Бемаслаҳат қарорлар, омадли архитектор ва янги “пирамида” — ҳафта дайжести
Барча қарор ва қонунларни мажбурий тарзда халқ билан маслаҳатлашиш талаби бекор қилинди. Шуҳрат Ғаниев яна танқид нишонига айланди. Тошкентда уйлар нархи уч ой ичида 15 фоизга ошди. Амалдорларга тежамкорлик буюрилган бир пайтда, водийда янги аэропорт қуриш режа қилиняпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ҳафтанинг асосий янгиликларидан бири – янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларининг кутилмаганда тасдиқланиши бўлди. Бу бўйича жамоатчилик муҳокамаси бўлмаганини бироз ортга сурган ҳолда, қоидалардаги асосий янгиликларга тўхталсак.
1 майдан кучга кирадиган қоидаларга асосан, нафақат ҳайдовчи, балки олд ўриндиқда ўтирган йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлди. Гарчи кўпчиликка ёқмаган бўлса-да, қачондир бу ўзгариш киритилиши керак эди. Ахир хавфсизлик камарининг фойдали эканини инкор қилиб бўлмайди. Шундай экан, ундан фойдаланиш ҳайдовчи учун мажбурий бўлиб, у билан тенг даражадаги хавф даражасида турадиган олд ўриндиқдаги йўловчилар учун ихтиёрий бўлиши мантиққа зид.
Хавфсизлик камари бўйича бошқа ўзгаришлар ҳам бор. Эндиликда ҳайдовчи орқага ҳаракатланаётганда ҳам камарни тақиши шарт. Йўналишли такси, халқ тилида айтганда “маршрутка” ҳайдовчилари ҳам камардан фойдаланиши мажбурий бўлди. Ҳомиладор аёллар истисно экани ҳақидаги қоида сақланиб қолди. Саломатлиги хавфсизлик камарини тақиш имконини бермайдиган шахслар эса рулга ўтириши ёки олд ўриндиқда кетиши учун ёнида тиббий маълумотнома олиб юриши керак бўлади.
Аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тезлиги 70 км/соатгача деган қоида сақланиб қолди. Шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича Республика комиссияси йирик шаҳарларнинг энг гавжум ҳудудларида тезликни 60 км/соатгача чеклаши мумкинлиги белгиланди. Тегишли белгилар ўрнатилган бўлса, мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда 300 метргача масофада тезликни 30 км/соатдан ошириш тақиқланди. Маҳаллалар ичида эса 20 км/соатдан ошиқ ҳаракатланиш мумкин эмас.
Энди юк машиналари, айрим истиснолардан ташқари, йўлнинг энг четки ўнг қисмидан ҳаракатланиши шарт. Енгил автомобилда юк ташишда, масалан қурилиш материаллари олиб кетаётганда эҳтиёт бўлган маъқул: агар юк машинанинг габаритидан ярим метрдан ортиқ узунликда чиқиб турса, жаримага сабаб бўлади. Юкнинг баландлиги машинанинг томидаги багаждан бошлаб 1 метрдан ошиб кетмаслиги керак.
Ўзгаришлардан яна бири: агар светофор ишламаётган бўлса, ҳайдовчи перпендикуляр тарафдаги светофор ҳам ишламаётганига ишонч ҳосил қилиши зарур. Кучли ёғингарчилик шароитида чироқ ёқиб ҳаракатланиш шарт этиб белгиланди. Қайрилиб олиш жойларидан олдин ва кейин 30 метр масофада, пиёдалар ўтиш жойларидан олдин ва кейин 10 метр масофада тўхташ тақиқланди. Йўлларда тезликни пасайтириш учун сунъий нотекисликларни рухсатсиз ўрнатиш ман этилди. Қоидаларда яна кўплаб бошқа ўзгаришлар ҳам бор.
Шу ҳафта йўл ҳаракати қоидаларидан ташқари ҳайдовчиларга оид яна иккита қарор қабул қилинди. Улардан бирига кўра, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техпаспортни алмаштириш муддати, кутилганидек, яна узайтирилди. 2010 йилгача бўлган даврда берилган ҳужжатлар 2023 йил 31 мартгача алмаштирилиши керак.
Иккинчи қарор эса муҳокамаларни келтириб чиқарди. Унга кўра, эндиликда ЙПХ ходими ҳайдовчини ҳужжат текшириш учун тўхтатганида, аниқланган барча ҳуқуқбузарликлар бўйича чора кўриш ваколатига эга бўлди. Бундан ташқари, ҳайдовчилар ЙПХ ходимининг дислокация кўчирмаси билан ўша жойнинг ўзида танишиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Энди бунинг учун саф бўлимига мурожаат қилишга тўғри келади. Сўралган маълумот эса ёзма равишда берилади. Айтиш мумкинки, бу ўзгариш сабаб жамоатчилик назоратининг инструментларидан яна бири йўқотилди.
***
Адлиядан кутилмаган қадам

Юқорида айтганимиздек, янги қоидаларни қабул қилишдан олдин жамоатчилик муҳокамаси бўлгани йўқ. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати шу ҳақдаги танқидларга жавобан, лойиҳа 2021 йил охирида муҳокамага чиқарилганини маълум қилди. Лекин қандайдир сабабларга кўра ОАВ ва кенг жамоатчилик бундан бехабар қолган. Лойиҳага бор-йўғи 6та изоҳ қолдирилганидан ҳам билиш мумкинки, масъуллар у билан кўпроқ одам танишишини истамаган. Акс ҳолда 15 кунлик муҳокама даврида етарлича ташвиқот қилинган бўларди.
Умуман, Ички ишлар вазирлигининг очиқликка муносабати кўпчиликка аён, лекин шу ҳафта маълум бўлдики, Адлия вазирлиги ҳам жамоатчилик назоратини чеклашга бош қўшган кўринади. Вазирлик ташаббуси билан қабул қилинган қарорга асосан, эндиликда ҳеч қайси ҳужжатни қабул қилишдан олдин жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш мажбурий эмас.
Гап шундаки, 4 йил олдин барча қонун, қарор ва фармонлар қабул қилинишидан аввал regulation.gov.uz порталига жамоатчилик муҳокамаси учун чиқарилиши керак деган талаб ўрнатилган эди. Ана шу талаб бундан бир ой олдин бекор қилинган. Адлия вазирлиги эса бу ҳақда хабар бермай келган. Кўпчилик буни янги йўл ҳаракати қоидалари баҳонасида билиб қолди.
Ҳужжатлардаги “барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, мажбурий тартибда” деган сўзлар “муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида” деган сўзлар билан алмаштирилган. Оддий қилиб айтганда, ўзи шундоқ ҳам яхши бажарилмаётган мажбурий талабдан шунчаки воз кечилган холос.
Фаоллар таъкидлаётганидек, бу ўзгариш очиқлик ва жамоатчилик назоратида бир эмас, икки қадам орқага ташлаш бўлди. Адлия вазирлиги бу ўзгаришни тушунтиришга уринди, лекин вазирлик келтирган аргументларнинг барчасига нисбатан саволлар етарли.
Пайшанба куни Сенатдаги йиғилишда маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳуқуқ устуворлиги, давлатнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги ва аҳоли фикрини инобатга олиш бўйича халқаро индексларда пасайган. Сенат раиси Танзила Норбоева бу рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни ёмонлашганми ёки ўзгаришсиз қолганми, аниқ айтгани йўқ. Лекин коррупция даражаси бўйича рейтингда олти поғонага кўтарилиб, 140-ўринга чиққанимиз, демократия индексида эса беш поғонага кўтарилиб, 150-ўринга чиққанимизни аниқ қилиб айтди. Бу ерда гап 140- ва 150-ўринлар ҳақида кетаётганда, шу ўринларгача етиб келолганимиздан хурсанд бўлиш керакми, очиғи билмадик.
***
Харажатларни қисқартириш топшириғи ва аэропорт қуриш режаси

Украинадаги уруш фонида Ўзбекистонда уй-жой нархлари сезиларли ошди. Марказий банк эълон қилган ҳисоботга кўра, Тошкентда йил бошидан бери уй-жой нархлари 15 фоизга қимматлашган. Ўзбекистон бўйича уйлар нархи уч ой ичида ўртача 10 фоизга кўтарилган.
Урушнинг иқтисодиётга зарарини юмшатиш учун 1 июндан бошлаб тадбиркорларга айрим солиқ енгилликлари бериладиган бўлди. Давлат органларига йил охиригача ортиқча харажат қилиш, яъни машина сотиб олиш, бино таъмирлаш, мебел билан жиҳозлаш кабилар тақиқланди.
Амалдорларга бюджет пулини ортиқча нарсаларга сарфлаш тақиқланиши жуда яхши албатта, лекин миллионлаб долларлик харажатларга сабаб бўладиган бошқа айрим лойиҳалар давом этаверар экан, кўзланган мақсадга эришиш қийин. Масалан, душанба куни Фарғона водийси учун янги халқаро аэропорт қуриш режаси эълон қилинди. Водийдаги учта аэропорт имкониятидан етарлича фойдаланилмаётган бир пайтда, яна миллионлар сарфлаб янги аэропорт қуриш қанчалик керак?
Шу ўринда ўтган йили бюджет тақчиллиги 6 фоизгача чиқиб кетганини ҳам эслаб ўтиш керак. Бу ҳолатга Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг шу ҳафта эълон қилган ҳисоботида ҳам эътибор қаратилган. Ҳисоботда халқаро экспертлар Ўзбекистонга кўплаб тавсиялар берган. Масалан, монополияларни бекор қилиш, бизнес учун тенг шароитлар яратиш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш ва ҳоказо. Халқаро валюта жамғармаси вакилларининг фикрича, кўпдан кўп фармон ва қарорлар ўрнига, бозор тамойилларига асосланган мустаҳкам ва барқарор қонунчилик базасини яратиш керак.
***
Тошкент шаҳри янгиликлари

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг асосий кўчаларидаги ҳамма чуқурларни 10 кун ичида бартараф этишга топшириқ берди. Маълум бўлишича, Тошкентдаги асосий кўчалар рўйхатига 76та кўча киради. Аҳолидан йўллардаги чуқурлар ҳақида “Халқ назорати” платформаси орқали хабар бериш сўралмоқда.
Тошкент метрополитени аҳоли қўлида қолиб кетган жетонларни сотиб оляпти. Бу борада Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги буйруқ чиқарган. Агар сизда ўша қадрдон жетонлар қолган бўлса, уларни метро кассаларида QR-кодли чиптага алмаштиришингиз ёки метрополитеннинг бош офисига бориб, уларни амалдаги йўл ҳақига биноан сотишингиз мумкин.
Шу ҳафта қурилиш вазирининг ўринбосарларидан бири алмашди. Шуҳратхўжа Ҳошимов ўрнига Шукрулло Жаҳонгиров тайинланди. Бу хабарни Тошкент шаҳри янгиликлари орасида айтиб ўтаётганимиз бежиз эмас. Жаҳонгиров тайинловга қадар пойтахт ҳокимлигида ишлаётганди. Бор-йўғи икки ой олдин эса шаҳардаги миллиардлаб сўмлик қурилиш лойиҳаларини тендерсиз қўлга киритаётган Mimar Group компаниясининг бош архитектори эди. Биз аввалроқ мазкур компаниянинг Artel компаниясига алоқадорлиги ҳақида ёзган эдик.
***
Ҳудудларда...

Тошкент хабарларидан ҳудудий янгиликларга ўтсак. Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг ёпиқ мажлиси баёни ва ҳокимият босими билан Наманган вилояти Норин тумани фермерлари мажбуран бошқа кластерга ўтди. Бу ҳақда батафсил Kun.uz суриштирувида танишишингиз мумкин, қисқасини айтганда эса, фермерлар эркин деб ёзилган қонунлар ҳам, президент қарори ҳам Ғаниев ўтказган мажлис баёни олдида иш эшолмай қолди.
Бузилган, сотилган, қўйхонага айлантирилган маданий мерос объектлари деградацияга учрашда давом этяпти. Навбатдаги варварлик Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройида рўй берди. Реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани сабабли саройнинг бир қатор қисмлари тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган. Жиноят бўйича тергов олиб бориляпти.
Ҳудудий хабарларнинг кўпи, истаймизми-йўқми, ҳокимликлар билан боғлиқ. Қисқача санаб ўтадиган бўлсак, ҳафта давомида Наманганнинг Чуст тумани ҳокими ёрдамчиси ер ажратиш учун 1,5 минг доллар олаётган вақтда ушланди. Қарши шаҳар ҳокимлиги ва кадастр ходимлари 105 гектар ерни ноқонуний ажратгани маълум бўлди. Навоийда вилоят депутати қонунга зид равишда Кармана тумани ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаётгани аниқланди.
Ҳафтанинг энг оғир хабари Нукусда шифокорларнинг малакасизлиги сабаб чақалоқ ўлдирилгани бўлди. Феврал ойида рўй берган воқеада, туғруқхона шифокорлари чақалоқни туғилганидан бир кун ўтиб ўлган деб ҳисоблаган ва “морг”га юборган. Патология ходимлари эса чақалоқнинг кўкрагини кесганида у тирик экани маълум бўлган. Ачинарлиси, “морг” ходимлари кесилган чақалоққа биринчи ёрдам кўрсатмай, уни туғруқхонага қайтариб юборган. Натижада чақалоқ айни шу кесма кесма-жароҳат сабабли вафот этган.
Экспертиза хулосасига кўра, лоақал кўкраги кесилганидан кейин ҳам чақалоққа керакли ёрдам кўрсатилганида, у яшаб қолиши мумкин эди.
Аянчли фожиа жуда кўп оғир муаммоларимиздан дарак беради. Қоидабузарлар ҳақида хабар берганлар “терпила”га чиқарилиши ҳам ана шулардан бири. Блогер Шаҳноза Соатова таъбири билан айтганда:
“Тасаввур қилингки, биров пора билан ўқишга кириб, пора билан битириб, врач бўляпти-да, тирик чақалоқни сўйяпти. Уни ҳўв ўша “паравоз” ё “бункер”да тестини ечиб беришаётганини кўрган абитуриентлардан бири чақиб бергани яхши эди”.
***
Бу ҳафта яна нималар бўлди?

Тошкентда молиявий пирамида ташкил қилиб, одамлардан нақ 3 млн доллар (!) ўзлаштиргани айтилаётган шахс қўлга олинди. У “Realnaya Investitsiya” номли компания очиб, одамлардан 15 мингдан 200 минг долларгача пул олган ва уларга ойига камида 10 фоиздан фойда бериб боришини айтган. Бу фойдани янги “мижозлар”нинг пуллари ҳисобидан тўлаб келган.
Фарғонада эса коллеж бош ҳисобчиси уч йил давомида 4,3 млрд сўмни ўзлаштириб, онлайн қиморга тикиб юборгани шов-шувларга сабаб бўлди. Вилоят олимпия захиралари коллежи бухгалтери ҳозирда қамоққа олинган.
12 апрелдан бошлаб Тошкентдан Қозоғистоннинг 5та шаҳри ва Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига автобус қатновлари тикланди. Масалан, Олмаотага кунига тўртта автобус жўнаб кетади, йўлкира нархи – 200 минг сўм. Бундан ташқари, 15 апрелдан бошлаб Тошкентдан Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига ҳам автобус қатнови бошланди. Қарийб 13 соат давом этадиган рейс учун чипта нархи 250 минг сўм.
Бу – ортда қолаётган ҳафтада Ўзбекистонда рўй берган асосий воқеа-ҳодисалар дайжести эди. Тезкор, аниқ ва холис янгиликларни Kun.uz'да кузатишда давом этинг.
Тавсия этамиз
Швейцариядаги қишлоққа кўчиб келган сайёҳларга 24 минг доллардан пул тўланади
Жаҳон | 01:36 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Карлови Вари — Европанинг асосий соғломлаштириш жойи
Жамият | 15:00 / 09.06.2025
-
Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди
Ўзбекистон | 00:28
-
Британияда 400 мингдан ортиқ давлат хизматчиси сунъий интеллектдан фойдаланишга ўқитилади
Фан-техника | 00:07
-
Навоий учун Хитойдан 42 та замонавий автобус олиб келинди
Ўзбекистон | 00:00
Мавзуга оид

10:21 / 08.06.2025
Орзудаги мундиал йўлланмаси ва қонун устуворлигида пасайиш — ҳафта дайжести

22:10 / 01.06.2025
Терговдаги қийноқлар, арзонлашган доллар ва АҚШдаги ўзбек лоббиси — ҳафта дайжести

09:39 / 25.05.2025
АҚШ билан виза музокараси, Россиянинг талаблари ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести

14:09 / 20.05.2025