22:21 / 04.11.2021
73471

Telegram'ни блоклашга уриниш: Обрўси тўкилган ҳукумат, қовун туширган вазирлик ва ишдан кетган уч амалдор

Вазирлар Маҳкамаси президент билан келишмаган ҳолда ижтимоий тармоқларни блоклаб қўйди. Бундан хабар топган Шавкат Мирзиёев уч нафар юқори лавозимли амалдорни ишдан олди. Kun.uz ҳафта воқеаси хронологиясини тақдим этади.

Кеча, 3 ноябрь куни интернетнинг ўзбек сегментини “портлатган” жуда қизиқ воқеалар бўлиб ўтди. Бир неча соат давомида интернетдан хабар олмаганлар эса нима бўлганини тушунмай ҳам қолди. Келинг, ҳаммасини бир бошдан гапириб берамиз, борича…

Дастлаб 19:00лар атрофида “Ўзкомназорат” Telegram мессенжери ҳамда YouTube, Instagram, Facebook ва Одноклассники тармоқларининг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаб қўйди. Давлат персоналлаштириш маркази бу тармоқлари Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритди.

Чеклов қўйилгач, Telegram'да хабар алмашиш имкони бўлса-да, файллар юбориб бўлмай қолди. Facebook'га эса VPN'сиз кириб бўлмаётганди. Ижтимоий тармоқларда бу янгиликка нисбатан танқидлар ёмғири ёғилди. Бу ҳолат ҳақиқатда жамоатчиликнинг кескин ва ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Кўпчилик буни президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқлик сиёсатига қарши ҳаракат деб баҳолади.

Соат 21:37да президент матбуот котиби Шерзод Асадов Telegram'даги каналида воқеадан Шавкат Мирзиёев хабар топганини ва тез орада барча тармоқларга уланиш тикланишини маълум қилди. Расмий хабар бошидаги энг биринчи сўзларга диққат қилинг: “Ҳукумат кўрсатмасига асосан “Ўзкомназорат” томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат...”

Президент администрациясига алоқадор “Нигоҳ” канали ҳам топшириқни Вазирлар Маҳкамаси берганини ёзиб чиқди. Каналга кўра, ҳукуматнинг ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаш тўғрисидаги қарори “барча ҳуқуқий ва техник меъёрларга риоя қилган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган” ва бу ҳақда Президент администрациясига хабар берилмаган.

Бу орада Telegram, Facebook ва бошқа тармоқларнинг Ўзбекистондаги фаолияти қисман тикланди, YouTube видео ҳостингидаги узилишлар давом этиб турди.

Кўп ўтмай Kun.uz манбаси ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаш бўйича топшириқ ҳукуматдан “Ўзкомназорат”га бир кун олдин, бош вазир Абдулла Арипов томонидан берилганини маълум қилди.

Яна бир неча дақиқалардан кейин президент матбуот котиби Шерзод Асадов президент топшириғига мувофиқ “Ўзкомназорат” раҳбари Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилгани ва ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилишини маълум қилди. Суриштирув якунлари бўйича барча айбдор раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилиши таъкидланди.

Шу воқеалар фонида Давлат персоналлаштириш маркази шу куни реестрга киритилган 5та платформани реестрдан чиқарди.

Бу орада АКТ вазирлиги қовун тушириб қўйди. Вазирлик сайтида ижтимоий тармоқлар фаолияти чекланмагани, балки “Ўзбктелеком” АКдаги техник носозлик туфайли узилишлар бўлаётгани айтилган баёнот чиқди. Шунга ўхшаш мазмундаги ахборот “Ўзбектелеком” сайтига ҳам жойланди.

Қизиқми? Бир тарафдан президент “Ўзкомназорат” ҳукумат кўрсатмасига асосан ижтимоий тармоқларни чеклаганини билдириб, ташкилот раҳбарини ишдан олиб турибди. Бир тарафдан вазирлик ҳеч қандай чеклов бўлмади, деб баёнот беряпти.

Тез орада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ўзининг ёлғон баёнотини ўчириб ташлади, “Ўзбектелеком” сайтига эҳтимол мажбуран жойлаштирилган ахборот ҳам олиб ташланди. Ахборот асрида вазирликнинг баёноти ҳам, Давлат персоналлаштириш маркази реестрига киритилган ижтимоий тармоқлар рўйхати ҳам ўчиб кетмаслиги ҳаммага маълум.

Шу билан кун якунига бориб “Ўзкомназорат” томонидан шу куни чеклов қўйилган Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқлар фаолияти тикланди. Реестрга аввалроқ киритилган Twitter, TikTok, Skype, Вконтакте ва Wechat платформаларига нисбатан чекловлар сақланиб қолди.

Ўзбекистонлик энг кўп фойдаланадиган мессенжер ҳисобланган Telegram вакили ҳам компания томонидан блокировкага қарши кўрилган чоралар натижасида мессенжер бир неча соат ичида прокси-сервер ва ВПНсиз ишлай бошлаганини билдирди.

Хўш, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг фаолияти қандай асосларга кўра чекланмоқда? “Ўзкомназорат” раҳбарининг ишдан олиниши билан барча масала ҳал бўладими?

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар фаолиятининг чекланиши “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга жорий йил январь ойида қўшилган 27-1-модда билан боғлиқ. Бу модда 2021 йил 16 апрелдан қонуний кучга кирган.

Унга кўра, мулкдор ёки операторлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда сақланишини таъминлаши шарт.

Қонунни қабул қилган депутатлар бу ерда барча ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар, онлайн почта хизматлари ва Google, Яндекс каби интернет сервислари ҳақида гап кетаётганини айтади. Бу платформалардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари жойлашган серверларни жисмонан Ўзбекистонга олиб келиш талаб қилиняпти.

Ўзбекистонликларнинг шахсига доир маълумотлари (исм-фамилияси, телефон рақами ва паспорт маълумотлари кабилар) жойлашган серверларни олиб келишдан бош тортган хорижий тармоқларнинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланади.

Бир неча кун олдин кучга кирган яна бир қонун асосида ижтимоий тармоқлар юқоридаги талабларни бузган тақдирда улар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди.

“Ўзкомназорат” раҳбари Ғолибшер Зияев ишдан олинган бўлса-да, қонун амалда ва тармоқлар фаолияти яна чекланиши мумкин.

Жамоатчиликни кескин эътирозига сабаб бўлган қонунни кимлар ими-жимида қабул қилиб юборган? Албатта, халқ вакиллари бўлган депутатлар ва сенаторлар! Лекин ташаббускор ва ижро учун масъуллар ҳисобланган Давлат персоналлаштириш маркази, “Ўзкомназорат”  ва Олий Мажлис палаталари сайтида бирор марта ҳам ушбу қонуннинг иқтисодий, сиёсий оқибатлари, Ўзбекистоннинг халқаро имижига таъсири ҳақида маълумотлар берилмаган. Бу борада халқаро тажриба, Ўзбекистоннинг техник имкониятлари ҳақида ўрганилгани ҳам маълум эмас.

Масалан, биргина Kun.uz сайтида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1-моддаси юзасидан йигирмадан ортиқ таҳлилий мақолалар, интервью ва жамоатчилик вакилларининг фикрлари тўплаб, чоп этилган.

Россиянинг “Роскомнадзор”идан бирга-бир кўчирилган “Ўзкомназорат”, худди ўша ташкилот каби сўз эркинлигига таҳдид солиб, ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклашга киришиб кетди. “Ўзкомназорат” ва бошқа масъуллар, шу кунга қадар Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларни чеклаш учун бюджетдан қанча пул олинаётганини, чекловни ҳар бир дақиқаси халқ учун неча пулга тушаётганини ҳам очиқламаган.

Алоҳида таъкидлаш керак, фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари ҳақида ҳукумат қанчалик “қайғуриши”ни жамоатчилик ўтган йили IMEI-кодлар билан боғлиқ воқеада кўрди.

Дарвоқе, ҳукумат ҳақида. Вазирлар Маҳкамаси бу воқеа бўйича ҳамон бирорта ҳам изоҳ бергани йўқ. Ижтимоий тармоқларни блоклаш ташаббускори кимлиги бўйича жамоатчиликдаги гумонларга тўла аниқлик киритилмай қолмоқда.

Бугун, 4 ноябр куни интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазирнинг IT бўйича маслаҳатчиси Олимжон Умаров ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ҳа айтганча, бугуннинг ўзида “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1-моддасини бекор қилишни сўраб жамоавий мурожаат жойланди.

Ҳозирча шулар. Kun.uz яна бу мавзуга қайтади.

Top