҳудудида назорат пунктлари мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари «Ҳайят Таҳрир аш-Шом»нинг қўл остида.

Демократик иттифоқ партияси (PDY)нинг асосини ташкил этган Сурия Демократик кучлари (SDF – Syrian Democratic Forces) назорати остидаги минтақада Дамашқ ҳукумати билан аҳён-аҳён ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Қамишли ва Дамашқ ўртасида самолёт қатновлари йўлга қўйилган.

Ҳукумат назорати остидаги минтақада ҳам Эронга содиқ қуролли кучлар назоратидаги аҳоли пунктлари мавжуд. 

Хўш, ўтган 10 йил ичида қандай муҳим воқеалар содир бўлди? BBC нашри урушнинг бурилиш нуқталарини кўриб чиқди.

2011 йил 30 июл куни – мухолиф кучлар Озод Сурия армиясини тузади, қўзғолон фуқаролар урушига айланиб кетади

Хавфсизлик кучларининг намойишларни куч билан бостириши натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлади ва норозилик ҳаракатлари янада кучайиб кетади.

Армияни тарк этган зобитлар қуролланишга киришган мухолифат сафига қўшилганликларини эълон қилишади. 30 июлда эса асосан армияни тарк этган зобитлардан ташкил топган Озод Сурия армияси (FSA – Free Syrian Army) тузилгани эълон қилинади.

Ушбу воқеадан сўнг Суриядаги воқеаларга нисбатан «фуқаролар уруши» атамаси қўллаш бошланади.

Туркия, Қатар ва Форс кўрфазидаги бошқа мамлакатлар мухолифатга ёрдам кўрсатишади.

2011 йил 9 августда ўша пайтдаги Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли тартибсизликлар бошлангунга қадар Анқара билан жуда яқин алоқада бўлган Асад маъмурияти билан музокара учун Дамашққа борaди.

Саккиз соат давом этган мазкур учрашув Анқара ва Дамашқ ўртасидаги сўнгги юқори даражадаги учрашув эди.

Бу пайтда Туркия Суриядан қочган Асад мухолифлари ва тинч аҳоли вакилларига «очиқ эшик сиёсати»ни амалга ошираётганди.

18 август куни АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Барак Обама Асадни истеъфога чиқишга чақиради. Кўплаб Ғарб давлатлари ҳам Асад маъмуриятига эмбарго қўя бошлашади.

Сентябр ойида яна бир бошқа йирик қўзғолон содир бўлган ва ҳукумат ағдарилган мамлакат – Мисрга борган Ражаб Тоййиб Эрдўған (ўша пайтда у бош вазир лавозимида эди) Дамашқ маъмуриятини «ўз халқига ўқ отган, шаҳарларга танк ва артиллерия билан босқин уюштирган» куч сифатида таърифлайди.

«Сурия халқи ҳозир Асадга ишонмаяпти, биз ҳам ишонмаймиз», дейди у.

Мухолифатнинг сиёсий қаноти ҳам Туркия ва Қатарда тўпланаётган эди.

Асад қўзғолонларнинг бошида мухолифатга кўрсатилаётган ёрдамни тўхтатиш учун Ғарбнинг «қўрқинчли туши» бўлмиш радикал гуруҳлар аъзоларини қамоқхоналардан озод қилиб юборади. Бу жангарилар Ироқдан келган жиҳодчилар билан биргаликда тарқоқ мухолиф сафидан жой олади.

Асад армияси асосан шимолий Суриянинг курдлар яшовчи ҳудудларидан можароларсиз чиқиб кетади. Йиллар давомида айримларига ҳатто шахсий гувоҳнома берилмаган, Курдистон ишчилар партияси билан алоқада бўлган Демократик иттифоқ партияси (PYD)нинг қуролланган аъзолари 2012 йил июлида Халқ мудофааси бўлинмалари (YPG – Сурияда ташкил этилган ва фаолият юритаётган Курдлар Олий қўмитасига алоқадор қуролли ташкилот – таҳр.)ни тузишади.

Асаднинг Туркияга қарши қилган ушбу ҳаракати натижасида YPG Африн, Кобани ва Қамишлида ҳукмрон кучга айланади ва Туркия билан чегарага YPG байроғи осиб қўйилади.

2013 йил 4 феврал – Эроннинг Суриядаги мавжудлиги расман эълон қилинади, уруш суръати Асад фойдасига ўзгаради

Эрон маъмурияти минтақадаги энг муҳим иттифоқчиларидан бири бўлган Асадни йўқотишни истамайди ва Дамашқ армиясига қурол-яроғ ва «Ал-Қудс» бўлинмаси кучлари орқали ҳарбий таълим/қўмондонлик ёрдами кўрсатади.

«Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний Сурия фронтида бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалади.

2013 йил 14 феврал куни Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Сурияда бир қўмондон мухолифат вакиллари томонидан ўлдирилганини эълон қилади.

Бу пайтга келиб мухолифат кучлари кўплаб аҳоли пунктларини эгаллаб олганди.

Эрон урушга қўшилганини тан олганидан бир неча ой ўтгач, 2013 йил 5 июнида Ливан чегарасида жойлашган Кусейр шаҳри Дамашқ армияси назорати остига ўтади.

Асаднинг Қосим Сулаймоний бошчилигидаги «Ҳизбуллоҳ» ва Эрон қуролли кучлари кўмаги билан эришган ушбу ғалабаси фуқаролик уруши оқимини унинг фойдасига йўналтирган бурилиш нуқталаридан биридир.

Бироқ бу даврда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ўз баёнотларида жуда эҳтиёткорлик билан иш тутаётганди. «Минтақадаги одамлар ўз тақдирини ўзи белгилаши мумкин бўлган муҳит яратилиши керак, Сурияда дипломатиядан фойдаланиш керак», деб ёзади Руҳоний сентябр ойида Washington Post газетасида чоп этилган мақоласида.

2013 йил 21 август – Дамашқда зарин газидан фойдаланилиши

Дамашқ маъмуриятининг кимёвий газдан фойдалангани ҳақидаги даъволар АҚШ томонидан 2013 йил 14 июнда «тасдиқланади». 21 август куни Гутада зарин гази билан ҳужум уюштирилaди. Юзлаб одамлар, шу жумладан, тинч аҳоли вакиллари вафот этади.

Ушбу ҳужумлар Обаманинг 2012 йилдаги баёнотини кун тартибига олиб чиқади: «Кимёвий ёки биологик қуроллардан фойдаланиш – бизнинг қизил чизиғимиздир».

Бироқ урушнинг бурилиш нуқтаси – зарин газидан фойдаланилганидан сўнг Вашингтон-Москва йўналишида кечган муносабатлар ва охир-оқибат АҚШнинг Суриядаги фуқаролар урушига ўз муносабатини ўзгартириши эди.

«Қизил чизиқ кесиб ўтилди» деб Сурия воқеаларига аралашиши кутилган Обама ҳарбий рухсат беришни сўраб Конгрессга мурожаат қилади ва «тўп»ни Конгрессга узатади. У дарҳол Асад маъмуриятининг тарафдори бўлган Россия билан Суриядаги кимёвий қуролни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш масаласида келишади.

Анқара ўз муносабатини билдиради. «Буни мутлақ ечим сифатида кўриш Сурия режимига «кимёвий қуролдан ташқари ҳар қандай қуролдан фойдаланинг, қанча одамни ўлдирсангиз ўлдиринг» дегандай таълимот бериш бўлса, у ҳолда, бу тинчликка олиб келмайди», дейди ўша пайтдаги Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли.

Ўша санадан сўнг Обама маъмурияти мухолифатни чекланган тарзда қўллаб-қувватлаб келади. Асадга эса очиқ қаршилик билдирмайди.

Ушбу ҳолат эса Эрон билан ядровий келишувга яқин бўлган Обама маъмурияти Теҳрон билан зиддиятни кучайтириб юбормаслик учун Сурияда бетараф бўлиб турибди, деган изоҳларга сабаб бўлади.

Айни пайтда «Мусулмон биродарлар»нинг мухолифат орасида кучайиши Саудия Арабистони ва Форс кўрфази мамлакатларида безовталикни келтириб чиқаради. Ар-Риёд энди Туркия орқали эмас, Иордания жануби орқали мухолифатни қўллаб-қувватлай бошлайди. Охир-оқибат, мамлакатнинг турли ҳудудларидаги мухолиф гуруҳлар бўлиниб кетади.

2014 йил январ – ИШИД Раққани қўлга олади

2013 йилда Ироқдан келган Ироқ ва Шом ислом давлати раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ва ташкилот аъзолари Раққадаги мухолиф гуруҳларга қарши ҳужум қилади. 2014 йил январ ойида ушбу гуруҳлар шаҳардан чиқариб юборилади ва Раққа халифаликнинг пойтахти, деб эълон қилинади.

Раққадан ҳайдалган «Аҳрор аш-Шом» ва «Ал Нусра» каби ташкилотлар асосан Идлибга йўл олади. Шундай қилиб, Туркия билан чегарада радикал гуруҳлар сони ортади.

ИШИД тобора кучайиб, Human Rights Watch ташкилоти маълумотларига кўра, унинг таркибидаги жангарилар сони 30 мингга етади. 2015 йилда эса ИШИД баъзи араб давлатлари, Туркия ва Европада ўнлаб одамлар вафот этган йирик ҳужумларни уюштириш кучига эга бўлади.

2014 йил сентябр – Кобанининг қамал қилиниши ва АҚШнинг ИШИДга қарши Суриядаги илк ҳаво операцияси

2014 йил июн ойида Ироқнинг энг йирик шаҳри - Мўсулни қўлга киритган ИШИД Туркия чегарасидаги PYD назорати остидаги минтақанинг бир қисмини ўраб олган эди.

Ироқнинг Синжар минтақасида август ойида биринчи марта ИШИДни нишонга олган АҚШ, Сурияда ушбу ташкилотга қарши қаратилган илк ҳаво бомбардимонини 23 сентябр куни амалга оширади.

27 сентябрда эса PYD ҳудудларига кириб келишининг олдини олиш учун Кобанида ИШИДга яна бир бор ҳужум қилади.

«Қуруқлик операцияларида ушбу вазифани бажарадиганлар билан ҳамкорлик ўрнатилмагунча ҳаво ҳужумларидан фойда йўқ. Кобани қулаб тушмоқда», дейди Эрдўған октябр ойининг бошларида Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган мухолифчиларга. АҚШнинг эса бошқа режалари бор эди.

Барак Обама 19 октябр куни Эрдўғанга қўнғироқ қилиб, YPG кучларига тўғридан-тўғри қурол етказиб беришини айтади ва ёрдам бошланади.

Уруш оқими бу гал YPG фойдасига ўзгаради. YPG дастлаб Кобанини қамал қилган ИШИДни ортга чекинтиради, кейин эса Туркия чегараси бўйлаб жадал илгарилайди Кейин жанубга бурилиб, Раққани эгаллайди.

YPG’нинг Сурияда «кантон» номи остида автономияни эълон қилиш орқали кучайиши ва АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг қўллаб-қувватлашига эришиши Туркияда мўртлашиб бораётган ечим жараёнининг олдига сўнгги тошни қўяди.

Кобани воқеалари пайтида танглик касб этган жараён Туркиянинг 24 июл куни аввал Суриядаги ИШИДга, кейин эса шимолий Ироқдаги курдларга зарба бериши билан якунланади.

Ўша кунларда АҚШ ИШИДга қарши операцияларда фойдаланишни истаган, аммо Туркия томонидан «хавфсиз зоналарни яратиши эвазига очилиши айтилган Инжирлик базаси ҳам ушбу шартлар бажарилмай туриб очилади.

BBC турк нашри билан суҳбатлашган юқори мартабали турк расмийси Курдистон ишчилар партияси нишонга олинмасдан олдин Инжирлик базасининг очилиши ва ИШИДга зарба берилишининг сабабини қуйидагича изоҳлайди: «Агар фақат PKKга ҳужум қилганимизда эди, бу қанчалик қонуний бўлмасин, ИШИДга қарши курашга зарар етказиляпти, деган қарашни шакллантириши мумкин эди. Қолаверса, Туркиянинг ИШИДга ёрдам бераётгани ҳақидаги даъволар билан курашиб келаётган эдик. Бундай тасаввур ҳосил бўлишининг олдини олиш учун Инжирлик ҳаво базасини очдик. Илк операцияни ИШИДга қарши ўтказдик. Кейин PKK нишонларини урдик».

Туркия YPG’нинг икки минтақаси орасида кўприк ўрнатилишининг олдини олиш ва ўз чегарасида ИШИД таҳдидига чек қўйиш учун 2016 йил 24 августда «Фурот қалқони» операциясини бошлайди. 2018 йил эса Афринда «Зайтун новдаси» операциясини уюштиради.

Энди Туркия Суриядаги диққат-эътиборини YPG’га қаратади.

«Зайтун новдаси» ва «Фурот қалқони» операциялари Суриянинг ҳаво ҳудудини назорат қилаётган Россиянинг яшил чироқларни ёқиши ортидан ўтказилади.

2015 йил 30 сентябр – Россия урушда бевосита иштирок эта бошлади

АҚШ, Туркия ва Эрон аралашган Сурия урушининг тўртинчи йилида Россия Дамашққа бераётган қўллаб-қувватлов шаклини ўзгартиради ва ҳаво бомбардимони билан уруш майдонига кириб келади.

Россия ҳаво кучларининг аралашуви эса урушнинг Асад фойдасига ҳал бўлишини тезлаштиради.

«Мамлакатдаги жиҳодчилар Россияга таҳдид солаётгани ва ушбу гуруҳларга ғов бўлиш учун урушга кираётганини» айтган Путин 12 октябрь куни BBC’га берган интервьюсида шундай дейди: «Бизга ўзга давлатнинг ерлари керак эмас. Совет иттифоқини қайта тиклаш сингари ниятимиз ҳам йўқ. Аммо мустақиллигимиз ва суверенитетимизни ҳимоя қилишимиз керак».

Россиянинг аралашувидан сўнг, 21 октябрда Асад илк марта Суриядан ташқарида – Москвада кўриниш беради.

Бир ой ўтиб, 24 ноябрь куни Туркия ҳаво ҳудудини бузгани маълум қилинган Россия ҳарбий самолёти турклар томонидан уриб туширилади.

Москва ва Анқара ўртасида бир неча ой давом этган кескинликдан сўнг, Эрдўған россиялик ҳамкасби Владимир Путинга узр хати йўллайди. 9 август куни Санкт-Петербургда учрашган икки давлат раҳбари ўртасидаги зиддият яқин ҳамкорликка йўл очади. Бу пайтда YPG’ни қўллаб-қувватлаш масаласи сабаб Туркия ва АҚШ орасидаги масофа тобора олислашиб бораётган эди.

Орадан бир ой ўтиб-ўтмай, Туркиянинг «Фурот қалқони» операцияси бошланади.

2015 йил охирида Ҳалабда сулҳ эълон қилинади. Мухолифлар Идлибга чекинади. Асад йиллар ўтиб, россиялик журналистга берган интервьюсида урушнинг бурилиш нуқтаси ҳақида берилган саволга «Ҳалабнинг қайтариб олиниши», деб жавоб қайтаради.

Бу орада Туркияда иккита жиддий воқеа содир бўлади. 19 декабр куни Россиянинг Анқарадаги элчиси Андрей Карлов Анқарада уюштирилган суиқасд натижасида вафот этади.

22 декабр куни эса икки турк аскари ИШИД вакиллари томонидан ёқиб юборилгани ва улар шу тахлит ўлим топгани акс этган тасвирлар интернетда тарқалади. Тасвирлар блоклаб қўйилади. Аскарлардан бирининг оиласи неча ой ўтгач, турк матбуотига «Бизга ўғлимизнинг шаҳид бўлгани айтилди», дейди.

Россия АҚШ билан тўқнашувнинг олдини олиш учун YPG минтақаларига яқинлашмайди. Шунингдек, АҚШ ҳам уч йил давомида фақат ИШИД минтақаларини нишонга олади.

Аммо Дональд Трамп президент бўлганидан сўнг, 2017 йилнинг апрел ойида америкалик ҳарбийлар биринчи марта Сурия армияси базасига ракета учиради. 2018 йил апрел ойида эса Асаднинг базаларига яна бир бор зарба берилади.

Қочқинлар муаммоси

Урушлардан қочган кичик гуруҳ илк бор 2011 йил апрел ойида Туркия чегарасига келади, бир неча йил ўтгач эса суриялик қочқинларнинг сони миллиондан ошиб кетади.

Дастлабки босқичда Ливан, Иордания, Туркия ва Ироқ каби қўшни давлатлардан бошпана топган ва чодирларга вақтинча жойлаштирилган сурияликлар кўрадики, уруш яқин орада тугамайди.

Чунки эндиликда фуқаролар уруши Туркия, Форс кўрфази мамлакатлари, Эрон, Россия ва АҚШ каби давлатларнинг манфаатлари тўқнашган урушга айланиб кетганди. Исроил ҳам Сурияда ўз чегараларига яқин жойларда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» ва бошқа қуролли кучларни нишонга олган ракета ҳужумларини бошлайди.

Ўз ватанини бир умрга тарк этган сурияликлар Европадан бошпана сўрайди. Эгей денгизи орқали Грецияга муҳожирлар оқа бошлайди.

2015 йилда кўчиш ва одам савдоси шу даражага етадики, сурияликлар томонидан очилган эшикдан фойдаланишни истаган Ироқ, Афғонистон ва Осиё мамлакатларидан келган кўплаб бошпанасизлар минглаб километрлик саф ҳосил қилади.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, 2015 йилда 821 мингдан ортиқ киши Туркия орқали Грецияга ўтган. Эгей денгизида эса 706 киши ҳалок бўлган. Улар орасида жасади Бодрум қирғоқларига чиқиб қолган уч ёшли болакай Айлан Курди ҳам бор эди.

Ўн минглаб муҳожирларни ўз чегарасида кўрган Европа 2016 йил март ойида Туркия билан қайта қабул қилиш тўғрисидаги битимга эришади. Ушбу битим ортидан Туркия чегарада кескин чоралар кўради, ноқонуний кўчиб ўтишлар сони камаяди. Бироқ 2020 йил февралида Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасида зиддият юзага келгач, Эрдўған Европа эшикларини муҳожирларга очишини эълон қилади: «Бир неча ой олдин нима деган эдик? Агар шундай давом этса, эшикларни очишга мажбур бўламиз. Улар ишонишмади. Биз кеча нима қилдик? Эшикларни очдик. Бундан кейинги даврда ҳам бу эшикларни ёпмаймиз ва бу давом этади».

Чегарани кесиб ўтиш учун Эдирнага борган кўплаб муҳожирлар Греция полициясининг қаттиқ қаршилигига дуч келади ва ортга қайтариб юборилади.

2017 йил 4 май – можаросиз ҳудудлар эълон қилинади ва мухолифлар Идлибга қайтиб кетади

2017 йил Туркия томонидан қўллаб-қувватланган мухолифлар асосан Идлиб ва ​​ Цераблус-Маре минтақасида қолади.

4 май куни Россия, Эрон ва Туркия Қозоғистон пойтахти Астана (Нур-Султон)даги йиғилишда мухолифат қўним топган ҳудудларда «Тўрт можаросиз ҳудуд яратиш» ҳақидаги қарорни қабул қилди.

Биринчиси, Идлиб минтақаси; иккинчиси 150 мингдан ортиқ тинч аҳоли истиқомат қиладиган Растан ва Телбисе; учинчиси, радикал гуруҳларни ҳисобга олганда 700 минг аҳолиси бўлган Шарқий Гута ва тўртинчиси Дера ва Кунейтра эди.

Ушбу минтақалар учун Миср, Иордания ва АҚШ ҳам «орага киргани» учун алоҳида битимлар имзоланади ва 2018 йил июлгача Шарқий Гута, Растан-Телбисе ва Кунейтра-Дера минтақаларидан минглаб жангчилар автобусларга чиқарилиб, оилалари билан Идлибга жўнатилади.

Шундай қилиб, 2011 йилда Асадга қарши курашни бошлаган рақиблар мамлакатнинг шимоли-ғарбига чекинади.

Идлиб аҳолиси уч миллиондан ошади. Сурия армияси ва Россия бу сафар сўнгги «можаросиз ҳудуд» бўлган Идлибга юзланишади.

Сурия ва Россия армиясининг операциялари вақти-вақти билан шу кунгача давом этиб келмоқда. 2018 йил сентябр ойида Россия, Туркия ва Эрон меморандум имзолаш орқали Идлибдаги мухолифлар ва Сурия армияси ўртасида буфер зонани ҳосил қилувчи кузатиш пунктларини ташкил этади.

Меморандумнинг «вақтинча» эканини таъкидлаган Башар Асад эса «Ҳукуматимизнинг асосий мақсади Суриянинг ҳар бир минтақасида назоратни сақлаб қолишдир», дейди ва Идлибдан воз кечмаслигини эълон қилади.

Ниҳоят, 2020 йил 5 мартда Россия билан Туркия янги келишувга эришган ҳудудда Асад армияси илгарилайди, мухолифат эса тор доирада қолиб кетади. Ҳужумларда ўнлаб аскарларини йўқотган Туркия Дамашқ армияси назорати остида қолган минтақадан баъзи кузатув нуқталарини кўчиришга мажбур бўлади.

Идлибнинг катта қисми бугун «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» (Суриядаги фуқаролар урушида қатнашган фаол Салафий ташкилот – таҳр.) назорати остида.

2018 йил декабр – ИШИДнинг қўл остида бирор ҳудуд қолмагани эълон қилинади

АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Трамп 2018 йил декабрда ИШИД назорати остида бирорта ҳудуд қолмаганлигини ва АҚШнинг Суриядан чиқиб кетишини эълон қилади. Бироқ билдирилган эътирозлар натижасида минг нафар аскарнигина чақириб олади.

Фуротнинг нариги томонида эса рус ёлланма аскарлари ва Эрон қуролли кучлари билан биргаликда ИШИДга қарши курашни давом эттиради.

Трамп Обаманинг YPG’га ёрдам беришни бошлаганидан беш йил ўтиб, 2019 йил октябр ойида Эрдўған билан бўлиб ўтган телефон суҳбатидан сўнг Суриядан чиқиб кетишини яна бир бор эълон қилади.

Бу баёнот узоқ вақтдан бери Фурот шарқидаги YPG’га қарши ҳарбий ҳаракатларни режалаштираётган Анқара учун яшил чироқларнинг ёнишидан дарак эди. Эрдўғаннинг «Қарори бериб бўлинган ва аллақачон бошланган тинчлик булоғининг кўзини очиш жараёни эҳтимол бугун, балки эртага дейдиган даражада яқиндир», деган гаплари ортидан Туркия 9 октябр куни YPG’га қарши «Тинчлик булоғи» операциясини бошлайди.

Мазкур операция аввал АҚШ, кейин эса Россия билан кечган келишувлар билан якунланади. YPG’ни чегарадан 30 километр ичкарига чекинтиришга ва ушбу ҳудудда Россия ва Сурия қўшинлари томонидан назорат ўрнатилишига қарор қилинади.

Таъкидлаш жоизки, YPG шу пайтгача том маънода тўлиқ ортга қайтарилгани йўқ. Минтақада яқин мавқега эга бўлган SDF (Syrian Democratic Forces– Сурия Демократик кучлари) ва Дамашқ маъмурияти ўртасида Россия воситачилиги остида ҳамкорлик бўйича музокаралар давом этмоқда.

Баас маъмуриятини тан олмайдиган мамлакатлар Асадга яшил чироқ ёқишни бошлади

Урушнинг аксарият қисмида ҳукмронлик қилган ИШИД муаммоси бартараф этилгач, аввал араб давлатлари, кейин эса Европа давлатлари Асад ва Баас партиясига нисбатан ўз ёндашувини ўзгартира бошлади.

Анқара ва Дамашқ ўртасида ҳам «террористик ташкилотларга қарши» ҳамкорлик қилиш, «агар сурияликлар демократик сайловларда уни танласа» Асад билан ишлаш мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар пайдо бўлди. Икки мамлакат разведка раҳбарлари Хоқон Фидан ва Али Мамлук 2020 йил январ ойида Москвада учрашдилар.

Бу орада Эроннинг таъсир доирасини чекламоқчи бўлган ва мухолифатни қўллаб-қувватлашдан аллақачон воз кечган Уммон, Иордания, БАА ва Баҳрайн каби араб давлатлари ҳам Дамашқдаги дипломатик ваколатхоналарини қайта очишди ва баъзилари ўз элчиларини юборишди.

Ва ниҳоят, АҚШнинг янги президенти, демократ Жо Байден Оқ уйда иш бошлади. Байден 2021 йилнинг февралида Сурияда Асадни қўллаб-қувватлаётган Эрон қуролли кучларига ўзининг илк зарбасини берди.

«Биз армиямизни кучайтиришга икки йил олдин қарор қилгандик. Албатта, буни Россия Мудофаа вазирлиги билан биргаликда амалга оширамиз». Асад ушбу баёнотни уруш бошланганига 10 йил тўлиши арафасида берди ва у гарчи ҳозир Россия ва Эронга қарам бўлса-да, ҳокимиятда қола билди.

Амалда уч қисмга бўлинган Сурия эса 10 йилдан кейин ҳам «юлдузлар жанги»нинг саҳнаси бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди