Жамият | 20:42 / 21.06.2021
148870
6 дақиқада ўқилади

Kun.uz сайти маъмурий иш доирасида жаримага тортилди

Бугун, 21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Kun.uz сайтида эълон қилинган туркум материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилмаганлиги билан боғлиқ маъмурий иш кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан ўтказилган интернет-мониторинг кузатув тадбирлари давомида Kun.uz сайти томонидан диний мазмундаги мақолалар жойлаштириб келингани аниқланган.

Мониторингда аниқланган қуйидаги материаллар ИИВ ходимларининг гумонига сабаб бўлган ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза ўтказиш учун юборилган:

1. 2021 йилнинг 17 апрель куни нашр қилинган «Инсон қаерда яшаётган бўлса, ўша жойнинг вақти бўйича рўза тутади. Рамазонга доир савол-жавоблар» сарлавҳали интервью (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан);

2. 2021 йил 16 апрель куни нашр қилинган «Ўзбекистонда энг катта бўлиши кутилаётган «Исломобод» жоме масжиди қурилишига ҳисса қўшинг» сарлавҳали масжид хайрияси;

3. 2021 йил 12 апрель куни нашр қилинган «Ойлар султони - Моҳи Рамазон муборак!» сарлавҳали хабар (таҳририятнинг Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан мусулмонларга йўллаган табриги);

4. 2021 йил 12 апрель куни нашр қилинган «Рўза кимлар учун фарз, кимларга енгиллик берилган? — Рамазонга доир савол-жавоблар» сарлавҳали интервью (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан);

5. 2020 йилнинг 23 июль куни нашр қилинган «Зулҳижжа ойи аввалги 10 кунида қилинадиган амалларнинг фазилатлари» сарлавҳали мақола;

6. 2020 йилнинг 18 ноябрь куни нашр қилинган «Янги Зеландия полицияси ҳижоб услубидаги формани таништирди» сарлавҳали хабар;

7. 2021 йилнинг 18 апрель куни эълон қилинган «Маҳр - аёлнинг ҳақи. Унинг миқдори қанча ва қандай адо қилинади?» номли кўрсатув.

Экспертиза тақдим қилган хулосада юқоридаги материалларда Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга даъватлар мавжуд эмаслиги, Ислом давлати қуриш ва халифалик бошқарувини жорий этишга қаратилган даъватлар мавжуд эмаслиги, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ёки мутаассиблик ғоялари билан йўғрилмаганлиги, фуқаролар ўртасидаги тотувликни бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар, миллий, ирқий, этник ва диний адоватни тарғиб қилувчи маълумотлар мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

Лекин, экспертнинг фикрига кўра, «Янги Зеландия полицияси ҳижоб услубидаги формани таништирди» сарлавҳали хабарда «Мен муслима аёллар ҳам полицияда кўпроқ ишлаши кераклигини ҳис қиламан. Янги Зеландияда ҳижоб полиция формасининг бир қисми сифатида намойиш қилиниши жуда яхши. Ўйлайманки, буни кўрган муслималар полиция соҳасига кўпроқ қизиқиши мумкин» — дейди Зина Али» дея келтирилган иқтибос ҳижоб формасидаги полициячилар ҳатто мусулмон бўлмаган ўлкаларда ҳам борлигини мақсадли кўрсатиш аҳоли орасида бу мавзулардаги бўлаётган ихтилофли масалаларни зимдан қўзғатишга олиб келиши мумкинлиги сабабли уни тарқатиш тақиқланиши таъкидланган.

Шунингдек, юқорида кўрсатилган барча материаллар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 10-сонли қарори талабларига зид равишда тайёрланганлиги [диншунослик экспертизасидан ўтказилмаган – таҳр.] сабабли Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши қайд этилган.

Юқоридаги эксперт хулосалари асосида бўлиб ўтган маъмурий судда Kun.uz раҳбари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

***

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Kun.uz таҳририяти аввалдан диний мазмундаги материалларни тайёрлашда Дин ишлари бўйича қўмита экспертиза гуруҳи билан самарали ҳамкорлик қилиб келади.

Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар эканлиги нуқтайи назаридан Kun.uz сайтида ижтимоий муаммолар, маиший ва оилавий низолар камайишига ўз ҳиссасини қўшиш каби хайрли мақсадларни кўзлаган ҳолда, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тегишли лавозимларга расман тайинланган имом-домлалар билан одоб-ахлоққа чақирувчи суҳбатлар бериб борилади.

ИИВ томонидан экспертиза хулосаси олиш учун қўмитага юборилган кўрсатувлардан бири – 2021 йилги Рамазон ойида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан жонли эфирда қилинган суҳбат ҳам шулар жумласидан эди.

Албатта, Kun.uz аввало мамлакатда қонунларга барча бирдек риоя этишга масъул эканлигини эътироф этган ҳолда, келгусида диний мавзудаги ҳар қандай материаллар ва хабарлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказибгина бериб борилишини маълум қилади.

Мавзуга оид